МАҚОЛА

Динда ғулувга кетишнинг яна бир тури

Биринчиси нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани учун хонақосига ётиб олиб нафл ибодатларни қилишар, оилалари эса бу ёқди йўқчиликдан қийланишар эди. Мана шу динда ғулуга кетиш бўлади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ ثَلَاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَلَمَّا أُخْبِرُوا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوهَا، فَقَالُوا: وَأَيْنَ نَحْنُ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ، فَقَالَ أَحَدُهُمْ: أَمَّا أَنَا فَإِنِّي أُصَلِّي اللَّيْلَ أَبَدًا، وَقَالَ آخَرُ: أَنَا أَصُومُ الدَّهْرَ وَلَا أُفْطِرُ، وَقَالَ آخَرُ: أَنَا أَعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلَا أَتَزَوَّجُ أَبَدًا، فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَيْهِمْ، فَقَالَ: أَنْتُمُ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا، أَمَا وَاللهِ إِنِّي لَأَخْشَاكُمْ ِللهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ، لَكِنِّي أَصُومُ وَأُفْطِرُ، وَأُصَلِّي وَأَرْقُدُ، وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.

Улардан бири:

«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса:

«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).

Иккинчиси. Қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.

Учинчиси. Васвасага тушиб қолган кишилар. Улар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади. Рашид Гангўҳий раҳматуллоҳи алайҳ бир бор таҳорат қилиб турганимдан кейин фалон жойимга сув тегмай қолди шекилли деган хаёл келди. Қалбни ҳотиржам қилиш учун ўша жойни ювдим. Энди кетмоқчи бўлгандим фалон жойга ҳам тегмай қолдимикин деган хаёл келди. У ерни ҳам ювдим. Қарасам яна хаёл келди, шунда бу шайтоннинг васвасаси эканлигини тушундим ва шайтонга қарата “сенингча таҳоратим йўқ бўлса менимча бор. Сен айтгандек таҳоратсиз бўлсам ҳам ўқийвераман” деб унга парво қилмай қўйдим. Агар яна бир бор уни айтганига кирганимда эди умр бўйи васвасадан қутилолмай қолардим – деганлар.

Тўртинчиси. Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишлар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикин деб тагига етишга ҳаракат қилади. Мусулмон маҳалла, мусулмон киши бўлганидан кейин яхши гумонга бориб, таомини еявериш керак. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ким издиҳомга айтса бориб таомини еяверар, таомни қаердан топганини тагига етишга ҳаракат қилмасдилар. Албатта халқ ичида касби судхўр, порахўр, ҳаромдан пул топувчилиги ошкор бўлса издиҳомига бориб панду-насиҳат қилар, ҳақни тушунтириб, таомидан емас эдилар.

Бир кун Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ховузга йўлиқдилар. Амр ибн Ос ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб “Эй ҳовуз эгаси ҳовузинга йиртқичлар ҳам келадими” деб сўрадилар. Гўёки вахший ҳайвонларни сўлаги нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса сув нажосат бўлади дегандиек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу “Эй ҳовуз эгаси бизга буни айтмай қўявер” дедилар. Буни шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ – деганидек.

Албатта халқ оврўпадагидек жонворларни “Бисмиллоҳ”ни айтмасдан сўйишга одатланган бўлса, уларни ҳалол йўл билан сўйилганини таҳқиқ қилиб олиш вожиб. Асли мубоҳ бўлган сабзавот ва меваларни эса Аллоҳ пок қилиб қўйган унга аниқ далил билан кимдир нажосат аралаштирмагани билинмагунича ейишга рухсат.

Бешинчиси. Ижтиҳодли масалаларда чуқур кетмаслик керак. Баъзи бир шундай масалалар борки фарз, вожиб, ҳаром бўлади. Фарзни тарк қилган ва ҳаромга қўл урганларни инкор қилиш керак. Аммо баъзи масалалар борки баъзи фуқаҳолар жоиз деса баъзилар ножоиз дейишган. Бири бир ҳадисни ушлаб суннат деса бошқаси бошқа ҳадисни ушлаб суннат эмас деган. Бир фақиҳни қавлини олган киши бошқа фақиҳни қавлини олган кишини бошига урмаслик керак. Масалан ҳанафийларда денгиз жонворларидан бошқаси ҳалол эмас. Шофеъийларда эса денгиз тўнғизи ҳам ҳалол. Ҳанафий мазҳабини ушлаган киши шофеъий мазҳабида бўлиб денгиз ҳайвонларидан балиқдан бошқа бирортасини еяётган бўлса сен ҳаромхўрсан деб уни бошига урмаслик керак. Албатта ҳанафийман деб даъво қилиб денгиз тошбақасини еяётган кишига мазҳабимизда жоиз эмас деб айтиши керак.

Олтинчиси. Қайтариш ҳам амалларда даражасига кўра бўлиши керак. ҳаром ишни қилаётганни қайтириш даражаси бошқа, макруҳ таҳримийнинг қилаётганнинг даражаси бошқа, макруҳ танзиҳийнинг қилаётганнинг даражаси бошқа, афзални қилаётганнинг даражаси бошқа бўлиши керак. бир одам дўпписиз намоз ўқиши жоиз. аммо одатда дўппи кийиб юриб намозга келганда дўпписиз бўлиши макруҳи танзиҳийдир. Дўпписиз намоз ўқиётган кишига маруҳи таҳримийни ёки ҳаромни қилган кишига берадиган жазони бериш, қаттиқ сўзни айтиш ва унга қўполлик қилиш бу динда ғулувга кетиш ҳисобланади. Биздаги жанжал-тўполонларнинг асл сабаби ҳам амалларни ва унга билдириладиганларни раддияларнинг даражасини билмаслигимиздадир. Қанча-қанча домлаликни даъво қилувчилар ихтилофларни илмий тарзда ҳал қилиш ўрнига амал қилувчиларни амалларини макруҳи таҳримийга чиқариш билан ҳал қилмоқчи бўлдилар. Уларга тобеъ бўлганлар эса у амалларни ҳаром даражасига етказишди. Натижада бир-бирини фосиққа янада диндан бехабарлари кофирга чиқаришгача етиб боришди. Ҳали хануз чап қўлида чойнакни ушлаб чой қуйган киши халқимиз орасида пиёлага туфлаб чой узатгандек қаттиқ олинади. Ҳолбуки таҳорат қилаётган киши ҳам чап қўлида обдаста ушлаб ўнг қўлида оғзига сув олади. Қолаверса чап қўлдан фойдаланиш шариатимизда қайтарилган эмас. Мўмин кишининг такаллуфлар қилишга ҳожати ҳам йўқ. худди шунингдек баъзи бир кишилар дин илмини ўқисаларда динни тўғри фаҳмлай олмаганлар мустаҳаб, суннат амалларини халққа вожиб ва фарз даражасида деб тушунтирадилар. Намоз ўқимайди, зинони қилади, порани олади, етимни ҳаққини ейди, мўминлар қалбига озор беради, тўйда қилинадиган ёки ўлимдан кейин қилинадиган динимизда бўлмаган амалларни “қилмаса бўлмайди” деб фарз даражасига кўтаради. Қилмаганларни маломатлайди, ҳатто шу ишларни деб фарзандларини оқ қилганлар қанча. Эрларини кафангадо қилган аёллар қанча?

Динни тўғри фаҳмлаш дин олимлари илмига амал қилувчи машойихлар суҳбатидан ўрганилади.

Read 762 times

Мақолалар

Top