МАҚОЛА

Мазҳаб

Мазҳабларда ўзига хослик ва фиқҳий қарашларни турли бўлиши Қурони карим оятлари ва Ҳадиси шарифдаги сўзларни турли маноларга далолат қилишидир.

Масалан:
Талоқ қилинган аёл идда ўтириши лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламоларидан сўрасангиз, уч марта ҳайз кўргунча деса, иккинчи мазҳаб уламолари, уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак, дейишади. Масала битта бўлса, нима учун жавоб ҳар хил? Ёки далиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳнинг: «Вал муталлақоту ятараббасна би анфусиҳунна саласата қуруъ» - «Талоқ қилинган аёллар ўзларига уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримасидир. Жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони, ҳам ҳайз ва ҳам ҳайздан поклик маъноларини англатади. Демак, имомларнинг айримлари ўша сўздан бир ҳайз маъносини олиб, идданинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш деса, бошқалари поклик маъносини олиб, идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши деганлар. Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.

Демак, шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли фиқҳ уламоларимиз мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Илм ва уфқ доираси етарли кишилар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий ва қолаверса, мусулмон уммати учун раҳмат деб тушунилган. Чунки, оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосида жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳакозо.

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи уфқ доираси тор, мутаассиблар бу ҳолатдан жанжал ва келишмовчиликлар чиқаришган ва мусулмонларга катта зарар етказишган.

Абдураҳмонов Муҳаммаджон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Read 733 times

Мақолалар

Top