muslim.uz
Жаннат аҳлининг сифатлари
“Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиганлар, ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади. Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни ёдлаб, истиғфор айтадилар. – Гуноҳларни фақат Аллоҳ мағфират этади! – Улар била туриб, қилмишларида давом этмайдилар. Ана ўшаларнинг мукофотлари – Парвардигор мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларидир, унда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли Имрон, 134–136).
Ушбу оятларда жаннат аҳлининг бир қатор сифатлари баён этилган.
“Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиганлар, ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир”. Яъни, мўминлар зарар етса ҳам, хурсандчилик келса ҳам, қийинчилик ва кенгликда ҳам яширин ва ошкора хайр-садақа қиладилар. Ҳеч нарса уларни Аллоҳ таоло буюрган ўринларда молларини сарфлашдан, қариндошлари ва ва барча жонзотларга яхшилик қилишдан тўса олмайди.
Ундай инсонлар жаҳллари чиқса ўзларини босишади, яъни аччиқ устида бирор иш қилиб қўйишмайди, ёмонлик қилган кишини кечиришади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам ўғли, ғазабланган пайтингда Мени эсласанг, Мен ҳам ғазабланганимда сени эслайман ва ҳалок қилганларим орасида сени ҳам йўқ қилиб юбормайман” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар: “Қайси бирингиз ворисининг молини ўз молидан кўра яхши кўради?” Саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ, ҳаммамиз ворисимизнинг молидан кўра ўз молимизни яхши кўрамиз”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Билиб қўйинг, сизларнинг ҳаммангиз ворисининг молини ўз молидан кўра яхши кўради. Фақат ўзингиздан олдин юборганингиз (Аллоҳнинг йўлида сарфлаганингиз) сизнинг молингиздир, қолдирганингиз вориснинг моли”. Сўнг яна сўрадилар: “Сизнингча кучли, паҳлавон ким?” Биз: “Одамлар енголмаган киши”, дедик. “Йўқ. – дедилар у зот, – Ғазабланганида ўзини боса олган киши ҳақиқий паҳлавондир” (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадисда бундай дейилади: Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ғазабини юзага чиқаришга қодир бўлса-ю, лекин уни ичига ютса, Аллоҳ таоло унинг қалбини хотиржамлик ва имон билан тўлдиради” (Суютий “Дуррул мансур”).
Кечиримлилик ҳам улуғ сифатлардан ҳисобланади, кечиримли инсонлар ҳақида Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Қиёмат-қоим бўлганида нидо қилувчи бундай нидо қилади: “Инсонларни кечирувчи кишилар қани?! Раббингиз ҳузурига келинг ва ажрингизни олинг. Ҳар бир мусулмон, агар инсонларни кечира олса, жаннатга киришга лойиқ бўлади”» (Ҳоким ривояти).
“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”. Улар бу ишлари билан эҳсон даражасига кўтариладилар. Муҳсин бандаларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Шу маънода бир ҳадис бор. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Уч нарса бор, улар билан қасам ичаман: садақа билан мол камаймайди; банда кечирса, Аллоҳ унинг обрўсини кўтаради; ким Аллоҳ таоло розилиги учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг шаънини улуғ қилади”.
“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни ёдлаб, истиғфор айтадилар”.
Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: (“Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини) ва истиғфор (яъни, “астағфируллоҳ”)ни кўп айтинг. Чунки шайтон айтади: “Мен инсонларни гуноҳлари билан ҳалок қилмоқчи бўлдим, улар мени “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва истиғфор билан ҳалок қилдилар, шундан сўнг уларни ҳавойи нафслари билан ҳалок қилдим, улар ўзларини тўғри йўлдамиз деб ўйлайдилар” (Имом Термизий). Демак, инсон ўз нафсининг барча хоҳишларини қондиравериши билан шайтоннинг тузоғига тушиб қолиши, лекин буни ўзи ҳам сезмаслиги мумкин. Шу сабабли бу ҳолатдан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Аллоҳга қасам, мен Аллоҳга бир кунда етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтаман ва тавба қиламан” (Абу Яъло ривояти). Бунда бизлар учун катта ибрат бор. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) биздек гуноҳкор бандаларга ибрат тарзида истиғфор ва тавбани кўп айтишларини таъкидладилар. Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилинади: “Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан олдин “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳ нуқсонлардан покдир, Унга ҳамд айтаман), “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи” (Аллоҳдан мағфират қилишини сўрайман ва унга тавба қиламан) калималарини жуда кўп такрорлаган эканлар.
“Гуноҳларни фақат Аллоҳ мағфират этади...” Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бир одам гуноҳ қилиб сўнгра “Парвардигорим, мен гуноҳ қилиб қўйдим, Ўзинг кечир”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилди, лекин уни кечирувчи ва гуноҳлари боис жазоловчи Парвардигори борлигини билди. Шунинг учун унинг гуноҳидан ўтдим”, дея марҳамат қилади...” (Имом Аҳмад).
“...улар била туриб, қилмишларида давом этмайдилар. Оятда, шунингдек, гуноҳ иш қилганидан сўнг унга қайтмаслик ҳам таъкидланмоқда. Чунки бир ишнинг гуноҳ эканини била туриб, яна қилиш унинг гуноҳини катталаштириб юборади. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Раҳм қилинглар, шунда сизга ҳам раҳм қилинади, кечиримли бўлинг, сиз ҳам кечириласиз, қўпол сўзли кишига вайл бўлсин, билиб туриб, гуноҳ қилаверадиганларга вайл бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).
“Ана ўшаларнинг мукофотлари – Парвардигор мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларидир, унда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” Буни билган ҳар бир мўмин ана шу улуғ мартаба ва мукофотга интилади. Бунинг учун эса, мақталган сифатларни ўзида мужассам этишга ҳаракат қилади. Ахир тўрт-беш кунлик умрини илоҳий ризоликка эришган ҳолда ўтказиб, абадий роҳат-фароғатга эришишни ҳар қайси ақлли одам хоҳлаши табиий, шундай эмасми?
Абу Мансур Мотуридийнинг
“Таъвилот аҳл ас-сунна”,
Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азийм”,
Олусийнинг “Руҳул маъаани
фи тафсирил Қуръанил азийм
вас сабъул масаний” тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.
Тавбаларимиз қабул бўлсин
Инсоннинг хатолар гирдобидан чиқиш, нажотга эришиш йўли тавбадир. Аллоҳ таоло Таввобдир, яъни бандасидан ҳар қанча хато ўтса ҳам, пушаймон бўлиб, дилдан илтижолар этиб, чин тавба қилса, кечиради.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг жони ғарғарага келгунига қадар унинг тавбаси қабул бўлади”, деб марҳамат килганлар» (Имом Термизий).
Фурсатни бой бериб, жони узилишга келган пайтда, минг пушаймон чекса ҳам, банда тавба қилишга кечиккан бўлади.
Исломдан узоқлашиш ва ҳаё каби соф қадриятларни унутиш натижасида инсон нафсининг қулига айланади. Масалан, айримларга ўхшаб, юриш-туриш, кўриниш, сўзлаш, ҳатто фикрлашда ўзини, миллий қадриятимиз қолиб, ғарбнинг “оммавий маданият”га етакловчи ғояларини намуна сифатида қабул қилиш катта хатодир.
Тавба қилувчи бутунлай ўнгланиб, яхши амалларга киришмас экан, унинг тавбаси дуруст бўлмабди. Аксинча, биз Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) гўзал хулқларига эргашмоғимиз керак. Шундагина адашмаймиз, тавбаларимиз, яхши амалларимиз қабул бўлади, раҳматга эришамиз. Аллоҳ таоло: “Ким (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон, 70) дея марҳамат қилган.
Юлдуз КОМИЛ қизи
тайёрлади.
Оч болани олдин тўйдиринг
Дуо олган болакай
Хурмо дарахти кўп хусусиятларга эга. Агар унга тош отсангиз, энг мазали мевасини ташлайди.
Рофе ибн Амр Ғифорий Исломнинг илк даврида ёш бола эди. У кўпчилик қатори қашшоқлик, муҳтожлик ва қийинчиликлар кўрди. Рофе очликдан қутулиш учун хурмо дарахтларига тош отиб, тўкилган мевалардан еб юрарди. Одамлар насиҳат қилар, лекин у бу гап-сўзларга эътибор бермасди. Бир куни уни тутиб, Расулуллоҳнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига олиб келишди.
Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Нега хурмога тош отасан?” деб сўрадилар ундан. Рофе: “Ейиш учун”, деб жавоб берди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Хурмога тош отма, чунки хурмо ҳам, дарахт ҳам эгасининг ҳақидир. Аммо жуда ҳам пишиб, ерга тушса ва уни ҳеч ким олмаса, оёқлар остида босилиб кетиши, қушлар еб битириши ё қуёш уриши хавфи бўлса, тўкилган хурмоларни ейишинг мумкин. Зеро, бу ўзганинг мулкига тажовуз қилиш бўлмайди”, дедилар. Сўнг меҳр ва шафқат билан унинг бошини силадилар ва: “Эй Раббим, унинг қорнини тўйдиргин ва тўйганини сездиргин ва таомларнинг ҳалолларидан ато этгин”, деб ҳаққига дуо қилдилар.
Умринг зиёда бўлсин
Умму Холид бинти Холид ибн Саъд ибн Ос бундай ҳикоя қилади: “Отам билан Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бордик. Эгнимдаги сариқ кўйлакни кўрган Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ованраҳу, санраҳу”, дедилар. (Ҳабаш тилида: “Вой бунинг чиройлилигини, вой бунинг гўзаллигини”, деган маъно англатади. Умму Холид ҳабаш бўлгани учун Пайғамбаримиз шу тилда гапирдилар). Мен у зотга яқин бориб, икки елкалари орасидаги нубувват муҳрларига қўлимни текказиб, унга разм сола бошладим. Отам мени уришиб берди. Шунда Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Қизчани ўз ҳолига қўй”, дедилар ва: “Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кийиб эскиртиргин, сўнгра эса яна бошқасини”, деб, умримнинг узун бўлишини сўраб, дуо қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Олдин тўйдир, сўнг насиҳат қил
Аббод ибн Шурайҳбил бундай ҳикоя қилади: “Мадинага келаётиб йўлимда учраган биринчи боққа кирдим. У ерга буғдой ва арпа экилган экан. Озроқ бошоқ териб, донини ажратиб едим. Сўнг кийимимга ҳам бир қанча бошоқни териб олдим. Шу пайт боғнинг эгаси кўриб қолди, югуриб келиб мени ура кетди. Бошоқлар билан бирга кийимимни ҳам тортиб олиб, ўзимни Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига етаклаб келди.
Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) боғ эгасига буғдой бошоқларини, менга эса кийимимни қайтариб бердилар. Кейин боғбонга оч болани жазолашдан олдин қорнини тўйғизиб, сўнг насиҳат қилиш кераклигини айтдилар. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) мен ва Мадинага бирга келган амакиларимга ярим ҳуржун буғдой бердилар. Мен хурсанд бўлиб кетдим.
Ўринбосар Абдуллоҳ
Абдуллоҳ ибн Жаъфар Таййор бундай дейди: “Отам вафотидан уч кун ўтгач, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва: “Бу кундан сўнг биродарим учун бошқа йиғламанглар, унинг болаларини чақиринглар”, дедилар. Кейин бизларни уйларига олиб кетдилар. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) сартарошни чақиртирдилар. У келиб, сочларимизни олди. Сўнгра Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) кулиб: “Муҳаммад амакимиз Абу Толибга ўхшайди. Абдуллоҳнинг хулқи ҳам, кўриниши ҳам менга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра қўлимдан тутиб, маҳкам ушладилар-да: “Ё Аллоҳ, Абдуллоҳни Жаъфарнинг оиласига ўринбосар қилгин ва унинг қўлига барака бергин”, деб уч маротаба такрорладилар.
Юлдуз АСҚАР қизи
тайёрлади.
Қудратли фил
Туш пайти катта дарахт соясида ётган улкан фил жазирама иссиқ тафти пасайишини кутар, гоҳ-гоҳ ўз устига хартуми билан қум сепиб, майда ҳашаротларни ҳайдарди. Устига қум сочиб бўлганидан сўнг, атрофга назар солди. Кейин хартумини кўтариб, ҳавони ҳидлаб кўрди ва: “Анави тепаликнинг ортидан сув ҳиди келяпти”, деди. Жойидан туриб, ўша томон жўнамоқчи бўлганида, дарахт тепасидан ингичкагина товуш эшитилди:
– Ҳой, фил амаки, бир дақиқага мумкинми?
Фил дарахт шохида ўтирган кичкинагина олмахонни кўрди. Унинг думи худди фил терисига ўхшаш қизил-қўнғир тусда бўлиб, кўзлари чиройли ва каттагина эди.
– Мени сен чақирдингми? Нима демоқчисан?
– Фил амаки, мен ҳозиргина ҳавони ҳидлаганингизни кўрдим. Онам айтишича, сиз филлар жуда узоқдаги сув ҳидини сезаркансиз.
– Албатта! Катта қулоқларимиз олисдаги сувнинг жилдирашини ҳам эшитади.
– Жуда зўр-ку...
– Ҳа, бу ажойиб хусусият! Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. У бизга бундай хислат ато этмаганида, жуда қийналиб қолардик.
– Аллоҳ меҳрибонларни ва заифларга ёрдам берувчиларни яхши кўради, шундай эмасми? – деди олмахон.
– Албатта!
– Ундай бўлса, фил амаки, сиз мени ҳам сувга олиб боришингиз керак. Шунда Аллоҳ сизни яна ҳам кўпроқ яхши кўради...
Олмахоннинг гапи филга жуда ёқиб тушди.
– Сен кичкинагинасан, кел, елкамга ўтирақол! Баҳонада дўстлашиб ҳам оламиз, – деди улкан фил.
Олмахон дарахт шохидан бир сакраб, филнинг елкасига чиқиб олди.
Шундай қилиб, улкан фил ва митти олмахон сув излаб йўлга тушишди. Улар олдинда ястаниб ётган тепаликни айланиб ўтишлари керак эди.
– Менинг исмим Жимжима! Сизники-чи?! – сўради олмахон.
– Мени Қудратли фил дейишади.
– Сиз ўша машҳур Қудратли филмисиз? – деди кўзларини катта-катта очиб олмахон.
– Ҳа, мен ўшаман, олдин ҳам мен ҳақимда эшитганга ўхшайсан, – жилмайди фил.
– Бир дугонам гапириб берган. Лекин ўзингиздан эшитсам, бошим осмонга етарди-да...
Қудратли фил супрадай қулоқлари билан елпиниб олди-да, хўрсиниб, ҳикоясини бошлади:
– Бир неча йил олдин мен армия сафида эдим. Куч-қувватга тўлган пайтим эди. Жуда кўп жангларда қатнашдим, ҳайбатим, қудратим аскарларга куч бағишлар эди. Бир гал Абраҳа қўшинлари сафида жанг қилишим керак бўлиб қолди.
– Абраҳа қандай одам эди? – сўради олмахон.
– Жуда ёмон одам эди, – ғазабланди фил. Кейин маълум бўлишича, кўп одамлар Каъбани зиёрат қилиш мақсадида Маккага келаркан. Абраҳа уларни чалғитиш мақсадида олтин ва кумушлар билан безатилган дабдабали қаср барпо этди, лекин мақсадига эришолмади. Аксинча, Каъбага келувчилар яна ҳам кўпаяверди. Абраҳанинг Каъба душмани эканини билган бир киши, кечаси Абраҳа қурдирган қасрни ифлослади. Бундан Абраҳа дарғазаб бўлиб: “Арабларнинг Каъбасини вайрон қиламан”, деди. Вақт соати келганида Абраҳа қўшинлари сафида Маккага йўл олдик.
Ўша вақтда Пайғамбарнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) буваси ҳурматли Абдумутталиб Қурайш қабиласининг бошлиғи эди.
У вақтда Муҳаммад Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳали дунёга келмаган эдилар. Абраҳа Абдумутталиб олдига одам юбориб, қабиҳ ниятини билдирди. Шунда Абдумутталиб: “Бу маскан Аллоҳ таоло ҳимоясидадир, Каъбани Унинг ўзи қўриқлайди”, деди.
– Маккаликлар нима қилди?
– Биз Маккага яқин келганимизда аҳоли шаҳарни ташлаб, тоғлар орасига яширинган эди. Эрталаб қўшинларимиз ҳаракатга туша бошлаганида карвонбошимиз Нуфайл қулоғимга бундай деди: “Биз сен билан муқаддас шаҳар остонасида турибмиз. Тиз чўк ва келган тарафингга қайтиб кетавер. Бу шаҳарни Аллоҳ таолонинг ўзи асрайди”. Мендан ёмонлик мақсадида фойдаланмоқчи эканларини билиб олдим. Дарҳол тиз чўкдим.
– Аскарлар сизни турғизишга ҳаракат қилишмадими?
– Уриниб қўришди. Режаларида асосий ўринда мен турар эдим. Маккага қараб ҳайдасалар, тиз чўкиб олиб, роса жаҳлларини чиқардим. Худди шу вақтда кутилмаган ҳодиса юз берди. Осмонда бирдан сон-саноқсиз қушлар пайдо бўлди. Улар тумшуқ ва оёқларида келтирган тошларини Абраҳа аскарлари устига ёмғирдай ёғдиришди. Аскарларнинг тош теккан жойлари кўкариб, ярага айланар ва кўп ўтмай ўлиб қолишарди.
– Абраҳага нима бўлди?
– Унга ҳам бир тош тегиб яраланди, ҳалок бўлди.
– Сиз қандай қутулдингиз?
– Мен Каъба томон юрмадим, шу боисданми, Аллоҳ мени паноҳида сақлади, биронта тош тегмай, омон қолдим.
– Кейин нима бўлди?
– Кейин қаттиқ жала қуйди. Абраҳанинг қолган аскарларини кучли сел оқизиб кетди. Қуръони карим “Фил” сураси шу воқеа ҳақида:
«(Эй Муҳаммад!) Раббингиз “фил эгалари”ни не қилганини кўрмадингизми? (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими? Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди. (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди» (Фил, 1-5).
Олмахон бу ҳикояни диққат билан эшитди. Аллоҳ ёмонликни жазолаб, яхшиликни ҳимоя қилишини тушуниб олди.
– Раҳмат, фил амаки, бу ҳикоянгизни ҳеч қачон унутмайман.
Улар шу тариқа суҳбатлашиб, сув бор жойга ҳам етиб келишган эди. Қониб-қониб сув ичишганидан сўнг, Аллоҳга ҳамдлар айтишди. Бу ҳамроҳлик туфайли улар дўст-қадрдон бўлиб қолишди.
Нодир ЧУГАНОВ
тайёрлади.