muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Қуръони каримдан дуолар

«Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан» (Оли Имрон, 8).

*****

«Эй Раббимиз, албатта, Сен одамларни бешак (келадиган) Кунга (қиёматга) йиғувчидирсан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмагай» (Оли Имрон, 9).

*****

«Эй Раббимиз, нозил қилган нарсангга имон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни гувоҳлик берувчилар билан бирга (қўшиб) ёзгин!» (Оли Имрон, 53).

*****

«Эй, Раббимиз! Яна бизларга (барча ўтган) пайғамбарларингга (уларнинг воситаси ила умматларига) ваъда қилган нарсаларингни (савоб ва ёрдамингни) ато эт ва бизларни қиёмат кунида шармисор қилмагин! Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмагайсан» (Оли Имрон, 194).

ЎМИ Матбуот хизмати

 

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Болага вақтни қадрлашни ўргатинг!

Аллоҳ таоло инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан яратди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд, 8 ).

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Буюк олим Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: «Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди».

Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ)  айтади: «Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол».

Баъзи донишмандлар: «Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир», деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесад , яъни умринг беҳуда кечади»- деб таъкидлашган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳаётлари, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари, башоратлари орқали вақт-фурсат бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳадиси шариф маъно ва мазмунига кўра, ҳар биримиз бойлик ва саломатликни ёшлик, ўспиринлик дамларини, кексалик келишидан олдин ғанимат билишимиз жуда муҳимлиги уқтирилади.

Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: «Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: «Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман», деб жар солади».

Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради». Ғайратли, шижоатли бўлишлик, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради» (Табароний ривояти).

 

Атаев Муслим

Тарих фанлари номзоди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Имом Табаронийдан келган ривоятда Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Ким Қуръон ўрганган бўлса ва ўзидан бошқа кишига унга берилган Қуръондан ҳам афзалроқ нарса берилган, деб билса, кичик нарсани улуғ санаган ва улуғ нарсани кичик санаган бўлади».

Дарҳақиқат, Аллоҳ кимнингки қалбига каломини жо қилган бўлса, барча нарсаларнинг афзали берилибди.  «Ўзбекистон қуръон мусобақаси – 2018» танловининг дастлабки босқичида Қўштепа тумани ҳудудидан қатнашиб, ўзининг гўзал тиловати билан мухлислар қалбидан жой олган ҳамда сўнгги натижаларга кўра Ҳифз йўналиши (26-40 ёш)да фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган Абдулҳаким Жўраев (Ёзёвон тумани) ҳам ана шундай чексиз неъмат соҳибларидан бири.

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Нафл намози: Таҳийятул масжид

“Нафл намози” деб киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намозга айтилади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий суратда адо этилса, савоб бўлади. 

Нафл намозлари икки хил бўлади: 

  1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар “суннати равотиблар” дейилади.
  2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат сўраш ва бошқа намозлар киради. 

Таҳиятул масжид намози 

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози “таҳийятул масжид” дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, деганлар” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган). Бу икки ракатли намоз “таҳийятул масжид” (масжид саломи) намози дейилади.

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида таҳийятул масжидни қай вақтда бўлса ҳам: намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба қилаётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Бордию масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.

Бу намознинг ҳукмидан Масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.

Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийятул масжид намозини ўқий олмаса, “Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”ни айтса кифоя қилади.

“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 14 آذار/مارس 2018 00:00

Нафл намози: шуруқ ва зуҳо намозлари

Шуруқ (ишроқ) намози 

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, деганлар”.

Абу Довуд, Термизий ривоят қилган. Термизийнинг лафзида:

“Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, дейилган.

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз “Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. “Шуруқ” дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир. 

Зуҳо (чошгоҳ) намози 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар”.

Имом Термизий ривоят қилган.

Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тақрибан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу “даҳватул кубро”, яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.

“Мўминнинг меърожи” китобидан 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top