muslimuz

muslimuz

الأربعاء, 13 آذار/مارس 2024 00:00

Аллоҳ сизларга енгилликни истайди

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «“Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб, тутмаганингиздан) яхшироқдир” ояти нозил бўлганида, ким хоҳласа рўза тутарди, хоҳламаса, рўза тутмасдан фидя берарди. “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” ояти ҳукмни бекор (насх) қилди» (Имом Бухорий ривояти).

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…»

Рамазон қамарий йилнинг тўққизинчи ойидир. Рамазон сўзининг маъноси ҳақида турли фикрлар билдирилган. Жумладан, Халилдан бундай нақл қилинади: «Рамазон “рамзо” сўзидан олинган бўлиб, куздан олдин ёғадиган ёмғир маъносини англатади. Ёмғир ер юзининг ғуборини ювганидек, Рамазон рўзаси бандалар гуноҳларини ювиб, қалбларини поклайди».

Рўза биздан олдинги умматларга ҳам фарз бўлган ибодатдир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини рўзасини фарз қилиш ва у ойда Қуръони каримни нозил қилиш билан шарафлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен қиёмни (таровеҳ намозини) суннат қилдим. Рамазон рўзасини тутиб, қоим бўлган (таровеҳ намозини адо қилган) одам онадан туғилган кундаги каби гуноҳдан фориғ бўлади”, дедилар.

«…ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон…», яъни Қуръони карим одамларни тўғри йўлга бошлайди. У ҳаққа бошловчи ва ҳақни ботилдан ажратувчи очиқ-ойдин далил ва ҳужжатдир.

Уламолар Қуръони каримнинг “Фурқон” (ажрим этувчи) деб номланиши ҳақида турли фикрлар билдирганлар. Айрим олимлар: «У бир неча йиллар мобайнида бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлгани учун “Фурқон” деб номланган», дейишган. Бошқа муфассирлар: «Инсониятга жаннат ва дўзах, савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, ҳақ ва ботил ўртасидаги фарқни ажратиб бергани учун “Фурқон” деб номланди», деганлар.

«…Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…» Ким Рамазон ойи кирганда ўз яшаш жойида саломат бўлса, унга рўза тутиш фарздир.

«…Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир». Беморлар ва мусофирларга рўза тутиш машаққат, қийин бўлса ё сафарда бўлса, саломат бўлганларида ва сафардан ўз яшаш жойига қайтганларида қазосини тутиб беришлари шарти билан касал ё сафарда бўлган кунлари рўзасини тутмаслиги мумкин.

Ким рўза тутса саломатлигига зарар етса ё касаллиги зиёда бўлса, ёки соғайиши кечикса, Рамазон ойида рўза тутмай, тузалганидан сўнг рўза тутиб бериши жоиз.

Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳима: “Бемор ва мусофирни қуввати етса рўза тутиши, кучи етмаса тутмаслиги афзал”, деб таъкидлаганлар.

«…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди…» Фуқаҳолар оятнинг бу қисмидан “Машаққат енгилликни жалб қилади” деган усул қоидасини оладилар. Аллоҳ таоло инсонларга қийинчиликни эмас, уларга енгиллик ва манфаатни хоҳлайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу оят тафсирида: “Енгиллик” рўза тутмаслик, “оғирлик” сафарда рўза тутишдир, дейди.

«…Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қи­лишингиз учундир».

Имом Абу Жаъфар бу оятни: “Касал ё мусофир бўлиб, рўза тутмаган кунларингизнинг қазосини тутиб, рўза кунлари ҳисобини тўлдиришингиз, сизларни тўғри йўлга бошлагани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, улуғлашингиз ва шукр қилишингиз учундир”, деб тафсир қилган.

 

الأربعاء, 13 آذار/مارس 2024 00:00

Бир оят тафсири ва шубҳани кетказиш

“Улар Раббилари томонидан ҳидоятдадирлар ва улар фалоҳ (нажот) топувчилардир”. Бу оятда икки нарса - ҳидоят ҳамда фалоҳ мукофот сифатида зикр этилган. Чунки, бундан олдин ғайбга ҳамда пайғамбарларга иймон келтириш сифатлари келтирилган. Мана шу иймонга мукофот ўлароқ бу оятда ҳидоят билан фалоҳ ваъда қилинмоқда. Фалоҳни амалга мукофот бўлишини тушунса бўлади, чунки фалоҳнинг маъноси мурод ва мақсадга етмоқдир. Лекин ҳидоят деб йўлни кўрсатишга айтилади. Бир нарсанинг йўлини кўриб олиш бир мақсад ҳам эмас, шу билан бирга у бирор амалга мукофот бўлиши ҳам мумкин эмас.

Ҳазрат мана шу шубҳани дафъ қилиш учун айтдиларки, менинг ўзим билан содир бўлган бир воқеа мана шубҳага жуда яхши жавоб бўлади. Воқеа шундай бўлдики, бир одам Меюратга кетаётган поездга минмоқчи экан, адашиб Руркийга, яъни қарама-қарши тарафга кетаётган поездга миниб олибди. Поезд юрганидан кейин хато қилганини билди. Мен ҳам ўша поездда Руркийга кетаётган эдим. У одамнинг ниҳоятда қаттиқ изтиробга тушганини кўрдим. Мен эса ўз жойимда хотиржам ўтирибман. Унга тасалли бераман десам, менга илтифот ҳам қилмади. Поезд тезлагани  сайин унинг паришонлиги янада ортиб бораверди. Ўша вақтда билдимки, манзил ва мақсад томон тўғри йўлда кетаётганини аниқ билишнинг ўзи ҳам инсон учун бир катта неъмат ва роҳат экан. Шунинг учун буни амалга мукофот қилиб белгиланса бўлаверади. Бу оят мўминларни "Сизлар саҳиҳ ва тўғри йўлдан бормоқдасизлар, ҳеч ташвиш қилманглар", дея хотиржам қилмоқда. Бундан ортиқ яна қандай неъмат бўлиши мумкин?

Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ

الأربعاء, 13 آذار/مارس 2024 00:00

Ro‘zaning 10 foydasi

1. Ro‘za inson aqlining nafsdan butunlay g‘alaba qozonishiga sabab bo‘ladi.
2. Ro‘za sababli Allohdan qo‘rqish va taqvo sifatlari paydo bo‘ladi.
3. Ro‘za sababli inson o‘zining naqadar muhtoj va ojiz ekanini hamda Allohning naqadar ulug‘ va qudratli ekanini anglab yetadi.
4. Ro‘za sababli qalb ko‘zi ochiladi.
5. Insonning tafakkuri taraqqiy qilib, fikrlash doirasi kengayadi.
6. Banda narsalarning haqiqitini kashf qiladi, har narsaning haqiqiy mohiyatini ko‘radi.
7. Gʻam-tashvish va vahimadan yiroq bo‘ladi.
8. Farishtalarga yaqin bo‘ladi.
9. "Allohga shukr qilish" maqomiga chiqadi.
10. Bandaning qalbida boshqa insonlarga nisbatan hamdardlik hissi uyg‘onadi.
11. Ro‘za tana va ruhning salomatligiga sabab bo‘ladi.
12. Ro‘za inson uchun ma’naviy ozuqa bo‘ladi.
13. Ro‘za – Allohga bo‘lgan muhabbatning eng yuksak ko‘rinishi. Ro‘za sababli bandada Allohga bo‘lgan muhabbat ortadi.

Zulfiqor Ahmad Naqshbandiy hafizahulloh

Abdulloh Abdulmajid tayyorladi.

Бақара – Мадинада нозил қилинган энг аввалги сурадир. Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Бақара сураси Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил этади. Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.

Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди” (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).

Шайтон Бақара сураси ўқилган ерга кира олмаслигини ўзи тан олиб айтган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, "Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман", деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. "Ё Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ҳали яна келади" деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. "Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман", деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. "Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман", деди. "Нима у?" дедим. У: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Улар нима экан?" дедилар. "У менга: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди", дедим.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?" дедилар. "Йўқ", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У шайтон эди", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бақара сураси ўқилган ерга фаришталар тушадилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.

Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».

Бақара сураси Қиёмат куни шафоатчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир", деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда келган “Кифоя қилади”дан қуйидаги маънолар келиб чиқади:

Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.

Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.

Савоб олишга кифоя қилади.

Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.

Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: “Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади” (Имом Доримий ривояти).

الأربعاء, 13 آذار/مارس 2024 00:00

Рўзанинг қон ҳужайраларига таъсири

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун яхширокдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рўза тутиш овқат ҳазм қилиш тизимидаги бир қанча касалликларга шифо бўлади. Рўза  –мия ва юрак қон ҳужайраларини фаоллаштиради ва тартибга солади. Рўза ортиқча вазндан халос этади ва танадан заҳарли моддаларни чиқариб юборади.

Тиббиёт ходимлари айтадилар: “Рўза қон ҳужайраларини биринчи кундан бошлаб янгилайди. Қон ҳужайралари ва дангаса ҳужайралар фаол ишлай бошлайди. Рўза тутиш бутун танани тозалаш амалиётидир. Баданга йилига бир марта шундай парвариш жуда муҳим”.

Рамазон рўзасини тутишни бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Олиб борилган тадқиқотларда рўза қон босимининг кўтарилиши билан боғлиқ 100 дан ортиқ касалликларга даво бўлиши аниқланган. Хусусан, рўза қон босимининг ортиши, қандли диабет, сурункали астма, нафас олиш, юрак, жигар, аллергия, сурункали экзема, тери касалликлари каби жуда кўплаб касалликларга шифо бўлади. Айниқса, рўза – юрак саратони, мия хуружига қарши самарали саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза – қалқондир”, деганлар

Олимлар “рўза хужайраларда тўпланган заҳарларни даволашнинг энг фойдали усули” деган хулосага келишган. Ҳатто Ғарб давлатларида замонавий тиббиёт муваффақиятсизликка учраган айрим касалликларни даволашда рўза орқали даволайдиган марказлар самарали фаолият юритмоқда.

Ифторликда хурмо истеъмол қилиш жигар фаолиятини тартибга солади. Хурмо – жигарда тўпланиб қолган заҳарларни йўқотувчи энг яхши табиий дори ҳисобланади.

2016 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган япониялик олим Ёсинори Осуми аниқлаган энг қизиқ ҳолатлардан бири – организмнинг энг фаол ишлайдиган вақти – очлик пайтида бўларкан. Яъни, очлик орқали одам организми биринчи ўринда ўзидаги турли даражада зарарланган, касалланган, кераксиз ҳужайралардан қутулиб, уларни энергияга айлантириб истеъмол қилиб юборар экан.

Натижада, рўза тутиш орқали организм турли хилтлар, чиқитлар ва токсинлардан тозаланади. Шунингдек, бу жараёнда йўқ қилинган зарарли ҳужайралар ўрни янги ёш ҳужайралар билан қопланади, тана ёшаради. Рўза орқали руҳ гуноҳлардан покланиб енгил бўлади, организм ҳам тозаланиб, янгиланади.

Бир сўз билан айтганда, рўза тутиш орқали ҳеч қандай дори-дармон ва салбий оқибатларсиз бир неча йиллар давомида эришиш мумкин бўлган ижобий натижалар бир ой давомида қўлга киритилади. Рўза бутун тананинг фаолиятини оширади ва ортиқча ёғларни камайтиради. Айниқса, рўзадор масжидга кўпроқ юриб борса, соғлиқ учун янада фойдали бўлади.

Муборак рамазон ойини фойдасиз ишлар билан исроф қилмасдан, уни ғанимат билиб, ибодатлар билан ўтказишга ҳаракат қилинг. Аллоҳ таоло тутаётган рўзамизни, ўқиётган намоз ва қилаётган барча ибодатларимизни қабул этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top