Мақолалар

Болага ҳасад қилмасликни ўргатинг! 

Ҳар бир мўмин киши ким бўлишидан қатъий назар дунё ҳаётида ички ва ташқи дунёсини ислоҳ этиши ва уни турли қалб иллат ва зарарли офатларидан эҳтиёт қилиши керак бўлади. Киши қалби ва ички қиёфасини қанчалик гўзал ва пок қилса унинг ташқи манзараси ҳам шунчалик гўзал ва солиҳ бўлади. Буни  Пайғамбаримиз қуйидаги ҳадиси шарифларида чиройли баён қилиб берганлар: “Огоҳ бўлинглар! Инсон жасадида бир парча гўшт пораси бор, агар  у солиҳ бўлса барча жасад солиҳ бўлади, агар у бузилса жасадни ҳаммаси ҳам бузилади, огоҳ бўлинглар! У қалбдир” (Бухорий ривояти).

Жуда кўплаб ояти карима ва ҳадиси шарифлар ҳасаддан сақланишимизга чорлайди ва унинг энг ёмон ижтимоий иллатлардан бири эканлигини таъкидлайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “бир-бирларингизга ҳасад қилманглар”, “ҳасаддан сақланингизлар”, деб ўз вақтида огоҳлантирганлар. Аллоҳ таоло инсонни ўзи унга берган улуғ неъматларига ҳасад қилган иблис қиёмат кунига қадар Унинг раҳматидан маҳрум бўлиб, даргоҳидан абадий  ҳайдалди.

Одам алайҳиссаломнинг икки ўғлидан бири ўз акасига душманлик ва ҳасад кўзи билан қараб, уни ҳалок қилди. Демак, ҳасад қилувчи Аллоҳ таоло барча одамларга берган неъматларига Унинг тақсимотига, ҳикматига душмандир. Агар Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё, фарзанд, сиҳат-саломатлик неъматини берган бўлса ҳасадчининг қалби ғазабдан ўртанади, уни кўра олмайди. Қандай бўлмасин ундан бу неъматлар завол топишини истайди ва ороми бузилади. Ҳасадчи ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг тақдири ва тадбиру иродасидан рози бўлмайди.

Ҳа, ҳасадчи ўзини ҳасадига ғарқ бўлиб, Аллоҳ таолонинг неъматларига ҳеч шукр қилмайди. Унинг қазойи қадарини асло эътироф этмайди. У ҳасад балосига гирифтор бўлиб тоат-ибодатдан узоқлашади, гуноҳ-маъсиятга ботади. Ҳасад натижасида у ўзига қанчалик зарар қилган бўлса, жамиятга ундан-да кўпроқ зарар ва ёмонлик келтиради. Ҳасадчи жамият аъзолари ўртасида нафрат, ёмон кўришликни тарқатади, оилалар ўртасида душманлик руҳини вужудга келтиради, одамлар ораси бузилишига олиб келади. Бундан бўладиган зарар ва офатларнинг саноғи ва чегараси йўқ.

Имом Абу Лайс Самарқандий айтади: «Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади. Бу бешта азоб ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади»: 1. Ғам узилмайди; 2. Мусибат етади, унга ажр келмайди; 3. Ёмонликни олиб келади. У билан мақтанилмайди; 4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади; 5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади».

Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади: «Ҳасад қилувчилар учун роҳат йўқдир. Бахилларда вафо йўқ, чидамсиз кишилардан дўст йўқдир. Ёлғончиларда мардлик йўқдир. Хиёнатчида фикр йўқ, ёмон хулқли кишида  раҳбарлик йўқ».

Ҳакимлардан бири: «Ҳасадчидек  мазлумга ўхшаган золимни кўрмадим», деган экан.

 Ҳасан Басрий айтади: «Эй одам фарзанди! Нима учун биродарингизга ҳасад қиласиз. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ ўз фазиладан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласиз? Энди бундан бошқа нарсада бўлса, унинг боражак жойи дўзах бўлганидан ҳасад қилмоғингиз ҳам яхши эмасдир».

Абу Лайс Самарқандий айтади: «Уч кишининг дуолари қабул бўлмайди: 1. Ҳаром ризқ егувчи; 2. Кўп ғийбат қилувчи; 3. Қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишилар».

Ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Ҳасадни (кучли ҳавасни) икки тоифа кишига қилса бўлади: бир кишига Аллоҳ таоло Қуръонни берган бўлса, у Қуръонни  кеча-ю кундуз ўқиб турган бўлса ва яна бир кишига Аллоҳ таоло дунё берган бўлса, у дунёдан кеча-ю кундуз яширин ҳолда инфоқ қилиб турган бўлса».

Китобларда айтилади: «Ҳасад қилувчи мажлисларда ёмонланган, хорланган ҳолатда бўлади, малоикалар лаънат ва ғазаб қилади. Хилватда қўрқинч ва ғамда бўлади. Жони олинаётганда   қаттиқлик ва қўрқитилган ҳолатда бўлади. Маҳшаргоҳда шарманда ҳолатда бўлади. Дўзахда иссиқ ва ёнган ҳолатда бўлади».

Макоримул ахлоқ пешвоси ва намунаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз вақтида ҳасад иллати жамият ва унинг аъзолари ўртасида нақадар  хавфли ҳатто имон нурига ҳам зарар  етказиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб бундай деганлар: «Бир бандада имон ва ҳасад асло бирга бўлмайди».

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай ривоят қилинган: «Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилишмаса эди яхшилик узра бардавом бўладилар».

Болага ваъдасига вафоли бўлишни ўргатинг! Динимизнинг барҳаёт таълимотларида мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги энг фазилатли ва гўзал ҳулқларидан бири – ваъдага вафо қилишга алоҳида эътибор берилган Аллоҳ таоло Қуръони каримда Исмоил алайҳиссаломнинг берган ваъдаларида қанчалик қатъий турганини шарҳ этиб, шундай дейди: «(Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва расул эди» (Марям, 54).

Муфассирларнинг айтишларича Исмоил алайҳиссалом бирон  нарса ҳақида ваъда берсалар, албатта уни ўз вақтида бажарган эканлар. Ривоятларда келишича, у зот бир кишига маълум бир жойда учрашамиз деб ваъдалашган эканлар ва Исмоил алайҳиссалом келишилган жойга келиб, ваъдалашган инсонни уч кун мобайнида кутган эканлар. Ваъдага вафо қилиш ва ўзаро шартлашган аҳдларни бажариш олий ҳулқлардан эканлигини қуйидаги ояти каримада равшан баён қилинган: «Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз...!» (Моида, 1).

Дарҳақиқат, доимо ваъдага вафо қилиш, омонатга хиёнат қилмаслик барча пайғамбарларнинг гўзал одоб-аҳлоқлари  ва шиори  бўлган ва инсонлар ҳам шунга чақирилган. Ҳадиси шарифда: «Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!» дейилган.

Пайғамбаримиз марҳамат қилиб шундай деганлар: «Қайси бир одамда тўрт аломат топилса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда шу тўрт аломатлардан бири бўлса, уни тарк этмагунча, унда мунофиқликнинг бир белгиси бўлади. Бу тўрт аломат қуйидагилар: Омонатга хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, бирон кишига аҳд берса аҳдига вафо қилмайди. Ҳақ талашса жанжал қилади».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: «Омонатсиз кишининг имони йўқ ва аҳдига вафосизнинг дини йўқ». Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонатдир.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2913 times

Мақолалар

Top