Мақолалар

Болага табиатни асрашни ўргатинг!

Аллоҳ таоло дунёдаги барча зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаррам инсон зоти учун яратди ва унга бўйсундириб қўйди. Ҳақ таоло бу ҳақда шундай дейди: «(Эй инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйинсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!» (Луқмон, 20).

Демак, Аллоҳ таоло томонидан табиат қўйнида яратилган барча беҳисоб зоҳирий ва ботиний неъматлар инсон учун ва унинг бу дунёдаги ҳаёти учун экан, уни ҳар томонлама асраб-авайлаш, унга нисбатан оқилона муносабатда бўлиш барчамизнинг бурчимиз.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қилганлар: «Ким бир дарахтни экиб, уни мева қилгунича эҳтиётлаб парваришласа, Аллоҳ таоло ҳузурида шу дарахтдан ейилган ҳар бир мевада унга садақа бўлади».

Наботот ва ҳайвонот дунёсини қанчалик эҳтиёт қилиб, унга оқилона муносабатда бўлсак, сув ва сув ҳавзаларига ҳам шундай инсоний муносабатда бўлишимиз зарур. Хусусан, сувни ортиқча исроф ва ифлос қилиш, сув ҳавзаларини булғаш динимиз таълимотида қаттиқ қораланган. Бу ҳақда Табароний ривоят қилгн ҳадисда шундай дейилган: «Пайғамбаримиз оқар сувни ифлос қилишдан қаттиқ қайтарганлар» (Имом Табароний ривояти).

Атроф-муҳитни тоза тутиш, чиқиндиларни ўз вақтида саранжом-саришта қилиш, ифлосликлар ва турли кўзга кўринмас микроблардан эҳтиёт бўлиш ҳам табиатни асрашда муҳим аҳамиятга эга эканини барчаларимиз яхши англашимиз ва бу ҳақда оила аъзоларимиз, фарзандларимизга тез-тез тушунтириб боришимиз керак. Зарарли чанг-тўзонлардан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги қуйидаги ҳадиси шарифга диққат-эътибор беришимиз ҳам айни муддаодир: «Чанг-ғубордан эҳтиёт бўлинглар, ундан турли юқумли касалликлар тарқалиши мумкин».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб бизларга таълим берганлар: «Одамларга азият бераётган дарахтни йўлдан олиб ташлаган кишини жаннатда айланиб юрганини кўрдим». Айниқса ҳовли-жой, кўп қаватли уйларимизнинг кириш-чиқиш йўлкаларини, истиқомат қилаётган уй ва хоналаримизни озода, чиройли, шинам ҳолда сақлашимиз аввало ўзимизнинг сиҳат-саломатлигимизга, оила-фарзандларимиз соғ-саломат бўлишларида катта аҳамиятга эга.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам айни шу маънода шундай деб марҳамат қилганлар: «Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ яхшидир ва  яхшиликни севади. Покдир, покликни хуш кўради. Олийжанобдир, олийжанобликни дўст тутади. Сахийдир, сахийликни севади. Ҳовли-жойларингизни озода қилинглар. Худонинг ғазабига учраган қавмларга ўхшаманглар».

Чиндан ҳам, савоб умидида, эзгулик йўлида бир дарахт ёки бир уруғ тикишда катта мукофот бўлишига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари ҳам далолат қилади: «Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки ерга бирор уруғ экса, ундан қуш ёки инсон ёки бирор ҳайвон еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади».

Табиатимизни, атроф муҳитимизни тоза ва озода сақлаш, асраб-авайлаш ва уни чиройли тарзда келажак авлодга омонат тарзда етказиш ҳаммамизнинг масъулиятли бурчимиздир. 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 3800 times

Мақолалар

Top