Мақолалар

Болага ёши улуғларни эъзозлашни ўргатинг!

Инсон ҳаётини мевали дарахтга қиёслашади. Ваҳоланки унга мўъжизавий сўзни қўшиб қўйса ҳам бўлар экан. Чунки, у бир мавсумнинг ўзида ҳисобсиз куртаклар тугиши, гуллаши, кўпдан-кўп мевалар бериши мумкин. Кексалик эса, худди мевалар етилган мўъжизавий боққа ўхшайди. Луқмони Хакимдан:  «Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?», деб сўрадилар. «Кексаларнинг  насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир», деб жавоб берди у киши.  Фарзандлар учун ота-онасининг панд-насиҳатларига риоя этишлик фарз ҳисобланади. Ҳадисда айтиладики: «Отага итоат этиш Аллоҳга итоат этишдир. Унга гуноҳкор бўлиш Аллоҳга гуноҳкор бўлиш билан баробардир».

Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди».

Ёши улуғларимизнинг биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган барча яхшиликларни фақат фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, отамиз чарчаган пайтда ва унга ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туришимиз лозим. Зеро, ҳадисда айтилади: «Ота-оналарингизга қандай яхши муомала қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга шундай муомала қиладилар». 

Бу дунёда инсонни қилган яхшиликлари-ю, эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари-ю, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди. Инсон дунёга келиб, умргузаронлик қилади, ўсади, улғаяди. Кечаги гўдак, бугун йигит. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам бевафо дўст сингари ташлаб кетади бизни. Зеро, бу ҳаёт қонунидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:  «Одамларнинг яхшиси узоқ умр кўриб, шу умрини яхши амал билан ўтказганидир». Минг афсуслар бўлсинки, қариялар ва  кекса ота-оналар баъзи бир ноқобил фарзандлар назарида дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган ёшлар ёки фарзандлари баъзан “уф” тортадилар. “Қариганда уйда ўтирса бўлмасмикин-а?” деб, нотўғри ўйлайдилар. 

Ҳа, ҳаётнинг ўзига хос аччиқ ва ширин томонлари бор. Айниқса, кексалар эътиборга, меҳр-мурувват ва шавқатга  жуда муҳтож бўладилар. Киши етмишга етса, янада табарруклашади. Бундай инсонларга қулоқ тутмоқ ва панду насиҳатларини олмоқ лозим. Оилани оёққа турғазган, ўғил-қизларни ўстириб, едириб-ичирган, оила, фарзандлар камолини деб елиб югурганлар ҳам шулар. Кексаликнинг муаян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хиралашиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги завқ-шавқларнинг сусайиши, қадамнинг майда, йўллар эса олис бўлиб қолиши экан. Ҳаётда, атрофимизда яхши  кишилар борлигидан, улар билан ёнма-ён яшаётганимиздан қувонишимиз керак. Унутмайлик, имон-эътиқодли қариялар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди. Қарияларимизга ғамҳўрлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Ҳадиси шарифда айтиладики: «Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир». Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни  Ўзининг ҳифзу ҳимоятида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. 

 

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3044 times

Мақолалар

Top