Мақолалар

Ўз жонига қасд қилиш – КАТТА ГУНОҲ

Инсон бошқа жамики нарсалардан мумтоз, ҳамма маҳлуқотлардан энг улуғидир. Инсон улкан иззат ва ҳурматга лойиқдир. Алишер Навоий ўзининг «Вақфия» асарида, «Бутун осмон ва осмондаги жами нарсалар, бутун ер юзи ва ер юзидаги жами нарсалар, ҳамма денгизлар ва унда мавжуд бўлган ҳамма нарсалар, ҳамма мамлакатлар ва уларда бор жами неъматлар - бари, энг яхши нарсалар инсон учун, унинг бахт-саодати учун яратилган, буларнинг жами - инсонга хизмат қилмоғи керак» деб ёзган эди. Инсоннинг мукаррамлигининг яна бир жиҳати  ақл-идрок ва тафаккурга эга бўлганлигидадир. Ақл-идрок соҳиби бўлганлиги учун у икки дунёдаги воқеаларни билишга уринади, илму-тафаккури, даҳоси, меҳнати, салоҳиёти билан дунёни бошқаради. Инсонда буюк мутафаккирларимиз таъкидлаганларидек, бебаҳо марварид – ақл-заковат мавжуд. Унда табиат ва жамиятнинг сир-асрорларини ва юксак чўққиларини билиш қобилияти жамул-жамдир.

Барча илоҳий ва мумтоз асарларда инсон қадри одам зотининг Аллоҳнинг энг буюк мўъжизаси сифатида улуғланиши, ҳар томонлама муносиб қадр-қиммат топишини англатади. Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишликдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишликдан қайтаради. Инсон ўзига ато этилган ҳаёт неъматини қадрламоғи лозим. Минг афсуслар бўлсин, ҳаётининг қадрига етмайдиган  инсонлар ҳам борки, ўз жонларига қасд қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлиб қоламиз.

Қуръони Каримда ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”[1]. Ва яна “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради”[2]. Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган иш бўлиб, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазои қадарига норози бўлиш, У берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш осийлик ва иродасизликдир. Ўзи ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда эса ўзини ўлдирган кишининг жазоси янада равшанроқ ёритилган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, қиёмат кунида жаҳаннам ўтида темирлар парчаси қўлида, абадий равишда у билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, доимий равишда заҳарланиб жаҳаннам ўтида азобланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини ташлаб ўлдириб азобланади”.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Аллоҳ таоло ҳадиси қудисийда марҳамат қилурки, “Бандам ўзини ўзи ўлдириб мен унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим”. Ва яна бошқа бир ҳадисда имом Бухорий  Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзни ўзи ўлдирди, шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди, Мен унга жаннатни харом қилдим”, - деди”, деганлар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини ўзи бўғган дўзаҳда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзаҳда ҳам пичоқ уриб туради”, деганлар. Демак ўзини ўзи ўлдирган одам дўзаҳга тушишда шубҳа йўқ. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, исломда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналиб дўзахий бўлиши қайта-қайта таъкидланган.

 Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолони раҳматидан умидсизлик белгисидир”. Имом Насафий айтадилар “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини ўзи ўлдирмаслиги керак”.

 Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга ўзини  мишқослар билан ўлдирган одам олиб келинди. Бас у зот унга жаноза ўқимадилар”. Ҳадисдаги “мишқос”дан мурод - кенг тиғли пичоққа ўхшаш нарса. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазодир. Охиратда эса алоҳида жазо бўлади. Ўз жонига қасд қилган инсон Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлиб, охиратда ҳадисларда келтирилганидек, абадий азоб уқубатда бўлиш билан бирга ҳар бир мусулмоннинг гуноҳларини каффорат бўлишига сабаб бўладиган жаноза намозидан ҳам маҳрум қилинар экан.

Ҳаёт аталмиш азиз неъмат инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан бизларга топширилган имконият ва масъулият ҳамдир. Ҳар инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги керак, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган бўлиб, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

 

                                                               “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси

  ўқитувчиси  Жозиба Жамол қизи

Read 2378 times

Мақолалар

Top