Мақолалар

Аллоҳга таваккул қилиш фазилати

Дунёда яшаб қадам босаётган ҳар – бир инсон ёрдам берувчи, кўмаклашувчи, суянувчи ва қалби билан унга юзланувчи бошқа бир инсонга мухтождир. Шунинг учун фойда келтириш, зарарларни даф қилиш, ризқ талаб қилиш, душманга нисбатан ёрдам сўраш, касалликларга шифо сўраш учун Аллоҳга суяниш ва У Зотга таваккал қилиш вожиб амаллардандир. Таваккал қилиш мўминларнинг сифати, имоннинг шарти, қалбни қувватловчи ва нафсни хотиржам қилувчи омилларнинг асосидир. Аллоҳга таваккал қилиш вожиблигига далолат қилувчи оятлар Қуръони Каримда кўп бўлиб, улардан:

Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиганАнфол сураси 2-оят.

Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!* (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар. Оли Имрон сураси 159-оят.

Муттафақун алайҳ бўлган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга ҳисобсиз кирувчи етмиш минг мўминларнинг сифатларини баён қилиб улардан Роббиларига таваккал қилувчиларни ҳам санаб ўтганлар.

Иброҳим алайҳиссалом ҳам оловга ташланганда Аллоҳга таваккал қилиб “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил” (Бизга ёрдам беришга Аллоҳ кифоя қилади ва У Зот қандай ҳам яхши Ёрдам берувчи) деб айтганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсаларингиз эрталаб оч чиқиб кечқурун тўқ қайтган қушлар каби сизларни ҳам ризқлантиради”. Аҳмад ва Термизий ривояти.

Ибн Ражаб таваккал ҳақиқати ҳақида шундай дейдилар: “У солиҳ амалларни бажаришда, дунё ва охират ишларидан бўлган зарарли нарсаларни кетказишда қалбни Аллоҳга суянишдаги содиқлигидир. Яъни, берадиган, ман қиладиган, зарар берадиган ва фойда келтирадиган Зот ягона Аллоҳ деб билиш”.

Таваккал - диннинг ярми бўлиб, иккинчи ярми эса Аллоҳга қайтишдир. Дин - ёрдам сўраш ва ибодатдан иборат. Ёрдам сўраш - таваккал, Аллоҳга қайтиш эса - ибодатдир.

Банда дунё ишларида Аллоҳга таваккал қилиш билан бирга қалбини ва динини ислоҳ қилишда, тилини ва иродасини сақлашда ҳам таваккал қилиш керак. Шунинг учун барча намозларимизда Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз.  деб илтижо қиламиз. Фотиҳа 5 оят.

Баъзилар таваккални сабабларни қилмасдан, уни ишламай ётиш деб тушунадилар. Бу хато тушунчадир. Ибни Ражаб айтадилар: “Таваккал қилиш Аллоҳ нарсаларда тақдир қилиб қўйган сабабларни ушлаб ҳаракат қилишни инкор қилмайди. Чунки Роббимиз сабабларни қилиб, сўнгра таваккал қилишга буюради”. Аъзоларимиз билан сабабларни қилишдаги ҳаракатимиз тоат бўлса, қалб билан таваккал қилишимиз имондир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади:

Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Жума сураси 10-оят.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши эй Расулуллоҳ ҳайвонни боғлаб таваккал қилайми ёки уни қўйиб юбориб таваккал қилайми?” деди. Расулуллоҳ: “Уни боғла ва таваккал қил” дедилар. Термизий ривояти.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Яман аҳли керакли нарсаларни олмасдан, “Биз таваккал қилувчилармиз”, деб ҳаж қилардилар. Сўнг аҳли Маккага келиб улардан ёрдам сўрардилар. Шунда, Аллоҳ қуйидаги оятни нозил қилди. Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган)*. Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг**. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! Бақара сураси 197-оят”. Бухорий ривояти.

Демак, таваккал мусулмон наздида – қалб ва нафс хотиржамлиги билан амал ва орзу қилишдир. Ва яна, Аллоҳ ҳохлаган нарса бўлиб, ҳохламаган нарса бўлмайди деб қатъий эътиқод қилиш. Албатта, Аллоҳ гўзал амал қилганларни савобини зое кетказмайди. Инсонлар таваккал қилиш борасида уч тоифадир:

Таваккал қилиб, сабабларни қилмасдан ишламайдиганлар. Бу Аллоҳнинг коинотдаги суннатига хилоф ишдир.

Сабабларини қилиб таваккал қилмайдиганлар. Яъни барча нарсага ўз кучимиз ва ақлимиз билан эришамиз деб ўйлайдиганлар.

Сабабларини қилиб сўнг Аллоҳга таваккал қиладилар. Бу энг тўғри йўл бўлиб,  пайғамбарлар ва уларга эргашганларнинг йўлларидир. Баъзи олимлар таваккулга қуйидагича таъриф берганлар: “Таваккал аслида илмга эргашиш бўлса, ҳақиқийси ишончга суянишдир”.

“Қалбинга Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким фойда ва зарар етказмайди деган ҳаёлдан бошқаси келмаслиги, сенга келадиган ҳар қандай ҳолатга таслим бўлишинг, ва ундан қалбинг изтиробга тушмаслигидир”.

Аллоҳ барчамизни Ўзига ҳақиқий таваккал қилувчилардан қилсин. 

 

muslim.uz

Read 2828 times

Мақолалар

Top