Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (4-суннат): Тавба намози

 Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳ қилган одам чиройли (суннат ва одобига риоя қилган ҳолда) таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиса ва Аллоҳ таолодан гуноҳининг кечиришини сўраса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Абу Довуднинг ривоятида: “Аллоҳ таоло уни албатта мағфират қилади”, дейилган.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам қилган гуноҳларимиз кечирилишини Аллоҳ таолодан сўраб, тавба намозини ўқишга одатланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2480 times
Tagged under

Мақолалар

Top