Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (15-суннат): Таниган-танимаганга салом бериш

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мусулмоннинг қайси фазилати яхши?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қорни очни тўйғазиши ва таниган-танимаганга салом бериши”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Афсуски кейинги пайтларда ёш-у қари орасида салом бериш тобора камайиб бормоқда. Айримлар ҳатто таниган яқинига ҳам базўрға салом беради. Мўмин банда қаерда бўлмасин, қаерга кирмасин, ким билан учрашмасин, биринчи калимаси “Ассалому алайкум” бўлиши лозим.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2739 times
Tagged under

Мақолалар

Top