Мақолалар

Бир савол сўрасам: "Тайёр хатми Қуръон бор" нима дегани?

— Баъзи бир қориларга хатми Қуръон буюргани борсак, “менда тайёри бор”, дейишади. Яъни Қуръонни ўқишни бошлаб қўйган бўлишади. Шунда “майли” десангиз, тугатиб беришади. Шариатимизда бу жоизми? Ёки хатми қачон бошлаб қўйилган бўлса ҳам, савоби кимга бағишлангани муҳимми?

— Аввало, Қуръони каримни Аллоҳ таоло бандаларининг икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилганини унутмаслик керак. “Хатми Қуръон” деганда Қуръони каримни бошдан-охир тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. “Хатм” сўзи тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради.

Ҳозирги пайтда одамлар орасида кенг тарқалган саволдагига ўхшаган ҳолатлар тааассуфки, асл Ислом мақсадларига тўғри эмас. Яна алоҳида таъкидлаш лозим, Қуръонни холис Аллоҳ розилиги учун тиловат қилинса, хатм қилинсагина унга савоб берилади. Кейин ўша берилган савобни бағишлаш мумкин. Бизнинг аҳли-сунна эътиқодимизда Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишласа, етиб боради, дейилгани айнан шудир. Ҳар бир ибодатда аниқ мақсад бўлиши, уни бошлашда ният бўлиши кераклиги ҳадисларда таъкидланган. Савобини бағишлаш мақсад қилинган тиловатни ҳам бошидан бошлаб, Аллоҳнинг розилиги, ундан кейин кимгадир савобини бағишлашни ният қилинади. Шунда савоби етади, деб умид қилинади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 3563 times

Мақолалар

Top