Мақолалар

Албатта, охират дунёдан яхшироқдир

«Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан. Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати) дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз. (Эй Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси).

«Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан». Оятда кундуз назарда тутилмоқда. Қатода, Муқотил раҳимаҳумаллоҳ оятни: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга чош гоҳ вақти сўзлаган. Мана шу вақт билан қасам ичмоқда”, деб тафсир қилишган. Бир ўринда: “Сеҳргарлар саждага йиқилган соат”, деб айтилади. Бошқа бир ўринда: “Чошгоҳ” – жаннат нури, олам ёришган вақт”, дейилади.

«Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун билан». Тун кундузнинг муқобилида. Яъни, тун зулматга чўмганда. Имом Заҳҳок: “қоплаб турган”, яъни барча нарсани ўраб олган”, дейди. Яна: “қоплаб турган”, яъни “одамлар сукунатга чўмган вақт”, маъносида келади.

Бир ривоятда: “Чошгоҳ вақтида ибодат қилувчи бандалар. Кеч кириб, тун чўкканда ибодат қилувчи бандалар” дейилса, бошқа ривоятда: “Чошгоҳ вақти билан қасам”, яъни орифлар қалбидаги кундуз мисол ёруғлик. “Ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун билан”, яъни кофирларнинг қалбидаги кеча каби қоронғуликдир. Аллоҳ таоло мана шу нарсалар билан қасам ичмоқда”, дейилади.

«Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!» – қасамнинг жавоби. Жаброил алайҳиссаломнинг ваҳий олиб келиши бир муддат тўхтаб қолди. Шунда мушриклар: “Аллоҳ Муҳаммадни ёмон кўриб, ундан воз кечди”, дейишди. Кейин ушбу сура нозил бўлди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Жундуб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом бетоб бўлдилар. Бир ёки икки кеча тунда нафл намоз ўқиш учун турмадилар. У зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир аёл (ривоятларда бу Умму Жамил экани айтилади) келди. Сўнг: “Эй Муҳаммад, шайтонинг сени ташлаб кетди, деб умид қиламан. Икки ёки уч кундан бери ёнингда уни кўрмадим”, дейди. Унинг бу гапидан кейин Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини нозил қилди». Ибн Журайж: “Ўн бир кун ваҳий келмай қолган” деса, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Йигирма беш кун”, дейди.

Салама Ибн Исҳоқдан ривоят қилади: «Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир», яъни: “Эй Муҳаммад, ҳузуримга қайтганингизда, ато этиладиган нарса, сизга дунёда берилган иззат­икромдан яхшироқдир”. Ибн Аббос айтади: “Набий алайҳиссаломга ўзларидан ке йин умматларига бериладиган футуҳотлар кўрсатилди. Мана шу билан хурсанд бўлдилар. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: «Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятини ваҳий қилди”.

Ибн Исҳоқ «Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятини “дунёда ғалаба, охиратда савоб”, деб тафсир қилган. Бир ўринда: “Ҳавзи Кавсар ва шафоат”, дейилади. Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос отасидан ривоят қилади: “Набий алайҳиссаломга умматлари учун фатҳлар кўрсатилди. У зот алайҳиссалом севиндилар. Кейин Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини «Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» оятига қадар нозил қилди. Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга жаннатдан мингта қаср берди. Унинг тупроғи мушкдандир. Ҳар бир қасрда етарлича завжа ва ходимлар берилди”. Яна шу кишидан ривоят қилинади:

“Набий алайҳиссалом аҳли байтларидан бирор кишининг дўзахга киритилмаслигига рози бўлдилар”. Бир ўринда: “Барча мўминларнинг шафоатидир”, дейилади. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло менга умматимни шафоат эттиради. Ҳатто: “Эй Муҳаммад, розимисан?” деб сўрайди. Мен: “Эй Раббим, розиман”дейман”, дедилар».

«Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?!» Яъни: “отасиз, етим эдингиз, амакингиз Абу Толиб уйидан бошпана бериб, сизни ўз кафилига олмадими?” Бир ўринда бундай келади: “Сизни ёлғиз ҳолда топиб, саҳобаларнинг ҳимояси билан паноҳимга олмадимми?!”

«Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб…» Яъни, нубувват илмидан бехабар эдингиз. «…ҳидоят қилиб қўймадими?!» Яъни, тўғри йўл кўрсатмадимми?! «Сиз эса, (эй Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз» (Юсуф сураси, 3-оят).

Бир гуруҳ олимлар: «Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб…», яъни “Қуръон ва шариатни билмас эдингиз. Аллоҳ таоло сизни Қуръон ва Ислом шариатига ҳидоят қилди”, деб тафсир қилишди. Бош қа бир гуруҳ олимлар: “Сиз адашган қавм орасида эдингиз. Аллоҳ таоло уларни сиз билан ҳидоят этди”, деб фикр билдиришди.

«Сизни камбағал ҳолда топиб…», фақир ҳолда топиб, «бой қилиб қўймадими?!» Яъни, Макканинг энг бой аёли Хадича розийаллоҳу анҳога уйлантириб қўймадими?! Ибн Ато: “Кўнглингизни фақир топиб, қалбингизни бой қилмадими?” деб тафсир қилган. Айтиладики: “Фатҳлар билан сизни бой қилиб қўймадими?! Кофирларнинг молларини сизга ўлжа қилиб бермадими?!”

«Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!» Оятда айнан етимнинг зикр қилиниши унинг Аллоҳ таолодан бошқа ёрдамчиси йўқлиги учундир. Оятнинг маъноси: “Етимга зулм қилманг. Ҳақини беринг. Ўзингизнинг етим бўлганингизни эсланг”.

Имом Муслим “Саҳиҳ”да ривоят қилади. Муо вия ибн Ҳакам Салмо бундай деди: “Отам, онам у зотга фидо бўлсин. Набий алайҳиссаломдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасам, бирон марта менга қўпол гапирмадилар, урмадилар ва койимадилар…”. Ибн Умар ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Етим кўзига ёш олса, унинг йиғисидан Раҳмоннинг Арши ларзага келади. Шунда Аллоҳ таоло фаришталардан: “Эй фаришталарим, отаси тупроқда ётган мана бу етимни ким йиғлатди?” деб сўрайди. Фаришталар: “Раббимиз, Сен билувчироқсан”, дейишади. Аллоҳ таоло фаришталарга: “Эй фаришталарим, гувоҳ бўлинглар, ким уни юпатса ва хурсанд этса, қиёмат кунида Ўзим уни хурсанд қиламан”, дейди”, дедилар». Ибн Умар қачон етимни кўрса, бошини силаб, бир нима берарди. Анас ибн Молик ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ким етимни қарамоғига олиб, уни таъминласа, қиёмат кунида ўша етим унга дўзахдан парда бўлади. Ким етимнинг бошини силаса, ҳар бир соч толаси миқдорича савоб ёзилади”, деб марҳамат қилдилар».

«Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!» Яъни унга қўпол гапирманг. Гарчи оз нарса бериб бўлса ҳам, яхши сўз билан қайтаринг. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Ҳеч бирингиз тиланчини қайтарманг. Гарчи қўлида иккита тилла узук кўрсангиз ҳам, сўраганида беринг”, дедилар».

Бир ўринда “соил”дан мурод дин ишларини сўровчидир, яъни, “дин ҳақида савол сўраб келганга қўпол муомалада бўлиб, жеркима, мулойимлик билан жавоб бер”, дейилади. Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ: “Дин борасида савол сўровчига олимнинг жавоб бериши вожибдир”, деган. Абу Дардо ҳадис асҳобларини кўриши билан уларга ридосини тўшар ва: “Набий алайҳиссаломнинг суюклилари, марҳабо!” дер эди.

«Раббингизнинг неъмати ҳақида эса сўзланг!» Яъни, Аллоҳнинг неъматларини сўзланг ва шукр билан эътироф этинг. Мужоҳид: “неъмати” – Қуръон, бошқа ривоятда “нубувват”, деган. Абу Фарос Абдуллоҳ ибн Ғолиб ҳар тонг: “Кеча Раббим мени бунча ризқлантирди, бунча қироат қилдим, бунча намоз ўқидим, Аллоҳ таолони бунча зикр қилдим, бунча иш бажардим”, дер эди. Биз: “Эй Абу Фарос, сендек киши бундай гапларни гапирмайди”, дедик. У: “Аллоҳ таоло: «Раббингизнинг неъмати ҳақида эса сўзланг!» деган. Сизлар эса: “Аллоҳнинг неъматларини сўзлама, демоқдасиз”, дея жавоб берди”.

Нўъмон ибн Бишр ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Озга шукр қилмаган, кўпга шукр қилмайди. Одамларга шукр қилмаган, Аллоҳга шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш – шукр, уни тарк этиш – куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқаларга бўлиниш азобдир”, деб огоҳлантирдилар». Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло гўзалдир. Гўзалликни яхши кўради. Шунингдек, бандасида неъматлари асарини кўришни яхши кўради”. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин!

 

“Тафсири Қуртубий” асосида Исмоил НУРИИМОН тайёрлади.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан

Read 2426 times

Мақолалар

Top