Мақолалар

Даврий нашрларда: Ҳалол ва ҳаромга оид ўн бир қоида

Ҳалол ва ҳаром ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар келган. Уларни билиб олиш ҳар бир мусулмон учун жуда зарур. Шу билан бир қаторда, ҳалол ва ҳаром ҳақида билишимиз лозим бўлган умумий қоидалар ҳам борки, улардан хабардор бўлиш фойдадан холи эмас. Шариатда баъзи ишларнинг ҳаром қилиниши эркинликни чеклаш учун эмас, балки бандаларнинг жисмонан ва маънан саломат бўлишлари ҳамда охират саодатига эришишлари учундир.

Биринчи қоида. Нарсалардаги асл ҳукм мубоҳликдир.

«У шундай Зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди» (Бақара сураси, 29-оят). «У ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйин сундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» (Жосия сураси, 13-оят). Бундан маълум бўладики, барча нарсалар инсон учун яратилган бўлиб, улардан фойдаланиш мубоҳ. Қатъий далил собит бўлмагунича ҳеч бир нарса ҳаром бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афв (этилган) дир. Аллоҳдан офиятни сўранглар, чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Яъни, Аллоҳ таоло баъзи нарсалар борасида ҳалол ёки ҳаром деган ҳукмни баён қилмаган. Уларнинг на фойдаси ва на зарари бор. Шунинг учун ҳам улар мубоҳлик ҳукмида қолаверади.

Иккинчи қоида. Ҳалол ёки ҳаром қилиш фақат Аллоҳнинг ҳаққидир. 

Банданинг иши Раббисидан келган амрни қабул қилишдан иборат. Чунки у ўзига нима фойдаю нима зарар эканини билмайди. Аллоҳ таоло эса барча нарсани билувчи Зот. Шунинг учун У ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром бўлиши тўғридир. Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди», деб огоҳлантирган (Моида сураси, 87-оят).

Учинчи қоида. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол, дейиш катта гуноҳларнинг каттасидир.

Мўмин бирор нарсани ҳаром дейишдан аввал уни яхшилаб ўрганиб чиқиши лозим. Шунинг учун ҳам ўтган солиҳ зотлар токи унинг ҳаромлигига очиқ-равшан далолат қиладиган қатъий ва аниқ ҳужжат собит бўлмагунича, бирор ишга ҳаромлик сифатини беришдан йироқ бўлишган. Бундан бошқа ҳолатларда “ёқтирмайман”, “ёмон кўраман”, “макруҳ бўлса керак” каби ибораларни ишлатишган, холос.

Тўртинчи қоида. Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат ўлароқ, ҳалолнинг ҳам, ҳаромнинг ҳам иллатини баён қилиб қўйди.

Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига нимани буюрган ва нимани ман қилган бўлса, унинг сабабини ҳам билдириб қўйди. Аслида У зот бирор сабаб-иллатсиз бандаларига хоҳлаган ишини буюриб, хоҳлаган ишини ман қилиши ҳам мумкин эди. Лекин бандаларига раҳм қилиб уларни баён қилиб берди. Яъни, нимани ҳалол қилиб, нимани ҳаром қилган бўлса, барчаси биз бандаларнинг манфаати учун эканини таъкидлаб қўйди. Масалан, Аллоҳ таоло «… намозни баркамол адо этинг!» деб буюради. Нега? Чунки «Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур» (Анкабут сураси, 45оят). Аллоҳ таоло нега «Зинога яқинлашмангиз!» деб амр қилди? «Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят). Нега чўчқа гўшти ҳаром қилинди? Чунки «У, албатта, палид(дир)» (Анъом сураси, 145-оят).

Бешинчи қоида. Ҳалолда ҳаромдан беҳожат қилиш бор.

Аллоҳ таоло инсонга қандай шаҳват берган бўлмасин, албатта, уни қондириш учун покиза йўлни ҳам яратиб қўйган. Исломда инсонларни маҳрум қилиш йўқ, балки мақсадга ўзгаларнинг ҳақини поймол қилмаган ҳолда, ҳалол ва покиза йўл билан етишни талаб қилади. Жинсий майлни уйланиш, мол-дунё шаҳватини ҳалол ишлаб, касб қилиш орқали қондириш мумкин. Бошқа эҳтиёжлар ҳам худди шундай ҳалол йўл билан қондирилади. Шу жиҳатдан ҳаромга юришнинг ҳожати йўқ.

Олтинчи қоида. Ҳаромга олиб борадиган нарса ҳам ҳаром.

Маълумки, номаҳрам билан пинҳона суҳбатлашиш, у билан хилватда ёлғиз қолиш, ушлаш ҳаром ҳисобланади. Нега? Чунки бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ ҳаром қилган зинога олиб боради. Шу маънога кўра, ҳаромга восита бўладиган ишларга ҳам ҳаромлик ҳукми берилади.

Еттинчи қоида. Ҳаром учун ҳийла ишлатиш ҳам ҳаром.

Гоҳида инсонлар номақбул ишларни шариат пардаси билан беркитмоқчи бўлишади. Масалан, бир киши рибога қарз бермоқчи бўлади, лекин бу иш шариатда мумкин эмас. Шунда у мақсадига шариатда жоиз бўлган кўринишда эришмоқчи бўлади ва ҳийла ишлатади: буюмини бировга насияга сотади-да, ўзи яна ўша буюмни ундан нақдга арзонроқ нархда сотиб олади. Натижада у ҳам буюмга, ҳам қўшимча фойдага эга бўлади. Бу иш зоҳирда савдога ўхшаса-да, ботинда – аслида рибодир. Шунинг учун бундай ҳийла ишлатиш мутлақо жоиз эмас.

Саккизинчи қоида. Яхши ният ҳаромни мутлақо покламайди.

Аллоҳ таоло фақатгина холис ва тўғри бўлган амални қабул қилади. Холислик фақат Аллоҳнинг розилиги кўзланганда, тўғрилик эса суннатга мувофиқ бажарилганда юзага чиқади. Ният холис-у, суннатга хилоф ва аксинча, суннатга мувофиқ-у, холис бўлмаган амал қабул қилинмайди. Масалан, ундан тушган фойдани етимлар
га сарфлаш нияти билан судхўрлик қилиб бўлмайди. Нияти яхши, аммо уни шариатга зид йўл билан амалга оширмоқчи. Ниятнинг яхшилиги ҳаром амални қилишга баҳона бўлолмайди.

Тўққизинчи қоида. Шубҳалардан сақланиш яхшидир.

Чунки шубҳадан сақланмаган одамда ҳаромни ҳам қилишга журъат пайдо бўлади. Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ҳалол ҳам, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Икковининг орасида эса шубҳали нарсалар бор. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлаган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади…”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ўнинчи қоида. Ҳаром ҳаммага бирдек ҳаром.

Шаръий ҳукмлар барчага бирдек баробардир. Ҳеч ким истисно ёки алоҳида имтиёзга эга эмас. Ҳукмлар маълум тои фаларгагина хослаб қўйилмаган.

Ўн биринчи қоида. Бировларнинг зарари эвазига фойда кўриш ҳам ҳаром.

Гоҳида инсон бировларнинг зарар кўриши эвазига мол орттириб, фойда кўриши мумкин. Мол топишдаги энг катта қоида шуки, ҳамма томонлар учун манфаатли бўлмаган касб ҳалол бўлмайди. Шунинг учун ҳам рибо ҳаром қилинган. Чунки у бир томон фойда, иккинчи томон зарар кўриши устига қурилади. Динда эса зарар кўриш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ.

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилояти вакиллиги матбуот котиби

Усмонали ОРАЛОВ, тайёрлади.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан

Read 1943 times

Мақолалар

Top