Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорате Ҳавзи Кавсарға (Қирқ иккинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Яна билгилки, Ҳавзи Кавсардур,

Анда юлдузча зарфлар бордур.

Пулдин ўтиб, бу суда турғайлар,

Халқни бу суға чўмурғайлар.

То юйулғай томуғ ғуборидин,

Кўнгли тинғай бу лаҳза боридин.

Тинибон кўнгли, борғай учмоққа,

Юз туман шукрлар дегай Ҳаққа.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Ҳавзи кавсар ҳақлиги баёни

 

Яна билгинки, Ҳавзи Кавсар ҳақдир, унда юлдузларча қадаҳлар – сув идишлари бордир. Сирот кўпригидан ўтгандан кейин бу сув ёқасида турадилар.  Халқни –  инсонларни  бу  сувда  чўмдирадилар.  Токи  дўзах ғуборлари ювилиб, шу лаҳза инсоннинг кўнгли барчасидан тинади – таскин топиб, хотиржам бўлади. Кўнгли тиниб – таскин-тасалли топиб, сўнг жаннатга киради, Ҳақ таъолога юз минг шукрлар айтади.

 

ИЗОҲ. Далил – Кавсар сураси, 1-оят маъноси:  “(Эй Расулим!) Шубҳасизки, Биз сизга Кавсарни ато этдик”.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожда ўзларига охиратда ато этиладиган Кавсар анҳори кўрсатилганини айтганлар (Забидий, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи, XI, 1761-1762-ҳадислар).

Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ), “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Саҳиҳи Бухорий)дан ҳадислар:

 

4964-ҳадис. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: «Жаноб Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонга (меърожга) чиқарилганларидан кейин, бундай деб ҳикоя қилдилар: «Бир дарё (сув) олдига келдим. Унинг икки қирғоғи ичи ғовак марвариддан ишланган. Мен ҳазрат Жаброилдан: «Бу нима?» – деб сўраганимда, у киши: «Бу (Ҳавзи) Кавсар», – деб жавоб бердилар».

 

1196-ҳадис. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менингг уйим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир! (Охиратда) минбарим Ҳавзи Кавсарим устида (ёқасида) бўлади», – дедилар».  

 

1344-ҳадис. Ҳазрати Уқба ибн Омир ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангида шаҳид бўлганларга ўз ажали билан ўлган майитга ўқигандек жаноза ўқидилар. Сўнг, минбарга чиқиб: «Мен сизлардан аввал бориб (жаннатдан жой) тайёрлаб турувчиман ва мен сизларга (иймонларингиз ва яхши амалларингизга) гувоҳман. Аллоҳга қасамки, ҳозир мен Ҳавзи Кавсарни кўриб турибман, менга Ер хазиналарининг калитлари (ёки «Ер калитлари», – дедилар шекилли) топширилди. Аллоҳ ҳаққи, мен вафотимдан кейин сизлардан хотиржамман, фақат, мол-дунё кетидан қувмасангизлар, деб қўрқаман», – дедилар».

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1978 times
Tagged under

Мақолалар

Top