Мақолалар

Устоз қалбидаги нур

Илм икки йўлдан – сатрлардан ва судурдан келади (سطوري و صدوري).
Сатрлар орқали давом этадиган илм – китобдан китобга кўчадиган илмдир.
Судурий илм эса қалблардан қалбларга ўтади. Биз буни устоздан шогирдга ўтадиган илм нури сифатида биламиз. Бунинг учун устоз билан шогирд албатта бир мажлисда, алҳол ёки ифтирозий (масофавий) тарзда жам бўлмоқлари лозим.
Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон ҳам китоб бўлиб, жамики китобларга шаън берди.
Аллоҳ таолодан инсониятга пайғамбарлар юборилиб, жамики устозлар мўътабар бўлди.
Хатиб Бағдодий роҳматуллоҳи алайҳнинг «Тақйидул-илм» китобида келишича, бир кишидан: «Ким билан улфатчилик қиласан?» деб сўралса, қўллари билан китобларини кўрсатиб, «Мана булар билан», деб жавоб берибди. «Инсонлардан-чи?» деб сўрашса, «Китобнинг ичидагилар билан», деган экан (تقييد العلم/ الخطيب البغدادي).

Ҳа, китоб толиби илм учун энг яхши ҳамроҳдир. Илмни қадрлаган киши китобсевар бўлади. Китоб тиловати ила ўтказилган вақтда доимо барака бўлади.
Улуг имом, машриқнинг шайхи, ўзи яшаган асрдаги ҳадиси шарифларни жамлаган ҳофизларнинг саййиди, фиқҳ, ҳифз, сидқ ва зуҳду тақвода машҳур бўлган аллома Исҳоқ ибн Роҳувайҳ роҳматуллоҳи алайҳ бир бева аёлга уйланган эканлар. У зотга: «Бир бева аёлга уйланишга сизни нима мажбур қилди?» дейилса, «Аёл кишига унинг китобларига учун никоҳланилади», деб жавоб берибдилар (تنكح المرأة لكتبها).
Ўша бева аёлнинг вафот қилган эридан имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳнинг китоблари қолган экан (Сияри аъломун-нубала, 10/70 – سير أعلام النبلاء 10/70).

Аммо бу борада муҳим бир мулоҳазани эсдан чиқармаслик лозим. Ёш авлодни китобхонликка тарғиб қилар эканмиз, фақат китобнинг ўзи этарли эмаслигини, фақат китобнинг ўзи устоз бўла олмаслигини тушунтириб кетишимиз керак.
Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ: «Энг катта бало саҳифалар билан шайх бўлмоқдир», деган. Демак, одамлар фақат саҳифалардан, китобларнинг ўзидангина таълим олиши катта бало экан.
Бу борада Имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзларини келтириш мумкин:
من تفقه من بطون الكتب ضيع الأحكام
«Кимки фақат китоб ўқиб фақиҳ бўлган бўлса, ҳукмларни зое қилибди» (تذكرة السامع والمتكلم 87).

Хулоса ўрнида имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳнинг «Иҳёу улумид-дин» китобида айтган ҳикматли сўзларини келтирмоқчиман:
«Илмни уни бузадиган, унга зарар етказадиган нарсалардан сақламоқ мол-дунёни сақламоқдан авлороқдир. Ҳақли бўлмаган одамга ато бериш зулми ҳақли кишига ато бермаслик зулмидан оз эмас» (إحياء علوم الدين).
Икрима роҳматуллоҳи алайҳ: «Бу илмнинг баҳоси бор», дедилар. «Баҳоси нима?» дейишган эди, «Илм уни гўзал тарзда кўтарган одамга берилади, чунки у илмни зое қилмайди», деб жавоб бердилар.

Бизга буларнинг барчасини устозларгина ўргатадилар. Ислом дини ҳам шунча асрлар оша устоз-шогирд анъанаси орқали, устоз-шогирдлар силсиласи орқали давом этиб келмоқда.
Роббимиз таолодан жумла марҳум устозларимизни мағфират айлашини, ҳаёт бўлган устозларимизни эса офиятда сақлашини сўрайман.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

Read 1842 times

Мақолалар

Top