Мақолалар

Бир савол сўрасам: Ихлос сурасининг фазилатлари ҳақида батафсил маълумот беринг

— “Ихлос” сурасининг савоблари ҳақида кенгроқ тушунтирсангиз. Мен ўзим кўп ўқийман, кўп ўқиса савоби ҳам катта, деб айтишади...

— Уламолар “Ихлос” сураси Қуръоннинг учдан бирига тенглиги, унда Аллоҳнинг Сомад исми борлиги, бошқа сураларда бу исм топилмаслигини айтишади.

Баъзи уламолар: “Қуръоннинг ўзи учга бўлингани учун: учдан бири ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар (қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. “Қул ҳуваллоҳу аҳад” шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура “Ихлос” деб номланади”, дейдилар.

“Ихлос” сурасининг сифатлари ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Улардан айримларини келтирамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким уч нарсани иймон билан адо этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради ва хоҳлаган ҳурга уйланади: ким қотилни афв қилса, махфий равишда бировнинг қарзини тўласа ва ҳар фарз намозидан сўнг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн марта ўқиса”, дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Биттасини қилса-чи, Ё Аллоҳнинг Расули?” деб сўрадилар. У зот: “Биттасини қилса ҳам”, дедилар” (Абу Яъло Мусилий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқигин”, дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшнилари-ю қариндошларига ҳам мўл-кўл ёғдирди” (Ҳофиз Абу Мусо Мадиний Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган).

“Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ҳар куни эллик марта ўқиса, қиёмат куни: “Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!” дейилади” (Тобароний Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган).

“Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар” (Тобароний ва Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Шиххирдан ривоят қилганлар).

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2247 times

Мақолалар

Top