Мақолалар

Темурийлар меъморчилиги санъати билан боғлиқ шоҳ асар Эрондаги энг кўп зиёрат қилинувчи тарихий масжиддир…

Санъат осойишталик ва камолотга эришиш йўлидаги гўзал бир яратувчиликдир. Кўзни қувнатадиган рамзларга тўла санъат турларидан бири ҳам меъморчиликдир.

Ушбу нафис санъат Темурийлар даврида сезиларли даражада тараққий топиб, у даврдан машҳур меъморчилик санъати намуналари ёдгорлик бўлиб қолган. Темурийлар даври меъморчилик санъати шоҳ асарларидан бири Эроннинг Машҳад шаҳридаги Гавҳаршод масжидидир.

Гавҳаршод масжиди жанубий айвони деворида сулс хатида битилган битик матнида келтирилишича, бу масжид ҳижрий-қамарий 821 – милодий 1417 йили, яъни олти юз йилдан кўпроқ вақт олдин темурий ҳукмдор Шоҳрухнинг умр йўлдоши Гавҳаршодбегим кўрсатмаси ва ёрдами билан бино этилган.

Гавҳаршод масжиди 9400 метр.квадрат майдонда тўрт айвонли масжидлар тарҳи асосида тўртбурчак шаклда қурилган бўлиб, унинг атрофидан тўрт катта айвон, етти катта шабистон (усти ёпиқ кўп устунли макон) ва олтита кириш эшиги жой олган. Мазкур масжиднинг қурилиши ўн икки йил атрофида давом этган.

Гавҳаршодбегимнинг исми ушбу масжид биносининг икки жойида нақшинкор кошинлар ёрдамида битилган. Битиклардан бири кумушранг эшикнинг юқори қисмида, иккинчиси жанубий айвон деворида Гавҳаршодбегимнинг ўғли Бойсунғур қўли билан чиройли ёзувда битилган. Масжид меҳроби жудаям гўзал бўлиб, мармартошдан қурилган.

Ушбу бино «Темурий» деб номланувчи меъморий услубда меъмор Устод Қавомиддин Шерозий томонидан барпо этилган. Ўша давр миниатюра ва меъморчилик санъатларида қўлланувчи асосий бўёқлардан ҳисобланган ложувард, қизил ва сариқ ранглар ушбу санъат шоҳ асарига икки чандон жилва ва гўзаллик бағишлаб турибди.

Темурийлар даври меъморчилик санъатининг ушбу шоҳ асари Эрондаги энг кўп томоша қилинувчи тарихий масжид ҳисобланади.

 

Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги 

Фавқулодда ва Мухтор элчиси

uza.uz

Read 2115 times

Мақолалар

Top