Мақолалар

МУНОСАБАТ: ҲАМЖИҲАТЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Ўзбекистон 24” телеканали орқали эфирга узатилган ёшларга мурожаатини томоша қилдик.

Бу долзарб мурожаат, айниқса, имом-хатиблар учун ёшлар таълим-тарбиясида, уларни муқаддас динимизга ёт турли оқимлар таъсиридан асраш, бу борада жипслашиб, ҳамжиҳат ҳаракат қилишда муҳим тавсиявий характерга эга.

Дарҳақиқат, бугун ёшлар таълим-тарбиясига эътибор ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Чунки фарзандларимиз тарбиясида кузатиладиган бўшлиқни дарҳол “тўлдирадиган” кучлар пайт пойлаб юрганини яхши биламиз. Улар бундай имкониятлардан устомонлик билан фойдаланишадики, афсуски, бунинг аччиқ хотиралари ҳали-ҳамон юрагимизни тирнайди.

Аслида, ёшларнинг турли оқимларга кириб қолиши ёки уларнинг ҳар хил иллатлар гирдобига тушиши илмсизликдан, оилада, маҳаллада, жамиятда тарбияни яхши олмагани оқибатида юзага келади.

Агар ота-она оилада фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратса, бу фарзандларни ҳеч қандай манфур ниятли кишилар йўлдан адаштира олмайди. Балки улар келажакда ота-онасига ва жамият равнақига ҳисса қўшадиган фарзандлар бўлиб вояга етади.

Бунга тарихдан бир мисол келтирсак. Ривоят қилинишича, халифа Ҳорун Рашид халқ ҳаётини ўрганиш учун фақирона кийиниб, бозорга тушибди. Бир қассобдан қўй сотиб олиб, ундан неча кило гўшт ва ёғ чиқишини сўрабди. Қассоб қўйни чамалаб, 14 кило гўшт ва 4,5 кило ёғ чиқишини айтибди. Уйга қайтгач, уни сўйдиришса, ҳақиқатан, қассоб айтгандек бўлибди.

Халифа ўша қассобни топтириб келиб, ундан дунёвий ва диний илмлардан сўрабди. Қассоб жавоб бера олмабди.

– Эй қассоб! Сенда ватанга муҳаббат, халқингга муҳаббат қани?! Наҳот ҳалол ва ҳаромнинг фарқига етмасанг? – дебди халифа. Кейин жар чақиртириб, қассобни дунёвий ва диний илм олмагани, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормагани учун бошқаларга ибрат бўлсин деб дорга остирмоқчи бўлибди. Эртаси куни халифа олдига икки ёш йигит келибди. Уларнинг одобини кўрган халифа “фарзандинг шундай  бўлса” деб қўйибди. Йигитчалар “Отамиздан сўралган саволларни биздан сўранг!” – дейишибди. 

Халифа йигитчаларни саволга тутиб, уларнинг зеҳни ва илмига қойил қолибди.

– Муҳтарам жамоа! Бола – лой, ота ва она кулол эмасми? Бола онадан ўғри, қотил ёки алдоқчи бўлиб туғилмайди. Уни тарбияловчи ота-она ва ташқи муҳитдир.

– Ҳукмни отамизга эмас, балки унинг отасига, яъни бобомизга чиқариш керак эди. Отамиз илмсиз бўлса ҳам, бизни илмли, маърифатли бўлишимизга шароит яратди. Отамиз таҳсинга лойиқдир, – деди қассобнинг катта ўғли.

Халифа узоқ сукут сақлаб, деди:  “Вазирим, сен истеъфога чиқ. Шу  йигитча  менга вазир бўлсин. Қассобнинг эса устига зарбоф тўн ёп, бу элга ибрат бўлсин. Чунки бизнинг келажагимиз – фарзандларимиз. Бола тарбиялашдаги олижаноблиги учун қассоб шунга лойиқ. Қассобнинг отаси тирик бўлса, олиб келинг, ўлган бўлса, гўрига ўттиз дарра уринг. Отаси унга қассобчиликдан бошқа нарсани ўргатмагани учун”, дебди.

Исломнинг дастлабки ўн уч йили ҳам бевосита инсонларнинг таълим-тарбиясига, ақидасига, одоб-ахлоқига катта эътибор қаратиш даври бўлган. Аллоҳ Таоло илк нозил қилган оят ҳам (Алақ сурасининг 1–5-оятлари), илм, таълим, тарбия, одоб-ахлоқнинг тамал тошини қўйиб берган.

Асрлар оша башарият қандай муваффақиятга эришган бўлса, ҳеч иккиланмай бунинг замирида одоб-ахлоқ, таълим-тарбия мужассам эканини эътироф этамиз. Одамлар мана шу олтин ҳалқалардан узоқлаша боргач, бошларига мисли кўрилмаган кулфатлар ёғила бошлади.

Муфтий ҳазрат ўз чиқишларида ёшлар таълим-тарбиясида ҳамжиҳатлик зарур эканини таъкидлаб, елкама-елка туриб, бўлинмай, Аллоҳнинг Китобига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига оғишмай амал қилиш кўплаб муваффақиятлар гаровилигини билдирди.

Дарвоқе, бугун ёши улуғ, ҳаёт тажрибаси катта инсонлар ёшларга насиҳат қилиши, улар ўртасида бирор ножўя хатти-ҳаракатни кўрса, дарҳол ундан қайтариши зарур. Бу иш ҳам динимизга, ҳам маънавиятимизга, ҳам қадриятларимизга ҳамоҳангдир.

Тамим Дорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Бизлар “Ким учун?” дедик. У зот: “Аллоҳ учун, Китоби учун, пайғамбари учун, мусулмонлар уммати ва барча учун”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Биз бугун мана шу ҳадисга риоя қилсак, муфтий ҳазрат айтганларидек, кўплаб натижаларга эришамиз, иншоаллоҳ.

 

Салоҳиддин ТОШОНОВ,

“Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби

Read 1761 times

Мақолалар

Top