Мақолалар

Бир суннатга амал қилиш анъанага айланди

Динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, ажру мукофотга сазовор бўлса, кечирилган инсон кўнглидан адоват кетиб, меҳр пайдо бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир» (Тағобун сураси 14-оят). Демак, биродарини афв этган кишининг гуноҳи кечирилар экан.

Динимизда афв фазилат ҳисобланади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф сураси, 199-оят). Ушбу оят нозил бўлганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраганлар. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло зулм қилган кишини афв этинг, бермаган кишига беринг, сиздан узилиб кетган кишига яқин бўлинг, деб буюрмоқда”, деганлар (“Тафсири Табарий”).

Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечиримлиликда ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда, бундай жавоб берганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Наврўз умумхалқ байрами арафасида жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар фуқаро афв этилди.

Ёзёвон туманилик Ҳасанбой Мерожов шулардан бири. У ҳаётда тўғри йўлдан адашди, диний оқим таъсирига тушиб қолди. 1999 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ҳукми билан ўн етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2016 йилда Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддаси тартибида 5 йил 15 кун муддатга қўшимча озодликдан маҳрум этилган. Бу хақда uza.uz хабар берди.

У қилмишидан чин пушаймонлиги боис афв этилиб, оиласи бағрига қайтди.

– Ҳаёт улуғ неъмат эканлигини кеч тушундим, аммо барибир англадим, – дейди у. – Оилам, яқинларим бағрига қайтишдан ортиқ саодат борми?! Бунинг учун беҳад миннатдорман. Жазони ижро этиш муассасасида қилмишларимни ўйлаб, хатоимни тушуниб етдим ва пушаймон бўлдим. Ҳунармандчилик билан шуғулланиш ниятидаман.

Бу – бир кишининг бошидан ўтказган ва қилган хатоларидан чиқарган хулосалари. Мамлакатимизда байрам ва ҳайитлар арафасида турли хил жиноятларни қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар авф этилиб, уларнинг оилаларидаги ўн минглаб инсонлар хурсандчилигига сабаб бўлмоқда.

Олижаноб сифатларга эга бўлган киши бу дунёда инсонларнинг меҳр-муҳаббати, олқиши ва мақтовига сазовор бўлади, турли ёмонликлардан сақланади. Охиратда эса улуғ неъмат – жаннатга ва Раббимизнинг розилигига эришади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади

Read 1812 times

Мақолалар

Top