Мақолалар

РЎЗАНИНГ САЛОМАТЛИККА ТАЪСИРИ ҚАНДАЙ?

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, барчамиз мусулмонмиз ва бизга ислом ривожи учун кенг йўл очиб берилган юртда яшамоқ насиб этган. Барчамиз тонг саҳар-ла қалбда иймон билан уйғониб, рўза тутмоққа тутинамиз. Рамазон ойи неъматларидан муяссар бўлиш истагида бўлганлар орасида каттаю кичикни учратамиз. Шу ўринда бир савол туғилади: рўза тутиш организм учун салбий таъсир кўрсатмайдими?
Келинг, рўзанинг саломатликка таъсирини кўриб чиқсак.
Шайх Муҳаммад Содиқ ­Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобларида рўза инсоннинг соғлигига фойда бўлиши қуйидаги жиҳатларда кўрсатилган:
Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Рўзадор руҳий изтироблардан ҳам сақланади.
Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпа­йиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор пешобида сийдик йўлларидаги тузларнинг тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради.
Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу айниқса, ёшлар учун жуда фойдали бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди.

Ўсмирларнинг рўза тутишига келсак, балоғатга етган инсонларгагина рўза фарз қилинган. Балоғатга етмаган ёш болаларга рўза фарз эмас. Лекин ота-она ва болага масъул бўлган кишилар, агар боланинг тоқати етса, уни рўза тутишга тарғиб қилсалар яхши. Бу ҳолатда боланинг жисми, қуввати, об-ҳаво инобатга олингани маъқул. Агар бола рўзасини очиб қўйса, уни қазо тутишга мажбурланмайди, чунки бу унга оғирлик қилади.
Шифокорлар қуйидаги хасталиклар билан оғриганлар рўза тутмаганлари маъқул деб ҳисоблашади:
— қандли диабет 1 тури
— ўткир ва сурункали ошқозон-ичак касалликларини қўзиш даврида;
— оғир буйрак хасталиклари;
—оғир даражали камқонлик.
Диний китобларда айтилишича:
Касал кишига рўза тутмасликка рухсат этилган. Киши рўза тутиш сабабли касаллигининг кучайиши, тузалишининг секинлашиши ёки бирор аъзосига талофот етишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин. Хаста киши тузалганидан сўнг Рамазон ойида тутмаган кунларининг рўзасини қазо қилиб тутиб беради.

Хулоса: Рўза тутиш саломатликка зарар эмас, балки фойда. Аммо бунда ҳам тана имкониятларини инобатга олиш керак. Рўза тутаман деб организмни зўриқтириш, хасталикларнинг кучайиб кетишига йўл қўйиш ҳам ножоиз. Зеро, тана ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати, уни авайламоқ лозим.

Шоира АЗИЗОВА, олий тоифали шифокор, гастроэнтеролог:

(«ШИФО-инфо» газетасининг 2018 йил 20-сонидан олинди)

Read 2154 times

Мақолалар

Top