Хозирги кунда юртимиздаги кўплаб зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларда зиёратга борувчи баъзи бир юртдошларимиз томонидан турли хил динимизга ёт бўлган ширк амаллари бажарилиб келинаётганлигини, ушбу муқаддас жойларда турли хил кўнгилочар тадбирлар уюштирилаётганлиги, мақбара ва қабрларга турли хил ёзувлар ёзиб кетаётганлигини қандай тушуниш мумкин. Динимиз кўрсатмаларида ушбуларга ўхшаган барча ишлар харом эканлиги айтилган.
Араб тилида ширк сўзи «икки нарсани тенглаштириш», «тенгдош қилиш», «шерик қилиш» деган маъноларни билдиради. Шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиёлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир.
Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришдан Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида қайтарган. Жумладан, Наҳл сурасининг 51-54 оятларида шундай деган: «Аллоҳ: «Икки (сохта) илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!» – деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина(бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра (У)сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда(кимсалар чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар» (Наҳл сураси, 51-54-оят).
Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учундир. Аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, азиз авлиёлар қабрларига бориб, бахт ёки фарзанд ёҳуд ишига ривож тилаб, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиганлар ҳам бор. Ваҳолангки, ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар» (Аҳқоф сураси, 5-оят).
Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири «Раддул муҳтор» китобида шундай дейилган: «Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир».
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади» (Имом Термизий ривояти).
Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим бўлар экан. Шунингдек, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади.
Аммо бунинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Бугунги кунда айрим ватандошларимиз юртимиздаги баъзи зиёратгоҳлардаги мақбаралар ва у ердаги айрим ножоиз амаллар қилинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш, мақбараларга турли хил ёзувлар ёзиш бидъат ва хурофот амаллардан ҳисобланади.
Шундай экан азизлар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни зиёрат қилишликдан асл мақсад ҳосил қилишлик учун шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ зиёратлар амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Нуруллоҳ Қодиров