Мақолалар

Бир ҳадиси қудсий шарҳи: "Бир яхшилик сабабли жаннатга кирувчилар"

Ҳадиси қудсийда бундай дейилади: “Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга: “Бир банда қиёмат кунида битта яхшилик билан келади ва Мен уни ўша яхшилик сабабли жаннатга ҳукм қиламан”, деб ваҳий қилди. Довуд алайҳиссалом: “Роббим! У банда ким бўлди?” дедилар. Аллоҳ таоло: “У мўмин биродарининг ҳожатини чиқариш учун саъй-ҳаракат қиладиган, ўша биродарининг ҳожатини чиқара оладими йўқми, бундан қатъий назар унинг ҳожати раво бўлишини хоҳлайдиган банда",  деди” (Хатиб, Ибн Асокир ривоят қилишган).

Мазкур ҳадиси шариф мусулмонларни ўз биродарларининг ҳожатларини чиқариш, ғам-ғуссаларини енгиллатиш, орзу-умидларини амалга оширишда ҳамиша ҳаракат қилишга тарғиб қилиб, мана шундай хайрли ишларни қилишда ҳимматли бўлишга ундайди.

Бир оз тин олиб, ушбу ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг: “Мен уни ўша яхшилик сабабли жаннатга ҳукм қиламан”, деган сўзини тааммул қилиб кўрсак, Аллоҳ таоло ўзгаларга яхшилик қилиш учун саъй-ҳаракат қилувчи мўмин бандага жаннатда ўзи хоҳлаган неъматларини бериши, ўша неъматлардан у истаганича фойдаланиш имтиёзига эга бўлишини, англаб етамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ҳадиси қудсийда Довуд алайҳиссаломга ваҳий қилиб, “мўмин банда бу дунёда фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун, холис, эвазига бирор кишидан раҳмат умид қилмай солиҳ амал қилса, Аллоҳ таоло банданинг қилган яхшилиги учун мукофот ўлароқ Ўз ҳузурида жаннатнинг олий неъматлари ила ҳузурланиш имкониятини унга тортиқ қилади”, деб хабар қилмоқда. Во ажаб, Аллоҳ таоло бундай бандага тайёрлаб қўйган мартаба нақадар улуғ!

Аллоҳ таоло ушбу ҳадиси қудсийда мусулмон биродарларига яхшилик қилишни севадиганлар ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш йўлида саъй-ҳаракат қиладиганлар учун шу дунёнинг ўзида уларга жаннат башоратини бермоқда. Аллоҳ таоло мусулмон биродарларининг эҳтиёжларини қондирадиган ёки эҳтиёжини қондиролмаса ҳам шу йўлда саъй-ҳаракат қиладиган кишиларга кўплаб мукофотлар тайёрлаб қўйгандир.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни ушбу фазилатли ишни қилишимизга ундаб бундай деганлар: “Аллоҳ таоло баъзи инсонларни одамларнинг ҳожатлари учун яратди ва инсонлар ўз эҳтиёжларини қондиришда уларга мурожаат қилади. Ана ўша кишилар қиёматда Аллоҳ таолонинг азобидан омонда бўладилар” (Табароний ривоят қилган).

Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг ҳожатида саъй-ҳаракат қилса, унинг бу ҳаракати ўн йил давомида эътикофда ўтиришдан яхшироқдир. Кимки Аллоҳнинг розилигини кўзлаб бир кун (масжидда) эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло у билан жаҳаннам ўртасида учта хандақ (чуқур)қилади, ҳар бир хандақнинг кенглиги машриқ билан мағрибнинг оралиғидан ҳам кенгдир”, дедилар.

Инсонларнинг эҳтиёжини қондириш кишини қиёматда Аллоҳ талонинг азобидан омонда қилади. Ҳеч кимга сир эмаски, эътикоф бандани Роббисига яқинлаштирадиган энг афзал ибодатлардан бири бўлиб, эътикоф ўтирувчи билан шайтоннинг васвасаси ўртасида тўсиқ бўлади. Бироқ, мусулмон биродарининг эҳтиёжларини қондириш йўлида саъй-ҳаракат қилиш унданда афзалдир.

Қарангки, Аллоҳ таоло баъзи инсонларни бошқа кишиларнинг ҳожатини чиқариш учун вазифадор қилиб қўйган. Модомики, улар ўзларининг зиммаларида ўзгаларнинг ҳақлари бор деб билар эканлар, уларга жаннат ваъда қилинмоқда. Шундай экан, муҳтож кимсалар уларнинг олдига такрор-такрор боришларидан малолланмасинлар.

Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бошқа мусулмонларнинг ҳожатлари билан машғул бўлишлари учун уларга неъматлар ато қилгандир. Агар улар бу неъматнинг ҳаққини адо қилиб, ўз эгаларига топширсалар, Аллоҳ уларни неъмат ичра бардавом қилади ва барокатли қилади. Агар малоллансалар, Аллоҳ таоло улардан бу неъматини олиб қўяди, бошқа бандасига беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Баъзи кишиларга Аллоҳ таоло неъмат ато қилганки, модомики улар мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришда малолланмасалар, Аллоҳ таоло улардаги бу неъматни бардавом қилиб беради. Бордию, малолланадиган бўлсалар,неъматларини улардан олиб, ўзгаларга топширади.

Дарҳақиқат, киши ўз ҳожатини қондиришга кучи етмай турган бир пайтда унинг кўнглига хурсандчилик сиғадими? Ана шундай паллада бирор ҳожатбарор рўпарадан чиқиб, ҳожатини раво қилса, қандай ҳолга тушади. Шубҳасиз, қалбини кучли ҳаяжон ва хурсандчилик қамраб олади.

Агар Аллоҳ таоло сизни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу сиз учун катта бахт ва улкан шарафдир. Чунки, мусулмон биродарининг қалбига хурсанчилик киргизиш Аллоҳнинг наздидаги энг афзал ва суюкли амалдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга энг севимли банда одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишинг, ундан ғам ташвишларини аритишинг, зиммасидаги қарзини узиб беришинг, очлигини кетказишингдир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини чиқариш йўлида юришим масжидун набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди”, дедилар.

Мазкур ҳадисдан, модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида эканлиги маълум бўлади.

Ё Аллоҳим, бизларни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқарувчилардан қилгин ҳамда уларнинг қалбларига сурур киргизиш билан қиёмат куни Ўз розилигингни топишимизни насиб эт. Ё раҳимлилар раҳимлиси!

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

Read 1560 times

Мақолалар

Top