Мақолалар

Қурбонлик ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин

 

Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ”, “яқин бўлмоқ” маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.

Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилардилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб этардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

 

Қурбонлик тарихига бир назар

Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган бўлсада, лекин унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

 

Қурбонлик қилишдан мақсад нима?

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади.

Аллоҳга ҳар қанча шукр қилсак, шунча оз. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.

 

Қурбонлик кимларга вожиб?

Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.

  1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб кофир унга аҳл эмас (Бадоеъус саноеъ).
  2. Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди (Ал баҳрур роиқ).
  3. Нисоб эгаси бўлиш.
  4. Муқим бўлиш. Мусофирга қурбонлик вожиб эмас. Гарчи сафарда нисоб миқдорига эга бўлса ҳам. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофир зиммасига қурбонлик вожиб эмас”. 

 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар

Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо топади:

Қўй (қўй дейилганда эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туядир. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.

Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

 

Қурбонлик қилиш вақти

  • қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
  • ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан тугайди. 

 

Қурбонликнинг қийматини садақа қилиш мумкинми?

Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Балки садақа ҳисобланади. Алоуддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир” (Бадоеъус саноеъ).

 

Қурбонлик одоблари

Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

Аввало – Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин”, деган ниятдан йироқ бўлади.

Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги.

Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-сақолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мустаҳабдир.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирортангиз қурбонлик қилишни ирода қилса, сочига ва терисига ҳеч нарса теккизмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.

Тўртинчи одоб – қурбонликни ўз қўли билан қилиш. Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Аммо ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабабларга кўра ўзи сўймасдан, бошқага сўйдиришнинг зарари йўқ.

Бешинчи одоб – қурбонликнинг вақтини риоя қилиш.

Олтинчи одоб — сўйиш одобларига риоя қилиш.

Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бордир. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло қилаётган ҳар бир амалимиз қаторида ушбу қурбонликларимизни ҳам Ўзининг ризолиги учун қилинган ибодатлар қаторида қабул айласин!

Read 5613 times

Мақолалар

Top