Мақолалар

Динда саволим бор: Эрнинг фамилиясига ўтишда мажбурлаб бўладими?

— Аёл киши турмушга чиққач, эрининг фамилиясига ўтиши мумкин-ми? Бу ишда хотинни мажбурлаб бўлади-ми?

— Модомики, урфда бу ҳол кишини танитиш йўлларидан бири ҳисобланса, хотин эрнинг фамилиясини олиши жоиз ишдир. Фақат шарти шуки, бу шариатда қайтарилган насабни даъво қилиш йўли билан бўлмасин. Аммо шунчаки ўзини танитиш воситаси ўлароқ, эр фамилиясига ўтишнинг зарари йўқ. Бунга қуйидагилар далил бўлади: Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси, 10-оятида “Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотини”, дейилади.

Набавий Суннатда келишича, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, киришга изн сўрайди. Шунда: “Ё Расулаллоҳ, бу Зайнаб, сизнинг олдингизга киришга изн сўраяпти”, дейишди. У зот: “Зайнабларнинг қайси бири”, дея сўрадилар. “Ибн Масъуднинг хотинлари”, дея жавоб қилишганда, “Ҳа, унга изн беринглар!”, дедилар. Унга киришга изн берилди” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, урфда жорий бўлса, аёлнинг эр фамилиясига ўтиши жоиз. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

 

 

Read 2026 times

Мақолалар

Top