Мақолалар

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ШИРИН МЕВАСИ ёхуд буюк аждодларимизнинг асарларини энди ўзбек тилида ўқиймиз

“Таъвилот ал-Қуръон” – унга ҳеч бир китоб тенг кела олмайдиган асардир. Бу фан бўйича ундан аввалгилар ёзган китобларнинг бирортаси ҳам унга яқин кела олмайди”. Абу Муин НАСАФИЙ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида буюк алломаларимизнинг нодир асарлари мазмун-моҳиятини ўрганиш ва халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилишни ташкил этиш вазифаси топширилган эди.

Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан мотуридийлик таълимотининг асосий манбаи — “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўзбек тилига таржима қилишдек шарафли ишга қўл урилди. Халқимизнинг аксарияти Қуръони каримдан “Фотиҳа” сураси ва 30-жуз сураларини ёддан билиши инобатга олиниб, шунингдек, тафсир йўналишидаги кўп асрлик анъаналарга амал қилган ҳолда, дастлаб асарнинг айнан шу қисмлари таржима қилинди ва нашр этилди.

Юксак даража соҳиби

Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг асарлари бир неча асрлар оша бутунжаҳон маърифат майдонида ўз улуғворлигини сақлаб келиб, Шарқ ва Ғарбда фан ва маданият шаклланишининг пойдевори сифатида дунё илм масканларида асосий дарслик сифатида қўлланилган ва улардан ҳозиргача ҳам фойдаланиб келинмоқда.

Буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, юртимиздан чиққан фақиҳ ва калом илми алломаларининг ислом ҳуқуқшунослиги, тафсир ва ақида илми борасида тўплаган илмий-амалий тажрибаси юртимизда Қуръон ва фиқҳ илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшган. Бу борада “Имом ул-ҳуда” — Ҳидоят имоми, “Мусаҳҳиҳу ақийдати ахлис-сунна” — Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи, “Имом ул-мутакаллимийн” — Мутакаллимларнинг имоми деган шарафли номлар билан эъзозланган Имом Мотуридий илмий меросининг қадри ва қиймати баланд. Негаки, у инсонларнинг тўғри йўлда бўлишини таъминлашга хизмат қиладиган, оғишиш, тойилиш ва адашишларнинг олдини оладиган муҳим дастуруламалдир. Замонлар ўтгани сайин бу хазинанинг ўз қадри ва аҳамиятини йўқотмай келаётгани ҳам шундан бўлса, ажаб эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясидаги маърузасида шундай деб таъкидлаган эди: “Ўнинчи асрда самарқандлик мутафаккир Абу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган Мотуридия таълимоти бутун ислом оламида кенг тарқалган. Мотуридия таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида, ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”.

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий 870 йилда Самарқанд шаҳри яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топган. Самарқанддаги “Дор ал-Иёдия” ва “Дор ал-Жузжония” номли мактабларда ҳанафий уламолардан таълим олган. Аллома ўз даврида исломда адолат ва мўътадиллик асосларини мустаҳкамлаш, бўлиниш ва фитналарнинг олдини олиш, умматни илм ва одоб негизида бирлаштириш йўлидаги азму шижоати ҳамда илмий жахди билан ном қозонган.

Аллома 944 йилда Самарқанд шаҳрида вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Замондошлари ҳам, ундан кейинги уламолар ҳам Мотуридийнинг чуқур илмий изланишлари натижасида майдонга чиққан асарларининг аҳамиятини, ўзининг эса, нечоғли юксак даража соҳиби бўлганини эътироф этганлар.

Алломанинг машҳур шогирди Абул Қосим Ҳаким Самарқандий таърифи билан айтганда, “Абу Мансур Мотуридий бор нафаси миқдоридаги илмларни ўзида жамлаган, бутун кучини ўз илмини ўргатиш ва тарқатишга сарфлаган. Шунинг учун у ёзган асарлар мақтовга сазовор. У ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотдир”.

Ҳозирги давр уламоларидан Мисрнинг собиқ муфтийси, Ал-Азҳар нуфузли уламолар кенгаши аъзоси Шайх Али Жумъа таъбири билан айтганда: “Дарҳақиқат, имом, ҳужжат, суннатнинг ҳимоячиси, бидъатни йўққа чиқарувчиси Абу Мансур Мотуридий Қуръонни раъй асосида тафсир қилган мактабнинг буюк устозларидан бири бўлган. У зот — Аллоҳ у кишидан рози бўлсин — “Таъвилот ал-Қуръон” номли сермаҳсул асарни ёздилар. By асар ўз соҳасида ягона, бу ўринда ҳужжат бўладиган бир асардир.

Батаҳқиқ, Имом Мотуридий  турли илмлар бўйича қомусий олим бўлган. У мўътазилийларга ҳамфикр бўлмаган масалалар юзасидан улар билан кўплаб баҳс-мунозаралар олиб борган.”

Буюк аждодимиз Абу Мансур Мотуридийнинг бугунги кунгача етиб келган асарларидан энг машҳури ва илмий қиммати билан энг аҳамиятли саналгани, шубҳасиз, “Таъвилот ал-Қуръон”дир.

“Таъвилот ал-Қуръон” асари — мотуридийлик таълимоти асосидир. Унда ҳанафийлик, аҳли сунна вал жамоанинг бутун ақидаси таълиф қилинган. Асарда мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа каби ботил фирқаларнинг, мунажжим, фолбин ва шулар сингари инсонни соғлом фикрдан чалғитувчиларнинг қарашлари, ғоялари, иддаолари, ҳозирги замон истилоҳи билан айтганда, демагогияси муноқаша қилинган ва барчасига илмий асосда раддия берилган.

Туркиянинг Ибн Халдун университети ўқитувчиси Ҳамза Бакрий асарнинг муҳимлик жиҳатларини алоҳида таъкидлайди: “Таъвилот ал-Қуръон” китоби бу — Қуръони каримнинг тафсири бўлиб, унда Қуръони каримнинг барча оятлари тафсири келтирилган. Муаллиф бу асарда Қуръон оятларини жамиятнинг ушбу фанда мутахассис бўлган ва бўлмаган тоифасига бирдек муносиб келадиган услубда тафсир қилган. Яъни Имом Мотуридий қўллаган иборалар ҳар икки тоифа инсонлар учун ҳам манфаатлидир”.

Шу сабабли ҳам Қуръони каримнинг тафсири ва таъвилига бағишланган бу асар асрлар давомида ўзининг аҳамиятини йўқотмай келяпти, унинг маъно-мазмуни бугунги кунда ҳам ўта долзарб бўлиб, ижтимоий муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда.

Асардан кўплаб ҳадислар, саҳобаларнинг сўзлари ўрин олган. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилинган ривоятлар жуда кўп ўринда зикр этилади. Тадқиқотчилар тўқсонга яқин саҳоба ва тобеъиннинг номлари қаламга олинганини ҳисоблаб чиққанлар. Бундан ташқари, йигирмадан зиёд луғат ва тафсир уламоси фикрларидан фойдаланилгани қайд этилган. Уларнинг аввалида Али ибн Ҳамза Кисоий, Яҳё ибн Зиёд Фарро, Абу Убайда Маъмар ибн Мусанно, Ибн Қутайба, Мубаррад, Зажжож туради.

“Таъвилот ал-Қуръон” ўзига хос услубда ёзилган. Унда муаллиф кўпроқ таъвилга эътибор қаратади ва шунга таянади. Асар ҳақида туркиялик илоҳиётшунос олим, профессор Юсуф Шавқий фикрлари эътиборга молик: “Таъвилот ал-Қуръон” асари кишини чуқур мушоҳада юритишга ундайди. Бугунги кунда биз, яъни, ислом уммати қўлимизда шундай бир китоб бўла туриб тақлид йўлига ўтиб кетдик. Бугун биз ўзимизни ислоҳ қилиш учун Имом Мотуридий асарларига, жумладан, “Таъвилот ал-Қуръон”га жуда муҳтожмиз. Чунки, мотуридийлик таълимотида ижтиҳод масаласи, яъни инсоннинг ақлга таяниши, тафаккур юритиши жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Тақлид қилиш, бошқаларга кўр-кўрона эргашиш эса кескин қораланади. Тафаккур — миллат келажагининг асосидир”.

Дарҳақиқат, тафаккур — фикрлар, илм ва зеҳн сарчашмаси. Асрлар давомида онг поклиги, билимларни кашф этиш ва кенгайтириш истаги исломда чуқур маъно ва анъаналарга асосланган. Илмнинг муҳимлиги ва фалсафий маънолари доимо диққат марказида бўлиб келгани ҳам шундан. Мотуридийнинг меҳнати эса шу қадар аҳамиятли, китоблари шу қадар мукаммалки, ҳатто ҳанафий мазҳабидагилар ҳеч бир муболағасиз “Ҳанафийлар ичида биргина шу имомнинг етишиб чиққани ҳам уларга кифоя қилган бўлар эди”, деган фикрни билдирганлар.

Соф ислом ақидасини сақлаш, ботил эътиқодларга қарши курашишда “Таъвилот ал-Қуръон” ҳамиша бирламчи манба бўлган. Хусусан, милодий X-XI асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда мўътазилийлар таъсир кучини кесиш, илдизларини қирқиш, бу ботил фирқа фаолиятига чек қўйиш ва эътиқодий таназзул юзага келишининг олдини олишда ғоят муҳим аҳамият касб этган.

Мухтасар қилиб айтганда, асар кишилар онги ва қалбига ижобий таъсир кўрсата олган. Инсон қалби ва ҳис-туйғулари эса, ҳаёт тарзининг муҳим қисми. Ислом таълимоти шу туйғуларни ислоҳ этишга қайғуради. Ҳозирги кун учун ҳам муҳим ҳисобланган руҳий салоҳият тушунчаси ҳамиша ислом таълимотининг ажралмас қисми бўлиб келган.

Шу нуқтаи назардан, Имом Мотуридийнинг бу тафсири ислом илмлари таълимотида беназир бўлиб, уламолар наздида бошқа бирор аввалги ва кейинги тафсирлар унга тенглаша олмаган. “Кашфуз зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа “Таъвилот ал-Қуръон” ҳақида: “Ушбу китоб Имом Мотуридийнинг бошқа асарлари орасида тили ва услуби жиҳатидан энг енгили ҳисобланади. Шу сабабли, аҳли сунна вал жамоа уламоларининг асосий манбаидир”, деб ёзади.

Асарнинг мўътабарлиги ҳам унинг аҳли сунна вал жамоа учун Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини асослаш, тасдиқлаш ва исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини очиб берганлигидадир. Мотуридийлик уламоси Абу Муин Насафий “Табсират ал-адилла” асарида айтган сўзлари фикримизни исботлайди: “Имом Мотуридийнинг Қуръонга ёзган тафсири барча мавҳум туюлган масалаларга аниқлик киритиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳали қора булутларни ҳайдовчи ҳамда ниҳоятда болиғ васф ила ёзилган асардир. Аллоҳ шундай китобни ёзган зотга ўз саломини йўлласин!”.

Шарафли юмуш шарофати

“Қайсидир халқнинг илмий меросига эътибор бериб, уни ўрганиш, унинг устида чуқур тадқиқот олиб боргандан сўнг кенг китобхонлар оммасига тақдим қилиш ўша халқнинг меросини таниш, маданий ва илмий ютуқларини очиб бериш йўлида энг асосий омиллардан бири эканида Шарқу Ғарбдаги тадқиқотчи олимлар ўртасида ҳеч бир ихтилоф йўқ. Бу — ҳеч ким шубҳа қилмайдиган ҳақиқатдир.

Шунга кўра, Қуръони каримнинг тафсирига оид меросни ўрганиш, уни тадқиқ қилиш ҳамда илмий суръатда тақдим этиш ҳам муҳим иш ҳисобланади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг Китобини ўрганиш, Унинг мақсадини англаш, ундаги таълимотлардан воқиф бўлиш, унинг хазиналарини чиқариб олиш, дуру гавҳарларини кашф қилиш борасида ўзининг каттагина ҳиссасини қўшади”. Ал-Азҳарнинг Ислом илмлари мажмуаси Бош котиби Шайх Муҳаммад Назир Айяд

***

Таъкидлаш лозимки, юртимиз мусулмонлари мотуридийлик таълимотига эътиқод қилса ва муаллиф аллома ватандошимиз бўлса ҳамки, буюк аждодимиз Абу Мансур Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асари ҳозирги даврга қадар Ўзбекистонда жиддий ўрганилмаган эди. Турли фитналар гирдобидан омон қолиб, эътиқодни соғлом тутиш машаққатли бўлиб бораётган, жаҳонда бири-биридан мураккаб ва кескин сиёсий-ижтимоий жараёнлар кузатилаётган, бузғунчи кучлар ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган бугунги вазиятда дину диёнатимизнинг энг муҳим асосларидан бири бўлган бу асарни ўзбек тилига таржима қилиб нашр эттириш ўта зарур ва ғоят долзарб ишлардан бирига айланди.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур бу борада ўринли фикрни баён этди: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ўзбек тилига ўгирилаётгани халқимиз илм-маърифатини оширишдаги муҳим қадамлардан биридир. Юртимиз мўмин-мусулмонларининг мотуридийлик таълимотига эътиқод қилишини инобатга олсак, асарнинг таржима қилиниши жуда зарурий ишлардан бири бўлиб турган эди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қисқа фурсат ичида ўзининг меваларини бера бошлади. Ушбу таржима иши марказ олимлари томонидан амалга оширилган энг муҳим ва катта илмий натижа бўлди”.

Таржимани мукаммал амалга ошириш мақсадида асар яқиндан ўрганилиб, Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратилди. Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилди. Хориждаги мотуридийшунос олимлар билан мулоқотлар ўтказилди, улардан маслаҳатлар олинди. Жумладан, Қуръон, тафсир илмлари бўйича таниқли олим, мотуридийшунос Аҳмад Саъд Даманҳурий, Туркиянинг Мармара университети профессори, доктор Умар Челик, таниқли мотуридийшунос олим, профессор Юсуф Шавқий Явуз каби олимлар билан фикр алмашилди.

Кўплаб уламолар тавсияларига асосан, Бекир Тўпал ўғли ва Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқи остида нашр этилган нусха таржима ишининг асосий манбаси қилиб олинди. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Таъвилот ал-Қуръон” асарида ўзининг фикрларига далил-ҳужжат учун келтирган оятлар ва ҳадисларнинг манбалари ҳошияда кўрсатиб ўтилди.

Мисрлик мотуридийшунос олим, илоҳиёт фанлари доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий мазкур йирик таржима ишини марказ илмий жамоасининг бу муқаддас заминда яшаб ўтган аждодлар ворислари бўлган авлод вакиллари сифатидаги мажбурияти деб баҳолади: “Ўз даврида илм ва уламоларнинг қибласи бўлган Самарқанд заминида яшаб, шу заминда вафот этган буюк имом авлодларининг мана шундай ишга қўл уришлари ҳайратланарли ҳолат эмас, албатта. Аксинча, ислом маданияти ва тафаккурига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшган ва мусулмонлар бугунги кунга қадар уларнинг илмий меросларидан баҳраманд бўлиб келаётган улуғ ота-боболарига вафодорлик нуқтаи назаридан олиб қаралганда, бу вазифа уларнинг зиммаларидаги бурч ҳамдир”.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан олиб борилган изланишлар натижаси ўлароқ, бугун ўзбек тилидаги “Таъвилот ал-Қуръон” асари дастлабки 30-жузининг нашри дунё юзини кўрди ва бу, албатта, давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Энг улуғ, Энг азиз айём арафасида имон-эътиқодли халқимизга ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур асардаги Қуръони карим сураларининг тафсири Қуръон оятлари маъносини янада яхшироқ англашга, буюк Имом Мотуридий бобомиз таълимотини тушунишга асос бўлиб хизмат қилади.

Имом Мотуридийнинг мероси нафақат мутакаллимлар, балки дунёвий илм вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Алломанинг илмий меросида муборак ислом динининг ҳаётбахш мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиш, турли бидъат ва хурофотларга ботган гуруҳ ва тоифаларга қарши кураш алоҳида ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан, Имом Мотуридий илгари сурган ғоялар бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, нафақат илмий, балки юксак амалий аҳамиятга эга.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 19 август, №167(423)
Read 1653 times

Мақолалар

Top