Мақолалар

Асосий қомусимиз виждон эркинлиги кафолати

Миллат ва халқлар тарихида ўчмас из қолдирадиган саналар бўлади. Тез кунларда мамлакатимизда ана шундай кунлардан бири – Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги тантана қилинади.

Конституциямиз 31-моддасида назарда тутилган фуқароларнинг асосий ҳуқуқларидан бири виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳисобланади.

Виждон эркинлиги инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 18 ва 19 моддаларида виждон эркинлиги масаласи ўз ифодасини топган.Ушбу декларация ва 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги  халқаро Пактда қуйидагилар акс этган:

– ўз хоҳишига кўра динга эга бўлиш;

– ўз динини ўзгартириш;

– диний расм-русум ва ибодат маросимларини ўтказиш.

Конституциямизда виждон эркинлиги масаласига бағишланган модданинг ўрин эгаллаши муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги масалалари Конституциямиз, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Тилга олинган қонуннинг 4-моддасида белгиланишича, виждон эркинлиги – бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланади ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Демак, асосий қомусимизда демократик ҳуқуқлардан ҳисобланган виждон эркинлиги ҳуқуқи мустаҳкам ўрин эгаллаган ва ҳимояланган.

 

Жаҳонгир ХАТАМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.в.б.

Read 1431 times

Мақолалар

Top