Мақолалар

Миннат – савобларни йўқ қилувчи иллат

Бизни йўқдан бор қилиб Ўзигагина ибодат қилишимизга тавфиқ берган, охирзамон Пайғамбарига уммат қилиб қўйган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамд-санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин.

Масжид қуриш, уни обод этиш, намоз ўқувчилар учун қулай шарт-шароитлар қилиш улкан савобли, фазилатли амаллардан, инсон вафотидан кейин ҳам тўхтамай савоби ёзилиб турадиган садақаи жориялардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Тавба” сурасида бундай марҳамат қилади: "Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас" (18-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади", деганлар.

Каклик уяси каби дейилишлигидан мақсад ҳатто бир намозхон учун шароит қилиб берган одам назарда тутилади. Демак, бир намозхонга намоз ўқиши учун қулайлик қилиб берсак бунинг савоби Аллоҳнинг наздида ниҳоятда улуғ, Жаннатда ўша инсон учун ҳатто олтиндан қаср барпо қилинар экан.

Аммо шу қурилган масжидга ҳомийлик қилган инсон уни миннат қилсачи, унга берилган савоб ва жаннатда қуриладиган қаср нима бўлади шу хақда ўйлаб кўргансизми?

Қайсидир инсон садақаи жория қилса, масжид, мадраса, мактаб ё йўл, кўприк қуриб ёки кимгадир яхшилик қилса унинг ортидан шу қилган иши ва амалини миннат қилсачи? Унинг тавбаси қабул бўладими?

Гуноҳларни кечирувчи Аллоҳ таоло бундай бандаларнинг ҳам тавбаларини албатта қабул қилади, лекин қилган ишларининг савоби кетади, сарфлаган маблағлари ва меҳнатлари беҳуда, ҳаммаси куйиб кул бўлади. Энг ёмони қилган иши риё бўлгани учун гуноҳкор бўлиб қолади.

Шундай экан, кимки хайр-саховат ёки садақаи жория қиладиган бўлса фақат ва фақат чин ихлос билан Аллоҳнинг розилиги учун бажарсин. Аллоҳ таоло кимдандир юз ўгирса ўша бандани мол-мулкка, қилган ишларига мубтало қилиб қўяди. Мана шундай ёмон оқибатлардан Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи асрасин!

 

Давронбек МАМБЕТОВ,

Элликқалъа тумани "Сафо" жоме масжиди имом-хатиби

Read 1684 times

Мақолалар

Top