Мақолалар

Қуёш тутилганда қусуф намози ўқилади!

Ўзбекистон Республикаси Фанлар акадамемияси Астрономия институти хабарига кўра, бугун, 25 октярбь куни Ўзбекистонда қисман Қуёш тутилиши кузатилади. Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 15:23да бошланади, максимум фазаси эса 16:34да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 68 фоизини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 68 даражани ташкил қилади. Қуёш тутилиши соат 17:38да якунига етади.
Бу жараёнда динимизда қандай амаллар қилиш кераклиги баён қилинган.
Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади. Агар имом ҳозир бўлмаса, якка-якка ўқийдилар.
Бу намозни сафарда ҳам, ҳазарда ҳам, эркак ҳам, аёл ҳам ўқийди. Қари кампирлар, ёш болалар ҳам жамоат билан ўқиса, яхши. Жума фарз бўладиган шахсларга бу намоз амр қилинган.
Бу намозда азон ва иқома йўқ. Жамоат «Намозга!» деб чақирилади. Жамоат бўлиб ёки ёлғиз ўқиса ҳам бўлади. Яхшиси – масжидда ўқиш.
Бу намозда жумадаги каби хутба қилинмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишга амр қилганлар. Хутба қилишга амр қилмаганлар.
Намоз ўқилиш тартиби:
2 ракат намоз ўқилади.
Қироат махфий ва узоқ қилинади.
Бу намозда азон ва иқома йўқ. Жамоат «Намозга!» деб чақирилади. Жамоат бўлиб ёки ёлғиз ўқиса ҳам бўлади.
Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади.
Қобийса ибн Мухориқ ал-Ҳилолий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, у зот дахшатга тушган ҳолда кийимларини судраб, (шошилиб) чиқдилар. Мен ҳам ўша куни у зот билан Мадинада эдим. Бас, икки ракат намоз ўқидилар. Иккисида қиёмни узоқ қилдилар. Сўнг қуёш очилганда қайтдилар ва:
«Албатта, булар оят-белгилардир. Аллоҳ таоло улар билан бандаларини қўрқитади. Қачон уларни кўрсангиз, энг яқиндаги ўқиган фарз намозингиз каби намоз ўқинг», дедилар».
Имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилганда бизга имом бўлиб намоз ўқидилар. Биз у зотнинг овозларини эшитмадик».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Чунки қуёш кундузи тутилади. Кундузги жамоат намозларида қироат махфий бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳо:
«Кусуф намозида эдик. У зотнинг қироатларини биринчи ракъатда Бақара сурасига, иккинчисида эса Оли Имронга тахмин қилдим», деганлар.
Абу Довуд ривоят қилган.
Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ юборадиган ушбу оятлар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун бўлмайди. Лекин Аллоҳ уларни бандаларини қўрқитиш учун юборади. Бас, улардан бир нарсани кўрсангиз, Аллоҳга зикр ва дуо қилишга, истиғфор айтишга шошилинг», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
"Кифоя" китобидан олинди.

Read 1296 times

Мақолалар

Top