Мақолалар

Муборак ой фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Рамазони шарифни қут-барака ойи қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ушбу ойни яхшиликлар мавсуми дея уни ғанимат билишга чақирган Расул алайҳиссаломга салавоту саломларимиз бўлсин.

Президентимизнинг 2023 йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида’’ги қарори бутун халқимизни ниҳоятда хурсанд қилди. Зеро, кейинги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида халқимизнинг азалий орзу-интилишларига ҳамоҳанг ва уйғун ҳолда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда қадимий тарихимиз ва бой маданиятимизга, юксак инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам қилган миллий ва диний қадриятларимизга таянилиши табиийдир. Айниқса, эл-юртимиз доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб оладиган, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муқаддас Рамазон ойининг бу борада алоҳида ўрни ва аҳамияти бор.

Шу боис қарорда бутун дунё мусулмонлари қатори халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олийжаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланди. Чунончи ҳудудларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни уюштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Машҳур саҳоба Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Шаъбон ойининг охирги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ ва муборак бир ойнинг сояси устингизга тушди. Шундай бир ойки, унда минг ойдан афзал бир кеча бор’’ (Имом Байҳақий ривояти). Шукрки, Яратган ана шундай муборак ойга бизларни етказди. Юртдошларимиз Рамазон ойини кўтаринки кайфиятда, катта тайёргарлик ила кутиб олди. Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар улкан ажр-савобга эришади. Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилади, масжидларда таровеҳ намози ўқилади ва хайрия ишлари амалга оширилади.

Қувонарлиси, бу йил юртимизда 1500 дан зиёд масжидларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқилмоқда. Жорий йилда Рамазон ойининг 27 куни давомида масжидларда Каломуллоҳнинг саҳифалари бир хил ададда ўқиш анъанаси жорий қилинади.

Аллоҳ насиб этса, барча масжидларда Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни “Қадр” кечаси куни хатми Қуръонлар якунланиб, бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога дуо қилади. Мана шундай жамулжам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади, инша Аллоҳ.

Дарҳақиқат, бу муборак ойда санаб адоғига етиб бўлмас фазилатлар, дуолар қабул бўладиган ифтор вақти, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга восита бўлувчи таровеҳ намози ва минг ойдан афзал бўлган “Қадр” кечаси бор. Ҳар бир мўмин банда бу улуғ ойга етганда гуноҳлардан тийилишга, савоб амалларни бажаришга, атрофдагиларга яхши муомалада бўлишга интилади. Чунки бу ойда қилинган ҳар бир солиҳ амалнинг даражаси бошқа ойларникидан улуғдир. Ҳадиси шарифда“Бу шундай ойки, Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий — нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У дўстлик, кўнгил овлаш ойидир” (Имом Байҳақий ривоят қилган).

Рамазон — Қуръон ойидир. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (“Бақара” сураси, 185-оят).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мўмин кишининг ризқи зиёда бўлиши, хонадони файзу баракага тўлиши ҳақида бундай марҳамат қилганлар: “Бу ойда Аллоҳ мўминнинг ризқини кўпайтиради” (Имом Байҳақий ривояти). Бу ҳакда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга башорат бериб: “Сизларга Рамазон ойи келди. У муборак ойдир. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, (барча яхшиликлардан) маҳрум бўлибди”, дедилар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Рамазон ойининг кундузлари қандай фазилатли бўлса, кечалари ҳам шундай фазилатлидир. Сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг марҳамати шуки: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса унинг кечаларини ибодат билан ўтказишни сизларга суннат қилдим. Ким имон билан, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва кечаларини ибодат билан ўтказса, онадан янги туғилган чақалокдек гуноҳпардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоят қилган).

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда қайси дин вакили бўлишидан қатъи назар, барча юртдошларимизга виждон эркинлиги кафолатланган. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Бу янгиланаётган Конституциямизда ҳам акс этмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир дин вакилининг ибодати, диний тадбир ва маросимларни эмин-эркин ўтказиши учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, мўмин-мусулмонлар ҳам бу борада ҳамма имкониятларга эга.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар ва кўпайиб бораётган Қуръони карим курслари мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда. Ўтган 5-6 йилнинг ўзида 70 дан зиёд янги масжидлар очилди. Ҳажга борувчилар сони ўтган йили 12 минг нафардан ошди, умра зиёратчилари сони қарийб 100 мингга яқинлашди. Бу рақамлар жорий йилда янада ошади, инша Аллоҳ.

Ислом дини таълимотларини илмий асосда ўрганиш борасида Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолият олиб бормоқда. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ишламокда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 500 йиллик тарихга эга бўлган Мир Араб мадрасасининг мутлақо янги андозадаги фаолияти соҳа учун замонавий фикрлайдиган, динимиз моҳиятини чуқур тушунадиган, бугун замон олдимизга қўяётган муаммоларни ҳал этишга салоҳиятли мутахассисларни етиштириб чиқаришда намуна бўлмокда.

Ўтган қисқа фурсатда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк аждодларимизнинг юзлаб асарлари она тилимизга таржима қилиниб, маърифатга интилувчи халқимизга такдим этилди. Бу ишларнинг барчаси халқимиз динимиз моҳиятини тўғри тушуниб, ҳақиқий ислом нимаю, дин ниқобидаги ёт ғоялар нима эканини теран англашига хизмат қилмокда.

Президентимизнинг Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасига ташриф буюриб, ушбу мамлакатлар раҳбарлари билан диний-маърифий жабҳада ҳам қатор келишувларга эришгани соҳадаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтармокда.

Шунингдек, бир неча йиллардан буён Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиш орзусида юрган кам таъминланган оилалар вакилларини бепул умра сафарига юбориш таклифи маъқуллангани чинакам тарихий воқеа бўлди.

Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришига ҳисса қўшмокда.

Рамазон ойининг кўтаринки рухда ўтиши ҳам халқимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаб, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини янада зиёда қилади. Бинобарин, юртдошларимиз бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлсин, мўминлар қалбига хурсандчилик ва шодлик кирсин деб кўпроқ хайр-саховат қилишга, закотини беришга ошиқади. Ногиронлиги бор, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашади. Беморларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаради.

Шу ўринда, бу борада бир тавсияни бўлишмоқчиман: маҳаллангиздаги дўконда сотувчининг қарзлар дафтарида бева-бечоралар ҳамда камбағаллар харид қилган, лекин пули тўланмаган маҳсулотлар рўйхати ёзилган. Сиз ўша қарзларни ёки уларнинг бир қисмини ёпиб, дафтардан уларнинг исмини ўчиртириб юборинг. Ўша маблағ сиз учун арзимасдир, аммо айримлар учун тўлаш оғир бўлган ишдир. Аслида бу бир тавсия, холос. Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонларга кимнинг қандай ёрдами тегса, савоблар кўпайтириб бериладиган Рамазон ойида ана ўша ишга шошилмоғи зарур.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилдилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Ҳадиси шарифда рўзадорнинг дуоси мақбулдир дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат қилинади. Шунинг учун ҳам бу кутлуғ ойда чин қалбдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб, дуолар қилишимиз керак.

Фазилатли ойда тутадиган рўзаларимиз қабул, адо этадиган ибодатларимиз мақбул ва дуою илтижоларимиз мустажоб бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз.

Аллоҳ таоло бутун халқимизга қутлуғ ойни муборак айласин, диёримиздаги тинчлик-хотиржамлик неъматини бардавом қилсин, дуою илтижоларимизни ўз даргоҳида қабул этсин.

Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Read 1100 times

Мақолалар

Top