Мақолалар

Таваккул

Сўфи Оллоҳёр “Саботул ожизин” асарида бир ҳикоятни келтиради: “Абдуллоҳ ибн Муборак саҳро­да йўлдан адашди. Юриб-юриб, узоқдан бир қудуқни кўргач, энди арқон ва бир челак бўлсайди, деб кўнгилдан ўтказди”.

Қудуққа яқин боргач, челак ҳам, арқон ҳам йўқ, сув анча пастда эди. Ибн Муборак ҳайрон бўлиб бир четга бориб ўтирди. Шу пайт саҳро қўйнидан бир кийик қудуқ томон кела бошлади. Етиб келгач, тумшуғини қудуққа суққан эди, сув кўтарилди, ҳатто қудуқдан тошиб чиқди.

Кейин сув ичиб яна саҳро бағрига кириб, ғойиб бўлди. Бундан ҳайрону лол бўлган Абдуллоҳ югуриб қудуқ бошига борди, сув эса Абдуллоҳ етиб боргунича яна пастлаб кетди.

Шунда унинг қалбидан бир нидо отилиб чиқди ва деди: “Ё Раб, берурсан оҳуга об, менга бермассан, эй султон Ваҳҳоб”. Шу пайт Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қалбига бир нидо келди: “Ўша сен кўрган оҳу саҳрога ризқ истаб чиққан пайтда мендан бошқага таваккал қилмаган эди. Сен эса қудуқни кўрибоқ қалбингни челак ва арқон ташвиши эгаллади...”

Ибн Муборак бу нидони эшитиб, беҳол бўлди, бу танбеҳдан қалбида завқ дарёси жўш урди ва шундан сўнг умрининг охиригача чанқамади.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ Ўз дўстларининг қалбидаги бир лаҳзалик ғафлат учун ҳам танбеҳ беради. Зеро, юксак чўққидаги одамга хатар ҳам катта бўлади.

Ризқлар тақсимланадиган соат

Ойша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: “Барвақт туриб ризқларингизни талаб қилинглар. Куннинг аввали барака ва нажот вақтидир”, деганлар (Имом Баззор ва Имом Таба­роний ривояти).

Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Мен субҳ вақтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ менинг олдим­дан ўтиб қолдилар ва уйғотиб: “Эй қизим, тур, Раббингнинг ризқ (тақсимлашига) шоҳид бўл ва зинҳор ғофиллардан бўлма!” дедилар» (Имом Байҳақий).

Дарҳақиқат, Аллоҳ тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган вақт мобайнида одамларнинг ризқларини тақсимлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчаларимизни барвақт туриб, ризқ талаб қилишга ундаганлар, тонг пайтида ғафлат ҳолидан чиқариш мақсадида ҳаққимизга хайр ва барака сўраб дуо қилганлар.

"Ҳидоят" журналидан

Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби

Read 976 times

Мақолалар

Top