Мақолалар

Тил офатлари

Инсонни гўзал суратда яратиб, қаддини расо қилган, дилини иймон нури билан зийнатлаб, тилига нутқ ато этган ва жамики маxлуқотидан афзал қилган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин.

            Аллоҳ инсон қалбини илмлар хазинаси билан тўлдириб, уни раҳмат пардаси билан ёпди. Сўнгра инсон ботинни зоxирга таржима қиладиган тил билан қувватлантирилди. Ёпилган парда кўтарилди, тил ҳақни деди, нутқ равон бўлди. Бу эътибор, бу фазлдан марғуб тилдан фақат шукроналар сочилди.

            ТИЛ - Аллоҳнинг улуғ неъмати, ажибу латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлса хам итоати туфайли топадиган савоби ёхуд итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки, куфр хам, иймон  хам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир.

            Шу билан бирга ҳар қандай борлиқ ёки йўқлик, маълум ёки номаълум нарсанинг барчаси тил воситасида изоҳланади ва ҳар қандай ҳолатда ўша нарсага тил ўзининг исботи ёки инкори билан рўбарў келади. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни миниб олади, жар ёкасига ҳайдаб, халокатга судрайди. Одамлар тиллари “эккан ҳосил” лар туфайли жаҳаннамга юзтубан қулайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади.

            Бас, шундай экан, тил дунё ва оxиратга фойдаси бор нарсани гапирсин. Хозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилсин. Нима мақтовга, нима мазамматга сабаб бўлишини билганидан сўнг, гарчи оғир бўлса ҳам, билганига амал килсин. 

            Тил туфайли жуда катта xатарлар етади. Бундан сақланишнинг ягона йўли жим юришдир. Шунинг учун шариатимиз жим юришни мақтайди ва жимликка ундайди. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтган эдилар: “Жим юрган киши нажот топади” Термизий ривояти.

            Яна Расулуллоҳ (с.а.в): “Жим юриш - хикмат. (Аммо) бунга амал килувчилар кам” деган эдилар.    

 “Расулуллоҳ сўралди: Одамларнинг жаннатга киришга нима кўпроқ сабаб бўлади? 

– тақво ва гўзал xулқ, дедилар.

   Дўзаxга киришларигачи?

– иккита бўшлик: оғиз ва фарж, дедилар. Расулуллох (с.а.в)”

“Оғиз” дейилганда тил ва қорин назарда тутилган. Чунки, оғиз-тилнинг макони. Шунингдек, қоринга тушадиган нарса хам факат оғиз орқали ўтади.

Абдуллох Сакафий дейди: “Расули акрамга шундай дедим:

– Эй Аллохнинг Расули, махкам ушлашим керак бўлган нарсани айтинг.

– Роббим Аллох дегин, сўнг тўғри бўл, дедилар.

– Эй Расулуллох, мен учун нимадан кўпроқ xавфланасиз? Сўрадим. Тилларини

ушладилар,   

   сўнгра:

– Мана бу! Дедилар.”

Расулуллоҳ (с.а.в) нинг шундай деганлари Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Одам боласи эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: “Орамизда сен Аллоҳдан (кўпрок) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз хам эгри йўлга кетиб коламиз”.

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Сўзлаётган тил борки, албатта, унинг олдида Аллоҳ турибди. Бас, нима деяётганини англаган киши Аллоҳдан қўрқсин”.

Исо алайҳиссалом: “Ибодат ўн қисмдир. Шундан тўққистаси жим юришда ва биттаси одамлардан узлатда” деди.

Расули акрам дейдилар: “гапи кўп одамнинг йиқилиши кўп. Йиқилиши кўп одамнинг гуноҳи кўп. Гуноҳи кўп одам жаҳаннамга лойикдир”.

            Тил билан бировни ғийбат қилиш харом қилинди. Чунки, унда биродарининг нуқсонини, агар ўзи эшитса, xафа бўладиган бирор камчилигини ўзгага билдириш бор. Шунингдек, кимнидир қоралаш маъноси яширинган барча феллар – киноями, имо-ишорами, кўз қисишми, хатда ёзишми, xуллас, шу мақсадни англатадиган барча ҳаракатлар ғийбат худудига киради ва у xаромдир.

“Айтилишича, қабр азоби уч қисм: бири ғийбат, бири чақимчилик, бири бавлдан эҳтиёт бўлмаслик туфайлидир”.

Ҳасан Басрий дейди: “Аллоҳга қасамки, ғийбат мўмин кишининг динига таом жасадга етганидан ҳам тезрок таъсир қилади”.

Абу Xурайра дейди: “Биродарингизнинг кўзига тушган заррани кўрасиз-у, жонингизга туташаётган оловни кўрмайсиз”.

Абдулла Авлоний ўз мисраларида шундай ёзади: “Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз, тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз”.

Умар розияллоҳу анҳу шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таолонинг зикрини маҳкам тутинг, чунки у шифодир. Одамларни гапиришдан сақланинг, чунки у дардддир”

            Аллоҳ таоло барчаларимизни ўз ҳидоят йўлида бардавом килсин.

 

Манбалар асосида Хўжаобод тумани

“Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Муҳаммадқуддус Абдулманнон тайёрлади.

Read 6097 times

Мақолалар

Top