Мақолалар

Денгиз кўпиги

Денгиз кўпиги – чиройли ҳодиса бўлиб, илк марта кўраётган кишида ажойиб таассурот қолдиради.

Сиз ушбу суратда денгиз кўпигини кўриб турибсиз. Бундай кўпик барча денгизларда кўзга ташланади. Денгиз сувларидаги чиқиндилар, органик моддалар, тузлар, ўлик ўсимликлар ва чириган, парчаланган балиқлар бир-бири билан аралашиши натижасида вазни енгил бўлган кўпик ҳосил бўлади. Гоҳида кўпик эллик километрлаб масофага чўзилиб кетади.

Олимлар денгиз кўпигини миксер (аралаштирувчи қурилма) ичидаги сутнинг кўпигига ўхшатади. Денгиз кўпиги пайдо бўлганидан сўнг кўп турмай ҳавога тарқалиб кетади. Денгиз мавжларининг ҳаракати қанчалик ваҳимали, даҳшатли бўлса, кўпикнинг миқдори шунча кўпроқ ва енгилроқ бўлади.

Кўпик ҳақидаги илмий ҳақиқатлар қуйидагичадир:

  1. Денгиздаги кўпик тезкор ҳаракат пайтида ҳосил бўлади. Сувнинг тезкор ҳаракати эса қаттиқ бўрон ёки улкан селлар натижасида юзага келади. Кўпик доим қирғоқда баланд тепалик кўринишида тўпланади.
  2. Кўпикнинг вазни жуда енгил бўлиб, буғ каби ҳавода сузиб юради.
  3. Озгина миқдордаги сув улкан кўринишдаги кўпикнинг ҳосил бўлиши учун етарлидир.

Кўпик ва унинг моҳияти ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган:

أَنزَلَ مِنَ السَّمَاء مَاء فَسَالَتْ أَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا فَاحْتَمَلَ السَّيْلُ زَبَداً رَّابِياً وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيْهِ فِي النَّارِ ابْتِغَاء حِلْيَةٍ أَوْ مَتَاعٍ زَبَدٌ مِّثْلُهُ كَذَلِكَ يَضْرِبُ اللّهُ الْحَقَّ وَالْبَاطِلَ فَأَمَّا الزَّبَدُ فَيَذْهَبُ جُفَاء وَأَمَّا مَا يَنفَعُ النَّاسَ فَيَمْكُثُ فِي الأَرْضِ كَذَلِكَ يَضْرِبُ اللّهُ الأَمْثَالَ

“У зот осмондан сув туширди. Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди. Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўладир. Аллоҳ ҳақ ва ботилга мана шундай зарбулмасал келтирур. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Одамларга манфаат берадиган нарса эса, ер юзида қолди. Аллоҳ мисолларни ана шундай келтирадир”. (Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, ёмғир ёғдирса, сел оқади. Шу билан бирга, сел ўзининг устида кўпикни ҳам оқизиб келади. Бунда сув ҳаққа, кўпик ботилга ўхшатилмоқда. Зеб-зийнат ясаладиган олтин ва кумуш, асбоб-ускуна ясаладиган темир ва мис каби маъданлар устида ҳам занг ва кераксиз моддалар бўлади. Бу масалда ҳаққа асл маъданлар, ботилга занг ва кўпик қиёс қилинмоқда. Кўпик, гарчанд сувнинг устига чиқиб турган бўлса ҳам, барибир у кўпикдир. Маъданлардаги занг ва бошқа моддалар уларни ўраб турган бўлсалар ҳам, тобланиш вақти келганда, бирпасда йўқ бўлиб кетадилар. Ботил ҳам шундай: ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади.) (Раъд сураси, 17-оят).

Агар биз ушбу оят ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсак, унда айтилган гапларнинг илмий ҳақиқатларга қанчалик мос келишини кўрамиз.

Албатта, кўпик водийлардан тезкор ва шиддатли тарзда оқиб келган сув оқими – сел натижасида ҳосил бўлади. Кучли жала пайтида ҳосил бўладиган сел ва ундаги кўпик ҳаммага маълум.  

Юқоридаги оятда кўпикнинг ташкил топиши қандай бўлишини васф қилинган:

فَسَالَتْ أَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا فَاحْتَمَلَ السَّيْلُ زَبَدًا رَابِيًا

“Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди”.

  1. Оятдаги رَابِيًا (робиян) калимасига эътибор берайлик. Бу калима “робаа-ярбуу” феълидан олинган бўлиб, “катталашди”, “улкан бўлди” маъносидадир.

Дарҳақиқат, олимлар “Кўпик – ичи ҳаво билан тўлган ғовак ва енгил нарсадир. Улкан ҳажмдаги кўпик ҳосил бўлиши учун озгина миқдордаги сув ҳам етади” дейишади. Сув оз бўлса ҳам, ундан ҳосил бўлган кўпик ичи ҳаво билан тўлгани сабабли катта бўлиб кўринади.

  1. Бу ояти карима физик олимлар яхши биладиган бир қонунга – зичлик қонунига ишора қилади. Бу қонунга кўра, оғир модда тортишиш кучи таъсирида пастга тушади, енгил модда юқорига кўтарилади. Ҳарорат ёрдамида бу жараённи тезлаштириш мумкин. Шунинг учун метални қайта ишлаш заводлари темир рудасини эритиб, ундаги ифлос, чиқинди нарсаларни чиқариб юборади. Темир рудасидаги ҳарорат муайян миқдорга етгандан кейин унга ёпишган чиқиндилар юқорига ҳаракатланади ва буғга айланиб чиқиб кетади. Тозаланган темир эса чўмичнинг пастида тўпланади. Кейин ўша тўпланган соф ва суюқ металл қолипларга қуйилади. Бу жараённи табиатдаги барча моддаларга нисбатан қўлласа бўлади.

Қуръони Карим бу жараёнга мана бу оятда ишора қилган:

وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيْهِ فِي النَّارِ ابْتِغَاءَ حِلْيَةٍ أَوْ مَتَاعٍ زَبَدٌ مِثْلُهُ

“Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўладир”.

Агар биз денгиз, сел кўпикларининг ташкил топиши билан темир рудасини эритиш асносида ҳосил бўладиган кўпикнинг ташкил топишини солиштириб кўрсак, иккиси ҳам бир хил физик қонуният асосида содир бўлишига гувоҳ бўламиз. Бу эса Қуръонда нозик услуб билан васф этилган ҳолатдир. Бу услуб бундан ўн тўрт аср муқаддам, ўқиш-ёзишни ўрганмаган, денгиз ва сел табиати ҳақида маълумотга эга бўлмаган ва металлургия саноатидан хабардор бўлмаган инсон томонидан содир бўлиши мумкинми?!

  1. Кўпикнинг кетиши.

Агар биз кўпикнинг кетиши ҳақидаги маълумотларни излаб кўрсак, олимларнинг мана бу гапларига дуч келамиз: “Кўпик (ҳар қанча катта бўлмасин) – енгил шабадалар эсганда, кетади ва ҳавога кўтарилиб, қуриб, кўздан ғойиб бўлади. Чунки у ғовак бўшлиқдан иборат бўлиб, вазни енгил ва ичи ҳаво билан тўлгандир”.

Энди Қуръондаги таърифга қаранг:

فَأَمَّا الزَّبَدُ فَيَذْهَبُ جُفَاء

“Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди”.

 

Денгиз кўпиги ва гуноҳлар

Буюк Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳларни денгиз кўпигига ўхшатганларида ўта нозик, илмий ўхшатиш қилганлар. У зот алайҳиссалом бир ҳадисда шундай деганлар: “Ким юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, унинг хатолари  денгиз кўпигича бўлса ҳам  ўчирилади”.

Бунга ўхшаган ҳадислар жуда кўп. Уларнинг барчасида гуноҳларнинг кўплиги ва уларнинг ўчирилиши денгиз кўпигига ўхшатилган. Бундай ўхшатиш орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ажиб мактуб юборганлар. Бу мактуб мана бундай деяпти: “Албатта, гуноҳлар, ҳар қанча кўп ва катта бўлса ҳам, худди шабада денгиз кўпигини осонлик билан кетказганидек, Аллоҳнинг зикри (чин дилдан қилинган тавба, ҳақиқий истиғфор), солиҳ амаллар ўша гуноҳларни осонлик билан кетказади”.

Аллоҳ таоло бизларни Қуръонни тадаббур билан ўқийдиган бандаларидан қилсин ва барча гуноҳларимизни мағфират этсин, омин!

 

Муаллиф: Абдуддоим КАҲЕЛ

Мутаржим: Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Иномжон ХУДОЁРОВ

Read 4671 times

Мақолалар

Top