muslim.uz
Шайх Алижон қори мадраса талабаларига маърифий суҳбат қилиб берди
Айни кунларда юртимизнинг диний соҳа раҳбарлари, таниқли уламолар Хоразм вилоятида хизмат сафари билан бўлиб турибди. Ташриф давомида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилмоқда.
Ана шундай маърифий учрашувлардан бири Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири шайх Алижон қори билим юрт мударрислари ва талаба-ёшлар билан учрашди.
Файзли даргоҳга йиғилганларнинг барчалари азиз устознинг маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар.
Аллоҳ таоло устозимизнинг илмини зиёда айлаб, барчамизга манфаатли қилсин!
Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Иброҳимжон Иномов: тинчлик-хотиржамлик – улуғ неъмат
Хабарингиз бор, юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Қорақалпағистон бўйлаб масжидларда илмий суҳбатлар ўтказиш учун Нукус шаҳрига келишди. Сафарни “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидидан бошлаган домлалар бир неча жомеларда бўлиб, Элликқалъа туманидаги “Абдулла Норинжоний” жоме масжидига етиб келишди. Уламолар ташрифини эшитган мўмин-мусулмонлар тўп-тўп бўлиб масжидга келмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Инамов иштирокида “Абдулла Норинжоний” жоме масжидида бўлиб ўтди. Иброҳимжон домла жамоат билан бирга аср намозини адо қилди. Сўнг йиғилганларга “Тинчлик-хотиржамлик – улуғ неъмат” мавзусида гззал маъруза қилди.
Ҳақиқатан тинчлик – бебаҳо неъматдир. Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши учун тинчлик зарур. Унинг зидди бўлган уруш-жанжалнинг ҳар қандай кўриниши бўлмасин ёмон ҳолатдир. Катта-катта урушлар уёкда турсин, оддий икки инсоннинг урушиб қолишини Аллоҳ таоло хуш кўрмайди.
Аллоҳ таоло бандалари орасида уруш бўлишини истамагани учун уларни ўзаро аҳиллик, тинчлик-хотиржамликка чақириб бундай марҳамат килади: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол улар орасини ислоҳ этингиз" (Хужурот сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайхиссалом бундай деганлар: “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг кадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари ).
Ривоятларга кўра, Хариш Наимдан Хажжож ибн Юсуф сурабди: “Неьмат нима?” Шунда у: “Тинчлик-хотиржамлик, чунки мен нотинчликдан хавфсираган кишининг ҳаётидан мамнунлигини курмадим", деган эканлар.
Маъруза ниҳоясида жамоатни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Халкимиз, юртимиз ва динимизга барокот сураб дуолар қилинди. Жамоатимиз ҳам шундай учрашувлар тез-тез бўлишини сўраб дуо килди.
Қорақалпоғистон қозиёти матбуот хизмати
"Гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади..."
Ушбу калиманинг қатъий қарор қилинган истилоҳий маъноси, ислом уммати умрининг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланиши (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир: "Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади" (яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кетма-кет, тартиб билан зикр қилиб, уларга "хайрли" дея гувоҳлик берган уч аср (аҳли)дан мурод салафи солиҳинлар давридир.
Биринчи давр - ислом ақидаси ва асосларини тўғридан-тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилиб олганлар, яъни саҳобалар давридир. Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик доғлари ва васваса ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо эди.
Иккинчи давр - тобеъийнлар даври. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига тобеъ бўлганлари, уларнинг ҳидоятига эргашганликлари ҳамда саҳобаларнинг Расулуллоҳни кўриш, у зот билан ҳаммажлис бўлиш, васият ва насиҳатларидан таъсирланиш орқали касб қилган ёғдуларига етишиш сабабли нубувват зиёси уларни чулғаб олган зотлардир.
Учинчи давр - тобеъийнга эргашган зотларнинг даврасидир. Бу давра, фикрий софлик ва исломий фитратнинг ташқи қоришмалар таъсиридан холилик даври ниҳояланишининг огоҳлантирувчиси эди. Айнан мана шу вақтга келиб бидъатлар пайдо бўлиб, улар кенг қулоч ёя бошлади. Адашган фирқалар ўтган "уч аср"нинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга оға бошладилар. Нафсу ҳаво, бидъат ва залолат изғиринлари кўпайгандан кўпаяверди, (унинг доираси) кенгайгандан кенгаяверди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизга қадар давом этди. Бу сўзнинг тасдиғи, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифдир. Ушбу ҳадисда шундай дейилади: "...албатта сизларнинг (бошингизга) бир замонлар келадики, кейингиси ундан-да ёмонроқ бўлади".
Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб Аҳли сунна ва жамоа мусулмонларини адашув, куфр ва ширкда айблайдиган ваҳҳобийлик фирқасидаги одамлар салафи солиҳларга эргашиш ниқоби остида, исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилмоқда. Ушбу оқим таълимоти моҳияти ва ғоявий намояндаларига нисбат берилган ҳолда "салафий", "муваҳҳидун", "ваҳҳобий" деган атамалар билан юритилади.
Улар исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат, дейишади, бироқ ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларидан бошқасининг сўзини тан олишмайди. Тўрт нафар мужтаҳид имом: имом Аъзам, имом Шофеъий, имом Молик ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимга эргашганларни эса қоралашади. Аслида улар эргашаётган "мужтаҳид"лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди, чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган.
"Салафийлар"нинг "Фақатгина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак" деган чақириғи назарий жиҳатдангина яхшидир, аммо амалий ҳаётда, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир-оқибат ҳар бир одам учун "Ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқа "етакчи"сининг ижтиҳодигами?", деган савол кўндаланг бўлаверади. Шайх ҳазрат айтганларидек: "Уларнинг умматнинг ичидан ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам, ишлари ҳам йўқ. Мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам борганлари йўқ. Лекин даъволари оламни тутади. Ўзларидан бошқа барча мусулмонларни хатокорликда, залолатда, Қуръон ва Суннатни тарк қилишда айблайдилар..."
Қуйида уларнинг баъзи даъволарига раддиялар келтириб ўтамиз.
Уларнинг даъвоси: "Аллоҳ бизни бировнинг фикрига эргашиб ибодат қилишга буюрмаган. Шунинг учун, мазҳаб имомига эргашишимиз шарт эмас".
Раддия. Бу даъволар Қуръон оятларига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло билмаган нарсаларимизни олимлардан сўраб, унга амал қилишга буюриб, шундай деган: "Билмасангиз, зикр аҳлидан (яъни олимлардан) сўранг" ("Наҳл" сураси, 43-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизларни олимлардан сўрашга ва улар айтган кўрсатмага амал қилишга буюрмоқда. Яна бошқа бир оятда, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳидларга эргашишга тарғиб қилиб шундай дейилади: "Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш - хабар етса, уни ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар" ("Нисо" сураси, 83-оят). "Ишнинг негизини биладиганлар" деб таржима қилинган сўз араб тилида "истинбот" деб номланади. Яъни истинбот қила оладиган мужтаҳидларга ҳавола қилишса, хато қилмаган бўлишади, дейилмоқда. Демак, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган ҳар бир одам, гарчи у араб тилини яхши билиб, оят ва ҳадисларнинг маъносини тушунса-да, мужтаҳид имомга эргашиши шарт.
Уларнинг даъвоси: "Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз".
Раддия: Шаръий ижтиҳод шартларини ўзлаштириб мужтаҳидлик мақомига етмаган киши ҳар бир мазҳабдан нафси-ҳавоси истагига мос келган фатвони олиб, амал қилиши шариатда "талфиқ" дейилади. Соддароқ қилиб айтганда, талфиқ айни бемазҳабликнинг ўзгинасидир. Тўрт мазҳаб фуқаҳолари талфиқдан қайтарганлар. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳалолни ҳаромга, макруҳни мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст инсонга айланади.
Уларнинг яна бир даъвоси: "Мазҳабга эмас, салафларга эргашиш керак".
Раддия: Мана шу сўзни айтаётган салафийга: "Бу фикрга қаердан келдинг", деб савол берсангиз, у: "Албоний, Усаймин ва Ибн Бозларнинг маърузасидан ёки китобидан ўқиб шу фикрни айтганларини эшитдим", дейди. Фаразан тўрт мазҳаб имомига эргашмай, салафларнинг йўлидан юрадиган бўлсак, ўша салафларнинг сўзини, йўлини қандай топамиз, десак, салафийлар: "Албоний, Усаймин, Ибн Боз ва бошқа олимлар ўз китоблари ва маърузаларида салафлар йўлини баён қилиб, фиқҳий масалаларни айтишган. Биз ўшанга амал қилсак бўлди", дейди. Биз шунда у салафийга: "Демак, сен ҳам салафларнинг эмас, ўша Албонийларнинг йўлига эргашаётган экансан-да", деймиз. Аслида, имом Аъзамга эргашиш салафлар йўлини маҳкам тутишдир. Чунки, имом Аъзам тобеин, яъни салаф бўлганлар. Шунингдек, қолган уч мазҳаб имоми Албоний, Усайминдан кўра салафлар даврига яқин яшаган ва уларнинг йўлини булардан кўра яхши билган.
Салафийлик даъвоси билан фаолият олиб бораётган бу тоифа мазҳабсизликка чақириш билан аслида ўзлари бир мазҳабни пайдо қилган ва умматнинг тафриқа ва бўлинишига сабаб бўлган.
Улар айтган даъвонинг, яъни мазҳаб имомларининг бирортасига эргашмасдан ибодат қилиш керак, деган сўзнинг имкони йўқ. Чунки қайси бир фиқҳий масалани ечишга уринмасин, албатта тўрт имомдан бирининг сўзини олишга мажбур. Шундай экан, бу асоси йўқ даъволарни четга суриб, бир минг икки юз йилдан бери давом этиб келаётган тўртта мазҳабнинг бирига эргашиб, ибодатларни адо қилиш энг тўғри ва салафлар йўлини маҳкам тутиш ҳисобланади.
Улар томонидан илгари сурилаётган жиҳод тушунчасига келсак, унинг замирида инсонларни қўрқитиш, даҳшат, ваҳима уйғотиш, қириб ташлаш, мол-мулкига зиён етказиш, динлараро иғво, нифоқ келтириб чиқариш, охир-оқибатда бегуноҳ инсонларнинг ўлимига олиб келувчи ўта оғир жиноятларни содир этиб, фақат сиёсий ҳокимиятга эга бўлишга интилаётгани сезилмоқда.
Хулоса шуки, дин аҳкомларидан ва ундаги далил-ҳужжатлардан бехабар одамлар мужтаҳид имомлардан бирининг мазҳабига эргашиши лозим, чунки у имом Аллоҳнинг Китоби ва Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатини яхшироқ билади.
Манбалар асосида
Касби туманидаги
"Фазли" жомеъ масжиди имом-хатиби
Азамат УСМОНОВ тайёрлади
Араблар нега сантехника қурилмасини ҳанафия дейишади?
Нима учун араб тилида таниқли сантехника жўмраги ҳанафий диний ва ҳуқуқий мактаби шарафига ҳанафия деб аталади, унинг асосчиси буюк мусулмон илоҳиётчи ва ҳуқуқшунос Имом Абу Ҳанифа ҳисобланади.
IslamNews маълумотларига кўра, ҳамма гап шундаки, 19 аср охирида араб дунёсида канализация тизимини қуриб, жўмраклар ўрната бошлашди. Бу асрлар давомида сув таъминоти билан шуғулланиб, барқарор даромад олаётган сув ташувчиларга қаттиқ зарба берди.
Кейин бу соҳа вакиллари мусулмон илоҳиётчиларига таҳорат қилиш учун жўмракдан фойдаланиш мумкинми, деган савол билан мурожаат қилишди.
Уламолар ўртасида мунозара қизиб кетди. Олимларнинг аксарияти бу янгилик исломга зид ва жўмрак суви билан ювиш ҳаром, деган қарорга келишган. Уларнинг асосий далили ислом нуқтаи назаридан номақбул исрофгарчилик - бу ҳолда ортиқча сув сарфи эди.
Ва фақат ҳанафий мактаби уламолари жўмраклардан фойдаланиш ислом дини аҳкомларига зид эмас, деган қарорга келдилар. Шунинг учун уларнинг шарафига янги сантехника қурилмаси ҳанафия деб номланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
«Ясин» сурасининг фазилати
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “«Ясин» Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги) ва охират куни (нажот топиш)ни истаб тиловат қилса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар” (Насоий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Мазкур ривоятдан, «Ясин» сурасини ихлос билан ўқиган кишининг гуноҳлари кечирилади. Бошқа ривоятда эса, «Ясин» сурасини тунда ўқиш билан банданинг гуноҳлари мағфират қилиниши айтилган.
«Ясин» сурасини ўликларга ўқишни уламолар икки хил изоҳлашган:
- Ўлим тўшагида ётганларга ўқиш;
- Вафот этган маййитларни унинг савобидан баҳраманд бўлишлари учун ўқиш.
Аксарият уламолар биринчи изоҳни маъқуллашган. «Ясин» сурасини ўлим тўшагида ётган кишиларга ўқинглар, деб амр қилинишининг сабабини уламолар қуйидагича тушунтиришган: “Ушбу суранинг фазилатларидан бири шуки, агар у қийин ва оғир дамларда ўқилса, Аллоҳ таоло банданинг аҳволини енгиллаштиради. Хусусан, жон чиқиш пайтда ўқиш раҳмат ва бараканинг тушиши ва жон чиқишининг осон кечишига сабаб бўлади”. «Ясин» сурасида Аллоҳнинг зикри, қайта тирилиш ҳолати, қиёмат, жаннат, шайтон фитнасидан эҳтиёт бўлиб юриш кабилар зикр қилингани учун ўлим тўшагида ётганлар мазкур сура ўқилганда ўзларида енгиллик ҳис қиладилар.
“Муснадул-Фирдавс” китобида: “Агар қайси маййитнинг ҳузурида «Ясин» сураси ўқилса, албатта унга енгиллик берилади”, деб айтилган. Шайх Совийнинг “Тафсир”ида эса: “Қуръонда бир сура борки, у ўша сурани ўқувчиларни шафоат қилади, унга қулоқ тутувчиларнинг ҳаққига истиғфор айтади. У «Ясин» сурасидир. Ушбу сура Тавротда Муъимма (яъни, умумлаштирувчи) деб номланган. Сабаби у соҳибини дунё яхшиликларига ноил қилиб, охират қўрқинчи ва азобидан ҳимоя қилади”, дейилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Ясин» (сураси)дир. Ким уни (ихлос билан) ўқиса, Аллоҳ ўша бандага Қуръонни ўн марта ўқиганлик савобини беради”, деганлар” (Термизий, Доримий, Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
«Ясин» сурасининг “Қуръон қалби” дейилишига сабаб – бу сурада қалб билан боғлиқ масалалар, жумладан, Аллоҳнинг ваҳдонияти, рисолат, қайта тирилиш ва шу кабилар баён қилинган. Бу ривоятга кўра, банда «Ясин» сурасини ихлос билан бир марта ўқиш орқали кичик гуноҳлардан фориғ бўлади ва Қуръони каримни ўн марта ўқиганлик савобига эришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таборака ва таоло осмонлар ва Ерни яратишидан минг йил аввал «Тоҳа» ва «Ясин» сураларини ўқиди. Фаришталар Қуръонни эшитиб, “бу нарса тушган умматга Тубо бўлсин! Буни кўтариб юрадиган қалбларга Тубо бўлсин! Буни гапирадиган тилларга Тубо бўлсин!” дедилар” (Доримий, Байҳақий ва Табароний ривояти). “Тубо” сўзи “жаннат”, “жаннатдаги дарахт”, “бахт-саодат” каби маъноларни англатади. Ушбу ривоятда Қуръони карим, хусусан Тоҳа ва «Ясин» суралари қанчалик фазилатли экани, уларни ўқиш, ёд олиш билан банда бахт-саодатга эришиши айтилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким «Ясин» сурасини кечаси ўқиса, унинг гуноҳлари ўша кечада мағфират қилинади” (Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти). Бундан келиб чиқадики, кечаси уйқудан аввал «Ясин» сурасини ўқиш кишининг кичик гуноҳларига каффорат бўлади.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кечаси Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун «Ясин» сурасини ўқиса, (Аллоҳ) у бандани мағфират қилади”, деганлар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким «Ясин»ни куннинг аввалида ўқиса, ҳожатлари раво қилинади”, деб айтганлари хабар қилинган” (Доримий ривояти). Ким бомдод намозидан кейин «Ясин» сурасини ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади, бундай банда Қуръонни ўн ёки ўн икки марта хатм қилганлик савобига эришади ва ҳожатлари раво қилинади. Шундай экан, бошига бирон кулфат тушганлар, мушкул аҳволда қолганлар «Ясин» сурасини ихлос билан ўқисалар, муродларига етадилар.
Шаҳр ибн Ҳавшаб Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ким «Ясин»ни тонг отганда ўқиса, кечгача куни енгил ўтади. Ким уни туннинг аввалида ўқиса, тонггача туни енгил ўтади” (Доримий ривояти). Бу ривоятда юқоридаги ҳадис изоҳланмоқда. Демак, ишим енгил бўлсин, деганлар, нажот ва муваффаққиятга эришмоқчи бўлганлар бу тавсияга амал қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Динимиз Исломда бандаларга фақат охират саодати йўллари эмас, балки дунёда ҳам ютуқларга эришиш усуллари ўргатилган, банда икки дунё саодатига эришишга тарғиб қилинган.
Ҳасандан ривоят қилинади: “Ким кечаси Аллоҳ розилиги учун «Ясин»ни ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Менга хабар қилинишича, у (сура) тўлиқ Қуръонга тенгдир” (Доримий ривояти).
Юқоридаги ривоятлардан «Ясин» сурасининг қуйидаги фазилатлари маълум бўлади:
- «Ясин» Қуръоннинг қалби;
- Ўлим тўшагида ётганлар «Ясин» сураси тиловатидан манфаат оладилар;
- «Ясин» Қуръоннинг ҳаммасига тенг;
- «Ясин»ни ўқиган банда Қуръонни ўн марта хатм қилиш савобига эришади;
- «Ясин»ни ихлос билан ўқиган банданинг гуноҳлари кечирилади;
- Тонгда ёки кеч кирганда «Ясин» сурасини тиловат қилган банданинг ишлари енгил бўлади ва ўзи нажотга эришади, иншааллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати