muslim.uz
СУРИЯДА ЖИҲОД БОРМИ?
CАВОЛ: Мен Тожикистонданман. Исломни ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қиламан.
Мен Сурия ҳақида сўрамоқчи эдим. Интернетда баъзи ўзбек олимлари Сурияда жиҳод бор, ким инкор этса фосиқ, мунофиқ деб, чақиряптилар. Сиз бунга нима дейсиз?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Интернетдаги даъватчилар маърузаларида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритади. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим.
Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди.
Жиҳодга чақираётганларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.
“Нисо” сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб, бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа р.а.ривояти).
Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларни ичида бўлган ва террорчилар хусусида шундай деган эдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар.
Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!”
Динимизда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.
Уламолар ташрифи мусулмонларга маънавий туҳфа бўлмоқда
Уламоларнинг Тошкент вилоятига ташрифи мўмин-мусулмонларга маънавий туҳфа бўлмоқда. Айниқса, пешин намозидан кейинги маърузалар одамлар маънавиятини юксалтириб, диний савиясини оширмоқда.
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Чиноз туманидаги “Саидраҳмон тўра”, ЎМИ раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов “Янги Чиноз”, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Оққўрғон туманидаги “Эрбўта қози”, Тошкент шаҳридаги “Исломобод” масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ домла Йўлдошев Қуйи Чирчиқ туманидаги “Янги маҳалла”, Тошкент шаҳридаги “Тўхтабойвачча” масжиди имом-хатиби Зокиржон домла Шапифов “Ўнқўргон” жоме масжидга ташриф буюриб, маърузалар қилиб беришди.
Дилдан қилинган суҳбатлар савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди.
***
Масжид қурилиши кўздан кечирилди
Уламоларимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марзкази масъул ходими Аброр Мухтор Али Чиноз тумани “Қози” маҳаллада бунёд этилаётган янги масжид қурилиш жараёнини кўздан кечиришиб, уста-қурувчиларга зарур маслаҳат ва тавсиялар бердилар.
Янги жоме ишга тушиши билан ўз бағрига 4 минг намозхонни сиғдиради. Ташриф сўнгида ушбу масжид тез орада фойдаланишга топширилишини сўраб, хайрли дуолар қилинди.
Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Виждон эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш йўлида дадил қадам
Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг маънавий ҳаётидаги янгиланиш жараёни, туб ўзгаришлар самараси ўлароқ динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.
Собиқ совет тизимининг атеистик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамланди.
Шунинг баробарида давлатчилигимиз демократик ривожланиш йўлини танлади. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларидаги тараққиёт тажрибаси мусулмон жамиятларида миллий ўзликни англаш ва исломий уйғониш жараёнлари бир-бири билан алоқадор тарзда, ҳатто бир-бирига киришиб кетган ҳолда кечади, деган хулосанинг тўғрилигини тасдиқламоқда. Дарҳақиқат, миллий ўзликни англаш билан боғлиқ турфа жараёнларни диний қадриятлардан айро ҳолда тасаввур этиш мушкул.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг виждон эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш, диний эътиқодини амалга оширишда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш, динлараро ва миллатлараро низолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур қонунни янада мукаммал ҳолатга келтиришдан кўзланган асосий мақсад виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг янги таҳририда диний соҳада қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилиши, виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида асосий устувор йўналишлар белгилаб берилиши, диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланиши, диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилиниши каби киритилган янгилик ва ўзгаришлар диққатга сазоворлир.
Айниқса, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминлашнинг қўшимча кафолатлари, шу жумладан, юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилиши давлатимизнинг демократик ислоҳотлар йўлида халқ учун хизмат қиладиган ўзгаришлардан бири, деб ҳисоблаш мумкин.
Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимга ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилиши ҳам юридик ва жисмоний шахсларга бирмунча қулайликлар яратиши шубҳасиздир. Шунингдек, қонунда жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мақсадида бир қанча қоидалар ўз аксини топганлиги хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, тенгликни ва эркинликни таминлашга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган янгиланиш ва ўзгаришларга бўлган эҳтиёж ва зарурият ўтган давр мобайнида ўз тасдиғини топиб, қонундаги қабул қилинган янгилик ва ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида хизмат қилади.
Дилафрўз КОМИЛОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси доценти, юридик фанлар доктори.
"Қуръони карим ва тажвидни ўрганиш" курси яна биттага кўпайди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги "Алломалар мероси" ўқув марказининг Юнусобод туманидаги филиали ўз фаолиятини бошлади. Эндиликда сиз Қуръони карим ва тажвидни ўрганиш учун ушбу туманда жойлашган ўқув курсларига боришингиз мумкин.
"Алломалар мероси" ўқув марказининг Юнусобод филиали манзили: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғиравон кўчаси, 53-уй.
Мўлжал: MODERN STROY биноси 2-қават.
Мурожаат учун тел: (95) 177-24-42
https://t.me/allomalarmerosi
Зулҳижжа ойининг ўн кунлиги – дунё кунларининг энг афзали
Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида катта фазилатлар бор. Бу ўн кунликда Ислом динининг бешинчи рукни бўлган ҳаж амаллари бажарилади. Қурбон ойининг тўққизинчи кунида ҳажнинг аркони бўлган Арофотда туриш амали бажарилса, ўнинчи куни ҳайит намози ўқилиб, қурбонликлар қилинади.
Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам", дейиляпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар – намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланган. Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва наҳр(қурбонлик сўйиш) бор. Шунинг учун, Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)" (Ҳаж сураси, 28-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир”.
Қурбон ойининг биринчи ўн кунлиги ҳақида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Aллоҳ таолога энг маҳбуб бўладиган амаллар мана шу кунлардадир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳозир давом этаётган Қурбон ойининг биринчи ўн кунлигида ҳар бир лаҳзани қадрига етишимиз, Аллоҳ таолога ҳамд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтишимиз, тавба ва истиғфорларимизни кўпайтиришимиз, хайрли дуолар қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло ушбу фазилатли кунларда қилаётган дуоларимизни ижобат айлаб, барчамизни икки дунё саодатига мушарраф айласин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими