muslim.uz
Ўзбекистон 2021 йилги хайрия ишлари бўйича жаҳон рейтингида юқорилади
2020 йилда Ўзбекистон CAF (Charities Aid Foundation) хайрия жамғармаси тақдим этган хайрия индексига кўра (World Giving Index) жаҳон рейтингида 114 мамлакат орасида 2018 йилдаги 53 ўриндан 29-ўринга кўтарилди.
Мамлакат рейтинги учта йўналишдаги ўртача қиймат кўрсаткичларига боғлиқ:
* хайрия ташкилотларига тушган маблағлар;
* аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш;
* кўнгилли сифатида кўмак бериш
2020 йилда юз берган глобал пандемия муаммоларига қарамай, бир-бирига ғамхўрлик қилган инсонларнинг меҳр-оқибати, ҳамжиҳатлиги, сахийлиги пандемиянинг оғир муаммоларини жаҳон миқёсида бартараф этишга ёрдам берди. Ўзбекистонда хайрия ва ўзаро ёрдам маданияти қанчалик юксалганини мамлакатимизнинг жаҳон хайрия индексида тутган ўрни ҳам тасдиқлайди.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда хайрия ташкилотларига ажратилган маблағлар бўйича 18-ўринни (46%), муҳтожларга тўғридан-тўғри саховат ёрдами кўрсатган одамлар сони бўйича 58-ўринни (57% фуқаро), кўнгилли сифатида кўмак бериш бўйича 62-ўринни (16%) эгаллади.
Индонезия бу борада 2020 йилги жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Кения иккинчи, Нигерия учинчи ўринда қайд этилди. Мутахассислар ушбу мамлакатларда хайрия ёрдамининг кўпайишини камбағал аҳоли қатламларининг аҳволи ёмонлашаётгани, шунингдек, фуқаролик жамияти ва кўнгиллилар ҳаракати фаоллашгани билан изоҳлашмоқда.
Пандемия даврида одатда ҳар доим биринчи ўнталикка кирган мамлакатлар (АҚШ, Буюк Британия, Ирландия, Канада, Нидерландия) ўрнига, илгари ҳеч қачон юқори позицияни эгалламаган мамлакатлар биринчи ўнталикдан ўрин эгаллади.
Рейтингдаги сўнгги ўринни (114) Япония эгаллаб турибди. Мутахассислар Япониянинг бундай позицияни эгаллашини аҳолининг маданияти ва менталитети, муҳтожларнинг давлат томонидан юқори даражада таъминланиши ҳамда мамлакатда хайрия ёрдами кўрсатиш бўйича тартиб-қоидаларнинг мураккаблиги билан изоҳлашади.
Қуйи ўринларни Франция (106-ўрин), Қозоғистон (98-ўрин), Туркия (78-ўрин), Германия (85-ўрин), Россия (67-ўрин) ва бошқалар эгаллади.
Хусусий хайрия ёрдами кўрсатиш ва кўнгиллилик фаолияти ҳар бир халқнинг маданияти, хайр-саховат билан боғлиқ қадриятлари, дини, тарихи ва халқнинг урф-одатларидан келиб чиқади. Фуқароларнинг хайрия ишларида иштирок этиш даражаси фуқаролик жамияти ривожланганлигидан ва одамлар ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшишга қанчалик тайёр эканликларидан далолат беради.
Тадқиқот натижаларига кўра «бахтли» мамлакатлар фуқаролари «бой» давлатларникидан кўра кўпроқ хайрия қилишади. Аҳолининг ўз ҳаётидан қониқиш даражаси ва хайр-эҳсон қилишга мойиллиги ўртасидаги боғлиқлик мамлакатнинг моддий фаровонлиги (ЯИМ) ўртасидаги ўзаро таққосда статистик жиҳатдан устунлиги аниқланди.
Тадқиқотларда ишонарли демографик тенденция аниқланди. Унга кўра, умуман олганда, одам ёши каттароқ бўлса, у кўпроқ ўз маблағларини хайрия учун сарфлашга мойил бўлади (лекин баъзи ривожланаётган мамлакатларда тескари тенденция ҳукм сурмоқда).
Баъзи йирик мамлакатларда, масалан, Хитой ва Россияда сўровнома қамрови 2000 кишини ташкил этади. Сўровномалар мамлакатларда телефон алоқаси қанчалик ривожланганига қараб, телефон ёки юзма-юз олиб борилади. Тадқиқот доирасида респондентлар замонавий ҳаётнинг турли жабҳаларига, жумладан хайрия ишларида шахсий иштироки билан боғлиқ саволларга жавоб беришади. Респондентлар ўртасида олиб борилган сўровномаларда мамлакатнинг моддий фаровонлик даражаси, ҳаёт сифатидан қониқиши ва фуқароларнинг хайрия ёрдамига мойиллиги ўртасидаги боғлиқликлар ҳисобга олинган; шунинг учун хайрия фаолияти модели ҳар бир мамлакатнинг ўзига хосдир. Масалан, айрим мамлакатларда одамлар хайрия ташкилотларига оз маблағ ажратишади, аммо улар доимий равишда муҳтожларга бевосита ёрдам кўрсатишади.
Маълумот учун: World Giving Index (жаҳон хайрия индекси). Чаритиз Эйд Фаундейшннинг ушбу тадқиқоти Хайрия ёрдам жамғармаси (CAF) томонидан 2009 йилдан буён 15 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида тасодифий танлов асосидаги сўровнома тарзида ўтказиб келинмоқда (камида 1000 та сўровнома).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ризқни кенг, умрни узун қилувчи амал
Халқимизда қавм-қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилади. Қариндош уруғлар билан яхши муомала қилиш ризқни кенгайтиради ва умрни узайишига сабабчи бўлади. Ривоят қилишларича бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Менга умрни узун қиладиган, ризқимни кенг қиладиган амални ўргатинг" деб сўрабди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ризқини кенг бўлишини ва умрини узун бўлишини истаса қариндош уруғлар билан яхши муомала қилсин”, деб жавоб бедилар.
Узоқлашиб кетан қариндошларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш юксак инсоний фазилатлардандир. Бу юксак инсоний фазилатга кўра, қариндош қариндош эмас, балки қариндошлик муносабатларини тикловчи киши қариндошдир. Бу ҳақда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки қариндошлик алоқаларини тикловчи киши қариндошдир”, деганлар.
Қариндошлардан узилиш, улар билан муомала қилмаслик, улардан кечиш оғир гуноҳ ишлардан ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадисда: “Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир”, дейилади.
Халқимиз удумига кўра қариндош уруғларга нисбатан ҳамиша мурувватли бўлинади. Улар қилинаётган яхшиликларга ёмонлик билан жавоб беришса ҳам, уларга яхшилик қилишда давом этилади. Қариндошлардан айб изланмайди, уларнинг ҳатти-ҳаракатларидан яхшилик қидирилади.
Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Мен қариндошларим билан алоқани яхшилашга ҳаракат қиламан, аммо улар менга нибатан ёмон муомала қилишади, мен уларга яхшилик қилсам. Улар менга доимо ёмонлик билан жавоб беришади. Мен улар билан алоқани узсам бўладими?” деб сўрабди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, унда сени ёмон қариндошлардан фарқинг қолмайди. Ёмон қариндошлар жиноятини сен ҳам давом эттирган бўласан . Сен қариндошларингни қандай муносабатда бўлишларидан қатъи назар уларга худо учун яхшилик қилишда давом эт. Ана шунда сени яхши одам эканлигинг маълум бўлади”, деганлар. Шу туфайли ҳар қандай ҳолатда ҳам қариндошларга яхшилик қилинади. Шу туфайли ҳадисда: “Қариндош-уруғлардан узилиб кетган киши жаннатга кирмайди”, дейилади.
Қариндошлик одобларига амал қилиш халқимиз ҳаётида сингиб кетган юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бу фазилат туфайли халқ орасида бирдамлик, хотиржамлик, оқибатлилик каби инсоний хислатлар мустаҳкамланиб боради.
Р. Акбаров
ЎМИ нинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
“Al Jazeera” Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилади
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов “Al Jazeera” (Қатар) медиа-корпорациясининг бош директори Мустафо Суаг билан онлайн-мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва “Al Jazeera” медиа-корпорацияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мустафо Суаг Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистлар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва медиа соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда, жумладан, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданий-тарихий меросини тарғиб қилиш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишга келишиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати