- Адо этилиши фарз қилинган рўзалар ўн уч хилдир. Улардан еттитаси кун ора эмас, пайдар-пай тутилиши вожиб. Улар рамазон рўзаси, хун каффорати, «зиҳор» каффорати, қасам каффорати, рамазон рўзаси каффорати, муайян назр ва муайян қасам рўзалари. Олти хил рўзада пайдар-пай тутиш вожиб эмас. Улар – рамазон рўзасининг қазоси, ҳаж ибодатидаги «мутъа» рўзаси, ҳажда сочини муайян вақтидан олдин олдиргани учун тутиладиган рўза, ҳажда ов қилиб қўйгани учун тутиладиган рўза, мутлақ (тайинсиз) назр рўзаси ва қасам рўзаси. Рамазон ойида қазо бўлган рўза кунларини пайдар-пай тутиш-тутмаслиги ихтиёрий бўлса-да, пайдар-пай тутгани яхши. Бунда зиммасидаги қарзини тезроқ адо этган бўлади.
«Оламгирия», «ал-Баҳр», «ас-Сирож»
- Лайлатул-қадр кечаси Абу Ҳанифа (рҳ.) наздида рамазон ойида кечади. Лекин муайян бир кечада эмас. Баъзан олдин, баъзан кейинроқ келаверади. Абу Юсуф билан Имом Муҳаммад (рҳ.)лар наздида ҳар йили муайян бир кечада келади. Лайлатул-қадр кечасини топиб, ундан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиш мустаҳаб амаллардандир.
«Оламгирия», «Меърож», «Фатҳул-Қадир»
ИЗОҲ: Имом Бағавий ўзининг тафсирида ёзишига кўра, Рамазон ойининг нечанчи кечаси Лайлатул-қадр экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб беришларини сўрайверганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, деб, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири бу муборак кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча деган хулосага келганлар.
580-ФАТВО
Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. У икки кг бугдой ёки майиз ёки 4 кг хурмо ёки арпа деб белгиланган. Фитр садақаси закот нисоби миқдорида бойлиги бўлган мусулмонлар зиммасига вожибдир. Бунда закотдаги каби бойлигининг ўсиб туриши (нумувв) шарт эмас. Демак, нисобга эга, лекин закот бериш вожиб бўлмаган кишилар ҳам фитр садақасини беришлари керак. Уни ўз ҳисобидан ва балоғатга етмаган фақир фарзандлари номидан беради. Хотини, катта ёшдаги фарзандлари ва бой фарзанди учун бермайди. Балки улар ўзи беради. Фитр садақасини берувчи одам садақа қабул қилмайди, зиммасига қурбонлик ва яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Фитр садақасини ҳайит куни бера олмаган одамнинг зиммасидан у соқит бўлмайди, балки кейинроқ бўлса ҳам адо этади.
«Мухтасарул-виқоя»