Рамазон-2019

Рўзанинг инсон саломатлигига тиббий фойдалари

Танловга!

 Ислом динида йилда бир ой, яъни Рамазон ойида рўза тутилади. Рўза тутишлик Исломдан аввалги илоҳий динларда ҳам мавжуд эди. Узоқ йиллар давомида, рўза инсон саломатлигига зарар, деган шиорлар янгради. Лекин фан, табобат илми тараққий этган ҳозирги даврда дунёнинг кўп жойларида “очлик билан даволаш” муассасалари ишлаб турибди. Тиб илми мутахассисларининг фикрича, бир йилда инсон 28-32 кун ихтиёрий равишда ўзини овқатдан тийиши, оч қолиши керак экан. Бу билан йил давомида ошқозон, ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилар ҳазм бўлар экан. Бу ихтиёрий оч қолиш усули, ҳозирда одамлар орасида кенг тарқалган ўттизга яқин касалликларга даво бўлар экан.

Рўза тутишнинг ўзига хос одоблари бор. Рўза тутувчи киши ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиши керак эмас. Албатта, керагидан ортиқ овқатланиш соғлиққа зарар. Кундалик овқатланишдан фарқи – фақат тушлик қилинмайди. Рўзани соғлом, тутишга қодир кишиларга буюрилади. Ҳомиладор, эмизикли аёлларга рўза тутишликда енгиллик берилади. Беморлар рўза тутмасалар рухсат. Тузалганларида қазосини тутадилар.

Рўзанинг фойдалари жуда ҳам кўп. У энг аввал рўзадорда тақводорлик ҳиссини кучайтиради. Чунки ярим кечада фақат Аллоҳнинг амрини бажо этиш йўлида ўрнидан туриб, саҳарлик қилиб, кун бўйи қайси ҳолатда бўлса ҳам ўзини овқатдан, ичимликлардан ва шаҳватли нарсалардан тийиб юрган одам ҳақиқатда тақводор бўлади.

Рўза тутган одам сабрли, бардошли бўлади. Шу билан бирга ихтиёрий равишда оч қолиб, очлик нималигини ўз бошидан ўтказиб, доимо оч юрганларнинг ҳолини тушуниб етади ва уларнинг ҳолидан хабар оладиган бўлади.

Бир ой давомида ўзини ҳалол-пок нарсалардан тўхтатиб турган мўъмин-мусулмон ҳеч қачон йилнинг қолган ўн бир ойида ҳам ҳаром нарсаларга яқин келмаслиги керак.

Илгари ўтган улуғларимиз ҳам “Батнул маръи адуввуҳу” яъни, кишининг қорни ўзининг душманидир дейишган.

Араб табибларидан бири Хорис ибн Колда: “Ошқозон - касалликларнинг уйидир, парҳезкорлик эса, барча давонинг бошидир” деган.

Ҳукамолар тўқликнинг элликка яқин зарарини санаганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукрлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш, қўрқоқлик каби.

Шунинг учун мўмин-мусулмон ҳалолдан бўлса ҳам, ейишни камайтириш керак. Кунда икки марта овқатланиш инсонга кифоя. Эрталаб ва кечқурун. Халқимизда бу одат яқингача бор эди. Ҳаётимизга Европа удумлари кириб келди-ю, энг фойдали одатларимиз йўқолди. Аслида доим тўқ бўлиб юришдан йироқ бўлиш керак. Буюкларимиз шундай дейишади: “Соғлиқ, хотиранинг баркамол ва гўзаллиги - ўртача очликда юришдир”. Очликдан мақсад ҳаддан ташқари очлик эмас. Заковатнинг ривожланиши - машаққатнинг озлиги, қаноат, Аллоҳ таолонинг бало ва азобларини унутмаслик, ўлимга тайёр туриш, доим таҳоратли ва ибодатли бўлиш каби амалларга боғлиқ. Зеро, оз еган кишининг ташвиши ҳам кам бўлади. Бундай кам еб, кам харжлайдиган киши орттирганларини фақир, йўқсил ва мискинларга бериши мумкин. Қиёмат кунидаги энг оч инсонлар бу дунёда қоринларини доимо тўйғазиб юрганлардир. Тўқларнинг охиратда оч қолишларидан бирига сабаб, уларнинг бу дунёда малакут олами ва Ҳақ каломидан бехабар ўтиб кетганларидир. Зеро, ҳар бир мўминнинг келажакда содир бўладиган ҳодисаларни кўриб англайдиган бир фаросат нури бўладики, нафсларига қул бўлганларнинг бундан хабарлари бўлмайди. Луқмони Ҳаким айтганки: “Эй фарзанд қорнингни босиб-тиқиб тўйдирсанг, фикр хазиналаринг қурийди, тафаккур қилолмайдиган аҳволга тушасан, сендан ҳикмат деган неъмат кетади, аъзоларинг ибодат қилишдан қолади.[1]

Шу ўринда дин бўйича сунъий босим кўтарилиб, одамлар ўз ихтиёрлари билан исломга қайтаётган пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади. Олий ўқув юртларида узоқ вақт раҳбар лавозимларда ишлаб келган бир киши Рамазондан кейин ҳам рўза тутиш лозимлигини қайта-қайта такрорлар, уламолардан қайси кунлари қандоқ рўза тутилишини тушунтириб беришни сўрар эди. У кишидан нима учун бу масалага қизиқиб қолганини сўрашди.

“Очиғини айтсам, бу йил биринчи марта тўлиқ рўза тутдим”, деди у ва ўз гапида давом этиб қуйидагиларни айтди:

“Рўзанинг фойдаси жуда ҳам кўп экан. Буни мен ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик масаласида ҳеч гап йўқ. Ҳаммаси маълум. Ҳатто одамлар билан бўладиган муомалада ҳам фойдаси кўп экан. Илгарилари иш битириш учун деб ёлғон-яшиқни гапираверар эдик. Рўза тутган одам ҳеч ёлғон гапира олмай қолар экан. Ҳатто, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмай қўйдим. Рўза ёлғон гапириб, иш битириб кетиш пайти келганда ҳам рўза оғзим билан ёлғон гапираманми, деб ўзимни тўхтатиб қолмоқдаман. Менимча, рамазондан кейин ҳам вақти-вақти билан рўза тутиб турилса бу ҳолатни ушлаб қолишга ёрдам берса керак”.

Ҳа, бу гапларда жон бор. Юқоридаги ҳолатдан мутахассис уламолар режали илмий изланишлар олиб борсалар, самарали натижалар чиқиши турган гап.

Энди рўзанинг илмий мўьжизаларига ўтайлик. Маълумки, рўза фарз бўлган дастлабки даврда мусулмонлар фарз ибодатини адо этиш масъулияти ҳисси ила рўза тутаверганлар. Кейинчалик бошқа халқ, миллат ва элатлар билан аралашилди. Уларнинг саволларига, эътирозларига ёки Исломга нисбатан қилган таьналарига жавоб бериб бориб исломий ибодатларнинг, жумладан, рўзанинг ҳукмлари, ахлоқий фойдалари ва ўша замон руҳи ва талабига мос томонлари шарт қилинди, тушунтирилди.

Кейинчалик, хусусан, бизнинг асримизда Ислом душманлари унга илм номидан ҳужум бошладилар ва таъна тошларини отдилар. Улар томонидан Ислом дини илм душмани, исломий ибодатлар илмий асосга эга эмаслиги, инсонлар учун зарарли экани кенг баён қилинди. Жумладан, рўза соғлиқнинг кушандаси, инсон шахсиятини тамомила бузиб ташлайдиган омил сифатида васф этилди.

Лекин охир-оқибатда рўза кони фойда экани, усиз соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб касалликларнинг давоси экани исбот қилинди. Энг қизиғи, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан қилинди ва қилинмоқда.

Мазкур илмий тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўза тутишни фарз қилиниши илмий мўжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир”, деган ояти ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадислари мўьжизаси исбот бўлмоқда.

Тиббий илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди. Жумладан:

  1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
  2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Чунки одатда семизлик ғизони ҳазм қилишдаги нуқсондан, атроф-муҳитдаги нафсоний ва ижтимоий таъсирлар орқали келиб чиқади.

Гоҳида руҳий изтироб ҳам ғизони нотўғри таъсир қилишга олиб бориши мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам имоний муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати қилиб вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.

  1. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини маън қилади. Шунингдек, рўзадор сийдигида сийдик йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.
  2. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган турли зарарли моддалардан тозалашда ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб зарарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.
  3. Рўза жинсий мойилликнинг кучини қирқади. Бу эса, айниқса ёшлар учун жуда ҳам фойдалик бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Бу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган.[2] 

 

Омонжонов Зикрилло Хикматилло ўғли

 

[1] Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ҳидоя. “Адолат”. Т-2001.

[2] Рўза руҳ шифоси. Тошкент-2001. Б: 24.

Read 39532 times
Tagged under

Мақолалар

Top