Рамазон

Рамазон-Қуръон   ойи

Ўзининг охирги ва абадий китоби бўлмиш Қуръ­они Каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини таъмин этадиган Қуръони Каримни умматларига омонат ила етказиб, унга қандоқ амал қилишни кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга  дуруду саловатлар бўлсин.

Ойларнинг султони моҳи рамазон хонадонимиз меҳмонидир. Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи эканлиги барчамизга маълум. Бу ойда  мусулмонлар улкан савоблар умидида кўп эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат биладилар. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят(манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси 185 оят)

Рамазон ойида мамлакатимизнинг жуда кўп масжидларида хатми Қуръон қилинади. Қуръони  Карим қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Қуръони Каримни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;                

 “Сизларнинг энг  яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир дейилади.(Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиснинг шарҳида уламоларимиз, даврларнинг яхшиси Қуръон ўрганиб, ўргатилган даврдир- дейдилар.  Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди, нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун  қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у ердаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме  масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар. Буларнинг барчасига юртимизда хукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабабдир.    

Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга киради. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил (қироат) қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади, дедилар». (Термизий ривояти)

 Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсаларга амал қилса, унинг отасига қиёмат куни тож кийдирилади. Унинг зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқдир. Энди бунга амал қилган кишига қандай мукофот бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.

Яна бир ҳадиси шарифда:                

Абу Умома (р.а.)дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ (с.а.в)дан эшитдим; -У зот “Қуръоннни ўқинглар! Албатта Қуръон қиёмат куни эгасини шафоат қилувчи бўлиб келади” дедилар. (Муслим ривояти).

Шу билан биргаликда, Қуръоннинг ҳам, рўзанинг ҳам шафоати бор. Ривоятларда келадики, Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтадики; “Эй Раббим! Мен бу бандани кундузлари таом ейишдан ва шаҳватларини қондиришдан тўсган эдим. Мен уни шафоат қилайин”, Қуръон айтадики; “Эй Раббим! Мен кечалари бу бандани уйқудан қолдирган эдим. (У уйқуни тарк этиб, Қуръон ўқир эди. Энди менга изн бер) мен уни шафоат қилай”-дейди. Шунда бу иккисига  (Аллоҳ томонидан) шафоат қилиш ҳақи берилади.  “Эй Рўза!, сен бу бандани шафоат қил. Эй Қуръон!, Сен бу бандани шафоат қил. Рўза тутгани учун уни сенга бағишладим. Қуръон ўқигани учун уни сенга бағишладим ”, дейилади.

Қуръони Каримнинг ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжизадир. Чунки Қуръони Каримнинг улуғлигидан, бу муқаддас китобнинг олий мақомлигидан, қолаверса, мусулмонларнинг бу илоҳий китобга бўлган чексиз эҳтиромлари ва икромларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир тиловат қилувчи катта-катта савобларга эга булади. 

Демак рамазон ойида Қуръон ўқимоққа жиддий киришишимиз керак бўлади. Қуръони Карим тарк этиб бўлмайдиган билимдир. Инсон рамазон ойидаги кун ва тунларни ғанимат билмоғи, камчилик ва гуноҳларига каффорат бўладиган савоб ишларни кўпроқ қилмоғи лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай улуғ савобларга эриштирсин.

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Кулол-Қўрғон” масжиди имоми

Абдурасул Абдуллаев

Read 101586 times

Мақолалар

Top