muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 06 آذار/مارس 2017 00:00

Жувайрийя бинти Ҳорис

Жувайрийя розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Ҳорис ибн Абу Зирор ибн Ҳабиб ибн Оиз ибн Молик ибн Мусталақдир.

Жувайрийя розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўн беш йил олдин (мелодий олти юз саккизинчи йили) туғилдилар.

Жувайрия розияллоҳу анҳо Масофеъ ибн Сафвонинг беваси эди. Унинг эри Масофеъ Исломга ва мўминларга нисбатан энг ашаддий душман эди.

У Мурайсиъ жангида ўлдирилди ва ортида хотини бева қолиб, мусулмонларга асир тушди. У вақтда асир тушган хотинлар ё чўри сифатида сотилар ёки ҳизматкор қилиб олинар эди. Улар асло озод, ҳур хотинлар билан тенглаша олмас эдилар. Улар озодлик каби улуғ неъматдан маҳрум эдилар, фақатгина шартнома асосида пул топиб ёки эгалари уларни пул эвазига сотиб озод қилишлари мумкин эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби асира аёлларга эҳтиром қилишни ирода этиб, улар билан ҳур, озод хотинларни тенглаштирдилар. Ва шу тариқа Исломнинг олийжаноб, баракали ва хайрли, инсонлар орасида адолат қилгувчи дин эканини амалий тасдиқладилар.

Ривоят қилинишича, Жувайрия розияллоҳу анҳонинг отаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Менинг қизимга ўхшаганлар асира бўлмаслиги керак, уни озод қилсангиз”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Жувайриянинг ўзидан сўранг, нимани ихтиёр этса, шу бўлур”, дедилар. Отаси хурсанд бўлиб, Жувайрия розияллоҳу анҳонинг фикрини сўраганида, аёл Аллоҳ ва унинг Расулини ихтиёр этганлигини билдирди. Жувайрийя розияллоҳу анҳо ҳижратни бешинчи йили исломни қабул қилдилар. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мусталақ қабиласи сардорининт қизи Жувайрия розияллоҳу анҳога ҳижратни бешинчи йили уйландилар.

Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу равишларига амалий эргашдилар. Зеро, улар севимли пайғамбарлари қилган бирон ишни тарк қилишмас, у кишининг барча ишларини бажаришар ва барча суннатларига пайдар-пай эргашиб борар эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайрия розияллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг мусулмонлар тушундиларки, бу Зоти шариф энди Бани Мусталақ қабиласига куёв бўлдилар. Шу воқеанинг ҳурмати юзасидан қўлларидаги Бани Мусталақ қабиласидан асир тушган барча аёлларни озод қилдилар.

Бани Мусталақ қабиласи бу олийжаноблик ва авфу марҳаматни кўргач, барчаси Аллоҳга ва унинг Пайғамбарига иймон келтиришиб, Исломни қабул қилдилар. Шу тариқа Жувайрия розияллоҳу анҳо ўз қавмига энг кўп хайр ва барака келтирган аёллардан бўлиб қолди.

Жувайрия розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадисларни ривоят қиганлар. У кишининг ҳадислари саҳиҳ китоблардан ўрин олган.

Ривоят қилинишича, Жувайрия розияллоҳу анҳо мўминларнинг оналари — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида энг кўп ибодат қиладиганлардан эди.

Жувайрийя розияллоҳу анҳо ҳижратнинг эллик олтинчи (мелодий олти юз етмиш олтинчи) санасида олтмиш беш ёшларида Мадинаи мунавварада вафот  этдилар. Жанозаларини Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу ўқиди. Бақий қабиристонига дафн қилиндилар.

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

 Абдулбосит ўғли тайёрлади

الإثنين, 06 آذار/مارس 2017 00:00

Намозга оид фатволардан

Зиммасида қазо намозлари бўлган киши нафл намозлари билан машғул бўлиш ўрнига ўша қазоларини ўқишга ҳаракат қилгани яхшидир. Лекин суннат намозлар, чошгоҳ намози, тасбеҳ намози ва ҳадисларда тарғиб этилган, маълум сура ва зикрларни ўқиш тавсия қилинган нафл намозлар бундан мус-тасно. Қазо намозларни масжидда, жамоат жойларида эмас, балки ўз уйида ўқишга ҳаракат қилиш керак.

“Оламгирия”, “Музмарот”, “Важиз”

Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб келиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил айтиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.

“Сирожия”

Фарз намозларда оят ва тасбеҳларни қўл билан санаб туриш макруҳдир. Аммо нафл намозларда қўл билан санаш ижмоан макруҳ эмас.

“Оламгирия”, “Табйин”, “Ниҳоя”

Асрдан олдин ҳамда хуфтон намозининг фарзидан олдин ва кейин 4 ракатдан нафл намозлари мавжуддир.

“Мухтасар”, “Канз”, “Оламгирия”

Нафл намозларни имкони борича жамоат жойларида ва масжидларда ўқимаслик, балки ўз уйида ёки хилват жойларда ўқишга ҳаракат қилиш, риё аралашиб қолишига йўл қўймаслик лозим бўлади. Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса, фарз ўқилган масжидда ўқилиши керак. Лекин суннат намозлар фарз ўқилган жойдан бир қадам бўлса ҳам бошқа жойга ўтиб ўқилиши лозим. Бу имомга ҳам тегишли. Нафл намозини сафда туриб ўқиш ўта макруҳ ишлардан саналади.

“Оламгирия”, “Кофий”, “Ниҳоя”

Нафл намозларида тик туришга қодир бўла туриб, ўтириб ўқишнинг кароҳияти йўқ. Шунингдек, намозни тик турган ҳолда бошлаб, сўнгра беузр ўтириб олса ҳам Абу Ҳанифа (рҳ.) наздида зарари йўқ. Яна, нафлни ўтирган ҳолда бошлаб, сўнгра тик туриб олса ҳам кароҳияти йўқ.

“Оламгирия”, “Мажмаул-баҳрайн”, “Муҳит”

Нафл ёки фарз намозида узр сабабли ўтириб ўқимоқчи бўлса, қироат пайтида икки тиззасини тиккалаб, қўллари билан оёқларини қучоқлаб олган ҳолда ёки чордана қуриб ўтирган ҳолда ўтириши мумкин. Лекин имкони борича “ташаҳҳуд” ўқиётган ҳолатидек (чўкка тушиб) ўтиргани яхшидир.

“Оламгирия”, “Татархония”, “Ҳидоя”

Тўққизта вақт борки, ўша пайтларда қазо намози, жаноза, тиловат саждаси жоиз, лекин нафл намоз ўқиш жоиз эмас: бомдод намозининг фарзидан олдин (суннати бундан мустасно), фарздан кейин то қуёш чиққунга қадар, аср намозидан кейин шомгача, шом намозидан олдин, жума намозининг (арабча) хутбаси пайтида, икки ҳайит намозининг (арабча) хутбаси пайтида, қуёш, ой тутилганда ўқиладиган намоз хутбаси ўқилаётганда.

“Қозихон”

Макруҳ вақтларда нафл намозини бошлаб қўйган одам намозни бузиши ва кейин қазосини ўқиши керак.

“Қозихон”

 

Шайх Абдулазиз Мансур

Саудия  Арабистон Подшоҳлигидаги “Мўътабар уламолар кенгаши”нинг такфир  (бировни куфрда айблаш) ҳақидаги баённомалари ва қарорларининг хулосаси:

1-жузъ

 

Ар-Риёз шаҳри                                                                    26.09.2016

Кириш:

 

“Кофирга чиқариш - такфир”  баъзи одамларга чигал бўлган тушунчалардандир.

“Кофирга чиқариш”нинг ҳукмлари:

  1. “Кофирга чиқариш” такфир – асоси Аллоҳ ва Расулига бориб тақаладиган шаръий ҳукмдир. У “ҳалол қилиш” ва “ҳаром қилиш”га ўхшайди.
  2. Куфр деб сифатланган ҳар бир нарса ҳам диндан чиқарадиган “катта куфр” бўлавермайди.
  3. Қуръон ва суннат кофирлигига очиқ ойдин далолат қилганларидан бошқаларни кофирга чиқариш мумкинэмас. Бунда шубҳа ёки гумон кифоя қилмайди.
  4. “Кофирга чиқариш” оқибатида хатарли ҳукмлар келиб чиқади. Шариат “ҳад”лари (Шаръий жазолар) шубҳа бўлганда тарк қилинар экан, шубҳа асосида “Кофирга чиқариш”ни тарк қилиш авло ва лозимдир. Ваҳоланки, “ҳад”нинг оқибатида келиб чиқадиган нарсалар “Кофирга чиқариш” нинг оқибатида келиб чиқадиган ишлардан енгил ҳисобланади.
  5. Гоҳида Қуръон ёки суннатда маълум бир сўз ёки иш ёхуд эътиқод куфр эканлиги ҳақида маълумотлар келади. Аммо, буларнинг бирортасини бажарган инсон кофир бўлишига монеъ далил борлиги учун кофир ҳисобланмаслиги мумкин.
  6. “Кофирга чиқариш” ҳам бошқа аҳкомлар сингари сабаблари топилиб, монеълар йўқ бўлгандагина тўғри бўлади. Бунга мерос масаласини ўхшатиш мумкин.
  7. Гоҳида мусулмон қаттиқ хурсандчилик ёки қаттиқ ғазаб туфайли куфр калимасини айтиб қўйиши мумкин. Бу ҳолда қасддан қилмагани учун кофир бўлмайди. Худди қиссада бир киши қаттиқ хурсанчиликдан хато қилиб “Эй, Аллоҳ, Сен қулимсан, мен Раббингман” – деб юборганидек.

 

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

У. Жиянов таржимаси

الإثنين, 06 آذار/مارس 2017 00:00

Дунё олимларини тарбиялаган аёллар

Қуйидаги мақолада олимларни тарбиялаган баъзи муниса аёллар ҳақида маълумот келтириб ўтамиз:

Имом Шофеъий

Ҳумайди ҳикоя қилади: Шофеъий бизга шундай деган эди: "Мен онам қарамоғида етим ўсдим. Бошланғич таълим марҳаласида тенгдошларимга дарс бера бошладим. Устоз дарсга келмай қолганда устоз ўрнига талабаларни бошқариб, уларга таълим берардим. Буни кўриб устоз мендан ҳақ олмай қўйди". Музаний дейди: "Шофеъий етти ёшида Қуръонни ёд олган, ўн ёшида эса "Муватто"ни ёдлаган".

Аҳмад ибн Ҳанбал

Имом Аҳмад ҳам жуда эрта етим қолганлар "Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройлик кийимларни кийдириб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақоҳга киргизиб ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди". Дунёга танилган ва мусулмонларнинг имоми деган номни олган Имом Аҳмаднинг Имом Аҳмад бўлишларига асосий сабабчилардан бири у кишининг муниса оналаридир.

Бежиз арабларда:

{ وَرَاءَ كُلِّ رَجُلٍ عَظِيمٍ امْرَأَةٌ}

«Ҳар бир буюк инсоннинг ортида аёл туради», деган гап айтилмаган.

Ибн Нажийя (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим ўз даврининг катта муфассир ва воизларидан бўлган. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюблар ҳурматига сазовор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларни қўлга киритишидаги сирни айтиб дейди:

"Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:

– Бугун тафсирдан қайси сурани ўргандинг?

Мен бугунги дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди.

– Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабди-да. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида мана бундай дейишган, ана бундай дейишган,– деб тоғам дарсига қўшимча қилиб қўярди".

Мана азизлар ислом дини келиб аёлларни шаънини кўтарди, натижада улар Салоҳиддин Айюб ва Нуриддин Занкий раҳматуллоҳи алайҳимга ўхшаган подшоҳлар лол қоладиган фарзандларни тарбия қилишди.

Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

 

الإثنين, 06 آذار/مارس 2017 00:00

Англияда мусулмон аҳоли сони ўсмоқда

Британия мусулмонлар кенгаши маърузасида Англия ва Уэльсдаги мусулмонлар сони кейинги ўн йил ичида миллиондан ошгани айтилган. Маърузада таъкидланишича, бу ердаги мусулмонлар сони  2001 йилда 1.5 млн. бўлган, 2011 йилга келиб эса 2.7 млн.га етган. Расмий маълумотларга кўра, Англия ва Уэльсда аҳолининг исломга кириши бошқа ерлардагиларга нисбатан жадал бораётир.  Бунинг устига мусулмонлар ўртасида туғилиш катта ва қариялар сони ҳам камчилик. Мусулмон аҳолини бошқа аҳоли билан қиёслаганда бошқаларнинг бешдан бири 15 ёшдан кичик бўлса, мусулмонларнинг учтадан биттаси ўн беш ёшдан кичикдир. Кекса авлод масаласига келганда, аҳолининг бошқа вакиллари 16 фоиз бўлгани ҳолда мусулмон аҳоли 4 фоизни ташкил этади.  Британия мусулмонлар кенгаши маълумотига кўра,  мусулмонлар 2011 йилда ҳам умумий ҳисобда жуда камчилик бўлган – умумий аҳолининг  20 фоизини ташкил қилган. Бу кўрсаткич британияликларнинг оммавий ишончига зид келади. Кейинги ўтказилган тадқиқотлар кўрсатишича, мусулмонлар бундан тўрт баробар кўп. Англия ва Уэльсдаги мусулмонларнинг ярми  – маҳаллий аҳоли вакиллари ва деярли (73%) ўзларини британиялик деб ҳисоблайди.

Британия мусулмонлар кенгаши таъкидлашича: “Ушбу маъруза мусулмон аҳолини  статистик нуқтаи назардан ўрганишга қаратилган дастлабки тадқиқот ишидир”. Бундан ташқари, ташкилот вакилларининг хабар беришича, ҳукумат ва сиёсий арбоблар маърузанинг айрим пунктларига эътибор қаратишлари керак.  Маърузада мусулмон жамиятининг турар жой ва ижтимоий тенгсизлик борасидаги муаммоларини ҳал этиш лозимлиги айтилган.

Буюк Британия бош вазири Ник Клегг маърузага жавобан: «Ҳар бир инсон келиб чиқиши ва ижтимоий аҳволига қарамасдан тенг ҳуқуқлилик ва фаровон ҳаёт кечиришга ҳақли. Ҳеч шубҳасиз, Британия мусулмонлари мамлакатнинг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ана шу тадқиқот сабаб бўлиб, биз кўплаб инсонларни иш билан, уй-жой билан таъминлаш борасида ҳамкорлик қиламиз», деди.

Мақолалар

Top