muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 01 حزيران/يونيو 2023 00:00

Бугун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

1 июнни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни деб номлаш тўғрисидаги қарор 1949 йил Парижда Халқаро аёллар демократик конфедерацияси конгрессида қабул қилинган эди. 1950 йилдан эса болалар байрами сифатида нишонлана бошланди. Бизнинг болажон халқимиз ҳам бу байрамни зўр шодиёна билан кутиб олади, боғларда болалар учун байрам ва концертлар уюштирилади. Болажонларга шоду хуррамлик тилаб улар ҳақидаги оят ва ҳадислардан намуналар келтирамиз.

Боланинг ҳақлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фарзанднинг ота олдидаги ҳақларидан бири ота фарзандининг онасини тўғри танлашидир”, деганлар.

* * *

"Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига этказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир... Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин!" (Бақара сурасининг 233-ояти).

* * *

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди” (Имом Термизий ва имом Ҳоким ривояти. Ривоят санади ҳасан).

* * *

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Ҳинд бинти Утба: Ё Расулаллоҳ!, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя киладиган нарсани бермайди. Унга билдирмай олсам бўлурми", деди. "Ўзингга ва болангга етарлисини ол", дедилар у зот» (Имом Бухорий ривояти).


Боланинг тарбияси

"Ҳар бир туғилган чақалоқ соф фитратда туғилади. Ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди. Шу тариқа боланинг тили ёки шукр килувчи ёки куфр қилувчи бўлади".

* * *

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Сизларнинг бирортангиз боласига гўзал одоб бера олиши, ҳар куни ярим соъ (тўрт юз гр) садақа беришидан афзалдир".


Боланинг сифатлари

"Мол ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир" (Каҳф" сураси, 46-оят).

***

"Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз" (Таҳрим сураси, 6-оят).

***

"Болалар жаннатнинг гўзал капалакларидир" (Имом Муслим ривояти).

***

“Солиҳ фарзанд жаннат райҳонларидан бир райҳондир" (Имом ибн Можа).

***

"Солиҳ фарзанд солиҳ оиланинг мевасидир" (Имом Термизий ривояти).

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

Бугун 01.06.2023 санада Ўзбекистон халқаро ислом академиясида имом-хатиблар учун тажвид фанидан махсус дарс ташкил қилинди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори имом-хатибларга “Қуръон қироати, дуо ва зикрларда тажвид илмининг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.

Дарс давомида Мусъҳафлардаги вақфларга амал қилиш қоидалари, Мусъҳафлар ёзилишидаги тафовутлар ҳамда “Фотиҳа” сураси, дуо ва зикрларни ўқишда учрайдиган айрим хатолар ва уларнинг муолажаси каби тажвидга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ҳаммага маълумки, бугунги кунда экстремизм ва терроризм нафақат алоҳида мамлакатларнинг миллий хавфсизлигига, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид солаётган омилга айланиб улгурди. Бу эса ҳар қандай юрт тинчлиги ва миллат тақжирига масъул бўлган кишиларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Қонунга кўра, терроризм бу – сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, зўрлик ва зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа йўл билан амалга ошириладиган жиноий қилмиш, ҳисобланади. Терроризм­ни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, бундай буз­ғунчиликни амалга оширувчи шахс қонунга мувофиқ жазоланади.

Терроризм кишилар, жамоатлар ёки давлатларнинг дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишдир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият етказиш, таҳдид қилиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкни тортиб олиш, йўлтўсарлик, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари билан якка ёки жамоавий тарзда жиноий режани амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият етказиб қўрқитиш ёки бошқаларнинг ҳаёти, эркинликлари ва мол-мулкини хавф-хатарга қўйишдир. Буларнинг барчаси бузғунчилик қилиш бўлиб, Аллоҳ Қуръони каримда мусулмонларни бу ишдан қайтарган. Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масалалар эмас, бу муаммога нисбатан буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, уларнинг салбий оқибатларига ҳуқуқий ва фиқҳий жиҳатдан баҳо берган.

Қайд этиш жоизки, турли экстремистик ва террористик ташкилотлар Марказий Осиё республикаларидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган фаолиятини ҳам ҳануз давом эттираётгани ачинарли ҳол.

Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган айрим гуруҳлар ва тоифалар диндан фойдаланиб, ғараз мақсадларни кўзлаган ҳолда, жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ ва диндорлар ўртасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилмоқда. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа» деб эълон қилган ҳолда, бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, улар ўз хатти-ҳаракатларини асослаш учун ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифни ўзларининг ғараз мақсадларига мослаб тафсир ва таъвил қилиб, мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринмоқда.

 Ваҳоланки, Ислом дини ҳар қандай оғир ша­роитда ҳам экстремизм ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкиш энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, бунинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Ҳозирги кунда терроризм, экстремизм, диний ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар тинчлик-осойишталикка рахна солмоқда.

Афсуслик билан бўлсада, айтиш ўринлики, юртимиз Ўзбекистон терроризм таҳдидлари ва унинг зарарли оқибатларини ўз бошидан кечирган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу туфайли ҳам юртимизда ушбу иллатларга қарши курашиш, унинг олдини олиш бўйича жаҳон ҳамжамиятига намуна бўла оладиган даражада ўзига хос таж­риба шаклланган. Қолаверса, юртимиз ва  ислом дини тарихига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимиз қолдирган маънавий-маърифий мерос нафақат ислом оламида, балки бутун жаҳонда алоҳида эътиборга лойиқлиги эътироф этилган ҳақиқатдир. Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида тобора кескинлашиб бораётган қонли можаро ва зиддиятлар, терроризм ва экстремизм хавфи биздан доимий огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.

Ақидапарастлар содир этаётган жиноятлари учун жавобгарликка тортилар экан, жамоатчиликни, расмий имом хатибларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларини қоралаш мақсадида инсон ҳуқуқлари поймол этилаётир, виждон эркинлиги таъминланмаётир ва бизни қийноққа солишяпти, деган турли фис­қу фасодларни тарқатишмоқда. Бу туҳматлар, албатта, нотўғри эканлиги ўз исботини топаётганига қарамай, бу бўҳтонларни четдан туриб уюштираётган ва қўллаб-қувватлаётганлар ҳам бор.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги кунда ислом дунёсининг барча олиму уламолари ҳамкорликда муқаддас динимизнинг соф таълимотини асл ҳолда асраб-­авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий усуллар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоб­лайди.

Мутаассибликни кўпинча дин билан боғлаш ва террордан фойдаланиб ҳамда мусулмонлар учун муқаддас бўлган ислом ниқоби остида ўзининг даҳшатли ишларини амалга ошираётган, моҳиятан, минтақада вазиятни беқарорлаштираётган бир қатор ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ воқеаларга эътибор қаратган ҳолда, диншунос олим, жамоат арбоби Али Апшеронининг фикр­ларини келтириш ўринлидир. «Ислом, – деб ёзади у, – ўта кетган мутаассиб инқилобчиларга муҳтож эмас, аксинча, у чуқур ва самимий эътиқодга эга бўлган, бошқача фикрловчи, бошқа тилда сўзлайдиган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган кишиларга нисбатан бағрикенглик ва очиқлик хос бўлган тақводор ва художўй кишиларга муҳтождир».

 Хулоса қилиб айтганда, терроризм иллатига қарши курашишда замонавий ҳуқуқ манбаларидан ташқари, муқаддас динимизнинг асоси ҳисоб­ланган Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳамда буюк аждодларимизнинг тавсияларига амал қилсак, юртимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Раҳматуллоҳ Файзуллаев,
Марғилон шаҳар "Робия ҳожи она" масжид имом-хатиби

Жорий йилнинг 23-25 июнь кунлари Малайзиянинг Пенанг штатида "Ҳалол" стандарт маҳсулотлари бўйича XII халқаро кўргазма ва конференция бўлиб ўтади. Унда  турли давлатлардан 20 000 зиёд соҳа вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.   

Малайзиянинг Пенанг штати бош вазири Чоу Кон Ю XII халқаро кўргазма ва конференция Малайзия шимолидаги энг йирик тадбир эканлигини маълум қилди. У кўргазманинг Хитой, Испания ва Чили давлатлари делегациялари иштирокида ўтказилишини айтиб, кўргазма янги имкониятлар очиши мумкинлигини таъкидлади.

Вазирнинг сўзига кўра, кўргазма ҳалол озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқариш, туризм, мода ва технология соҳалари бўйича бўлиб ўтади.

  Унинг сўзларига кўра, Пенангда ҳалол маҳсулотларга оид халқаро конференция давлат имкониятларини намойиш этиш ва иқтисодий фаровонлик учун ҳалол брендини илгари суриш учун платформа яратади.

 ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

Мақолалар

Top