muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 04 آب/أغسطس 2016 00:00

Аршни ларзага келтирадиган амал!

Оила муқаддас даргоҳ. Мана шу муқаддас даргоҳни барпо этиш учун йигит ва қизларга катта маъсулият юкланади. Пайғамбаримизнинг: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин”, деган ҳадислари оилани қандай қуриш учун далолат қилинган. Бу ҳадисда уйланаётган йигитнинг соғ-саломат, бирор касб ва ҳунарга эга бўлиши, яшаш учун шароити бўлиши ва бошқа жиҳатлар назарда тутилган. Шу ўринда қизларимиз ҳам оила қуриш масаласига жиддий қарашлари, огоҳ бўлишлари ва албатта, баъзи йигитларнинг ойни бенарвон олиб беришга ваъда қилувчи алдовларига алданиб қолмасликлари, ота-онанинг юзини ерга қаратмаслик фарзандлик бурчи эканини унутмаслиги керак. Албатта, эзгу ниятлар билан оила қурилгандан кейин икки ёш сабр-бардошли бўлиши, оила деб аталмиш муқаддас даргоҳни паст-баландига кўникиш, келин тушган хонадон оила-аъзолари эса, айниқса, ота-оналар жуда ҳам хушёр ҳамда сабрли бўлиши оиланинг бахтли-саодатли бўлишига асосдир. Чунки яқиндагина келин бўлиб тушган қиз ўзининг хонадонидаги урф-одатлари, қадриятлари билан яшаб келган. Бугун эса умуман нотаниш бўлган хонадоннинг урф-одатлари, анъаналари унинг олдида кўндаланг бўлиб турибди. Демак, келинга ўзга хонадоннинг одатларига кўникиш ва ўрганиш учун вақт талаб қилинади. Вақт ўтиши билан янги оилага кўникиб, хонадоннинг аъзосига айланади. Нозиккина ниҳолга ўз вақтида эътибор қаратилса, келинчакка рўзғор тутиш санъатини ўргатиб борилса албатта, ўша оила мустаҳкам бўлади. Қадим қадриятларимизга ҳиёнат бўлмайди. Таом тайёрлашни билмасликда ёки хали кўп вақт ўтмасдан фарзанд кўрмасликда айбланиб, қайнона томонидан пароканда қилинган оилани мустаҳкам деб бўладими. Бу урф-одатимизга ҳам, динимизга ҳам тўғри келмайдиган ишдир. Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Қолаверса, никоҳ Парвардигори оламнинг номи билан боғланади.

Албатта, Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳақи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар яхши билади. Шу билан бирга ота-онанинг ҳақини қўлдан келганича, адо қилишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳақининг ҳам чегараси бор. Аллоҳнинг амрига зид бўлган банданинг хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар таъкидлашган. Худди шу маънони қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак эмасми. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга, бир одамнинг онаси хотинингни талоқ қиласан, деб туриб олса, нима қилади? дейилган экан. Тасаввур қилиб кўринг, агар дунёдаги барча қайнона-қайноталар келини ёқмай қолса ўғлига хотингни талоқ қиласан дейдиган бўлса, ер юзида бева аёллар билан тирик етимлар кўпайиб кетмайдими? Уларнинг уволига ким жавоб беради. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2016 йилнинг ўтган ярим йиллиги бўйича демографик ҳолатига доир асосий кўрсаткичларни эълон қилди. 2016 йилнинг январ-июнь ойларида Ўзбекистондаги ФҲДЁ органлари томонидан 92,4 мингта никоҳ тузилганлиги ва 14,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. 14,8 минг оила бузилиб, қанча бева ва тирик етим болалар кўпайди, деганидир.

Хулоса ўрнида бугунги кунда жамиятимизда оилаларнинг пароканда бўлиши яъни ажралишлар кўпайиши бизнинг минг йиллик тарихга эга халқимизнинг урф-одатларига, анъаналарига ва қадриятларига зид эканини келажак авлодга қолаверса, янги оила қураётган ёшларимизга бонг урмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарз бўлади. Бир оилада “талоқ” сўзи айтилиб, оила бузилса, Аллоҳнинг арши ларзага келади дейишган. Ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаган ҳар бир банда Раҳмоннинг Аршини ларзага келтирадиган амаллардан ўзини сақламоғи керак.

 

 

 Махмуджон Абдусаитов,

 Бўстонлиқ тумани

бош имом-хатиби в.б.

 

 

الأربعاء, 03 آب/أغسطس 2016 00:00

Мустақил юртим

Ўзбегим бўлгандан буён мустақил,

Ўзининг йўлига қараб бурилди.

Эй дўстим бугунги кундан шукр қил,

Кўп жойда мадраса, масжид қурилди.

 

Боболар ўтдилар ҳаж ният қилиб,

Каъбага йўқ эди бориш иложи.

Бугунчи бизларга омадлар кулиб,

Бўлмоқда халқимнинг ҳар бири ҳожи.

 

Боболар ўтдилар кўзида ёши,

Икки ийд намозин ўқиб яширин.

Икки ийд байрам, деб айтди Юртбоши,

Бугунги кунимиз қандай ҳам ширин.

 

Боболар ўтдилар бўлишиб қулоқ,

Уйидан топилса китоблар бети.

Бугунчи бизларга илм минг булоқ.

Очилди-ку Ислом университети.

 

Эй дўстим, ўзинг айт, бизга нима кам,

Шундайин имконни берди Худойим.

Гулласин, яшнасин, мустақил ўлкам,

Худога шукр деб, яшайлик доим.

 

Отабек Боқоний

Жорий йилнинг 5 августидан 21 августига қадар Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учун ибодат маркази ташкил қилинди.

Ушбу марказ ҳар бир дин вакили ибодат қилиши учун 50 кишига мўлжалланган хоналардан ташкил топган. Мусулмонларга ажратилган хоналар аёллар учун алоҳида, эркаклар учун алоҳида қилинган. Маълумотларга кўра, ушбу марказ 24 июль куни ишга туширилган бўлиб, мусобақалар якунига етгунга қадар фаолият юритади. Марказ ҳар куни эрталабдан кечки 22.00 гача спортчилар учун хизмат кўрсатади.

Ушбу Олимпиада ўйинларига 200 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингдан ортиқ спортчилар ҳамда миллионлаб мухлислар ташрифи кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтадиган бу галги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилар академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашишади.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси

الأربعاء, 03 آب/أغسطس 2016 00:00

Мустақиллик ифтихори

“Ифтихор”— фахрланиш, мақтаниш, ғурурланиш, шон-шараф ҳисси, деганидир. Юртнинг мустақиллиги, тинчлиги эса фахрланишнинг энг юксагидир.

Мустақиллик қалбларга сурур, дилларга қувонч бахш этадиган мўътабар сўз. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас Ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, «мустақиллик» деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини ёш авлоднинг теран идрок этиши, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини талабаларга етказиш, содда қилиб айтганда, биз кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлганимизни англатиш, уларни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!”, деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.

Мустақиллик сабаб юртимизда инсониятни бағрикенглик, поклик ва меҳр-оқибатга чорловчи муқаддас динимизни асраб-авайлашга, ёш авлодни халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган. Диний таълим тизимини такомиллаштириш, пухта билимга эга, соғлом фикрли мутахассисларни тайёрлаш доимий эътиборда.

Дарҳақиқат, Президент Ислом Каримов “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” номли асарида: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айро ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”, деб айтганлар.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг тарихимизни, қадриятларимизни ва муқаддас динимиз бўлган Ислом динини холис ўрганишга кенг имкониятлар яратилди. Мана шу имкониятлар натижаси ўлароқ, ўтган 25 йил давомида кўплаб илмий изланишлар, тадқиқотлар амалга оширилди ва оширилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, 9 та (2 таси аёл-қизлар учун) ўрта махсус ислом билим юртида  таҳсил олаётган ёшлар исломнинг нақадар инсонпарвар, тинчликсевар ва бағрикенг дин эканини мустақиллик шарофати билан англаб етаётганларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Айни пайтда муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Албатта, мустақил ва тинч юрт ўзида ғурур ва ифтихорни мужассам этади

Аллоҳ таоло ўз каломида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (Қуръон билан) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).

Озод ва обод ватанимизнинг 25 йиллик истиқлоли барчамизга муборак бўлсин!

Н. ҒОФУРОВА,

 “Хадичаи Кубро”аёл-қизлар

ўрта махсус ислом

билим юрти мударрисаси

 

الأربعاء, 03 آب/أغسطس 2016 00:00

Истиқлолим – саодатим

Бундан 25 йил муқаддам Президентимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақил деб эълон қилинганида ўзбек халқининг чексиз қувончини таърифлаб бўлмасди. Мана, ўзбек халқининг бошига истиқлол қуёши чиққанига ҳам 25 йил тўлди. Бу муддат кўҳна тарих олдида озгина бўлсада, халқимиз наздида асрларга татийдиган вақтдир. Мана шу вақт ичида кўплаб соҳалар сингари диний қадриятлар ва диний таълимга алоҳида эътибор қаратилди.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Имом Мотуридий сингари Ислом оламида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимизнинг бебаҳо тарихий мерослари қайта тикланди. Шунингдек, янги масжидлар ва мақбаралар барпо этилди. “Ҳазрати Имом” мажмуаси ҳамда “Минор” масжидлари нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Юртимизда диний қадриятлар билан бирга диний таълимга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ёшларимизнинг диний билим олишлари учун кенг имконият ва шароитлар  яратилган. Хусусан, айни вақтда юртимизда 9 та ислом билим юртлари, Тошкент ислом институти ҳамда Марказий Осиёда ягона бўлган Тошкент ислом университети фаолият юритмоқда. Бу таълим даргоҳларида минглаб ўғил-қизларимиз эмин-эркинликда диний билимларни эгаллаб келмоқдалар. Жумладан, Тошкент ислом институти, Наманган шаҳридаги “Ҳидоя”, Қаршидаги “Хожа Бухорий”, Хоразмдаги “Фахриддин ар-Розий”, Нукусдаги “Муҳаммад ал-Беруний” сингари ислом билим юртлари замонавий услубда қурилган, кенг ва шинам хоналарга эга бўлган янги биноларга кўчириб ўтказилди. Талабаларнинг мароқли дам олишлари учун замонавий юмшоқ мебелларга эга бўлган ётоқхоналар барпо этилди.

Ушбу ислом билим юртларида талабалар Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва калом илмлари билан бирга дунёвий фанларни ҳам пухта эгаллаб келмоқдалар. Юртимиздаги ҳар бир ислом билим юртлари замонавий ва сўнгги русумдаги компьютер билан жиҳозланган информатика хоналарига эга бўлиб, ёшларимизнинг ахборот технологияларидан унумли фойдаланишни ўрганишлари учун муҳим омил бўлиб келмоқда. Шунингдек, кимё-биология ва физика сингари табиий фанларни ҳам тўлиқ ўзлаштиришлари учун кимё ва физика лаборатория кабинетлари ташкил этилиб, керакли жиҳоз ҳамда ускуналар билан таъминланган. Кенг ва ёруғ ўқув хоналари алоҳида фанлар учун турли кўргазмали материаллар билан жиҳозланган.

Талабаларни чет тилларни ўрганишлари учун замонавий техника воситалари  билан жиҳозланган лингафон хоналари мавжуд бўлиб, улар малакали устозлар ёрдамида хорижий тилларни мукаммал эгаллаб келишмоқда. Бундан ташқари, талабаларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун қўшимча тўгарак-машғулотлар билан бирга спорт секциялари ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ҳар бир ислом билим юртида ёпиқ ҳамда очиқ спорт майдончалари мавжуд бўлиб, талабаларни спорт билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиб берилган. Барча шароитларга эга бўлган ошхоналар ташкил этилган бўлиб, талабаларга ҳар куни 2 маҳал бепул иссиқ овқат берилади. Талабаларни маданий ҳордиқ чиқаришлари учун алоҳида маънавият хоналари ташкил этилган. Унда талабаларни юртимиз ва дунёда бўлаётган янгиликлар билан ҳамнафас бўлишлари учун  барча оммавий ахборот воситалари мавжуд.

Талабаларни мукаммал билим олишлари, таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан доимий равишда билим юртларининг моддий техника базаси шакллантириб келинмоқда. Хусусан, таълим бўлими томондан янги ўқув дастурлари, адабиётлар ва дарсликлар ишлаб чиқилиб, дарс самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.   

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда ёшларимизни диний билимларни эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ёшларимизга шундай имкониятларни яратиб берган истиқлол байроғи абадул абад ҳилпираб турсин.      

Шавкатжон МАДАМИНОВ, Наманган шаҳар  “Ҳидоя” ислом билим юрти ўқитувчиси                              

Мақолалар

Top