muslim.uz

muslim.uz

Ҳар йили муборак Рамазон ойида юртимиз оммавий ахборот воситаларида таниқли ва воиз уламоларнинг илмий-маърифий чиқишлари салмоғи янада ортади.

Ана шундай гўзал суҳбатлардан бири Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирокида “Mening yurtim” (MY5) телеканалининг “Ибрат” кўрсатуви орқали намойиш этилмоқда.

Рамазон ойининг 30 куни давомида ҳар куни саҳарлик ва ифторлик вақтида мазкур илм-маърифат чашмасидан баҳра олишингиз мумкин.

Ушбу кўрсатувни кўришга имконингиз бўлмаса, ҳар кун кечки соат 23:00 да @Ehtirom_uz каналида томоша қилишингиз, шунингдек, унда кўрсатувнинг ўтган сонларини ҳам топишингиз мумкин бўлади.

Демак, кун аввалида ва сўнгида динимизга оид муҳим, қизиқарли ва зарур мавзуларда аниқ далиллар, тарихий ривоятлар, ҳаётий мисоллар асосида халқчил тилда бўлувчи ушбу кўрсатувнинг кўриб боришни тавсия этамиз!

Маърифий кўрсатувнинг ўтган сонларини қуйидаги ҳаволалар орқали кўришингиз мумкин:

Анонс: https://t.me/Ehtirom_uz/10378

1-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10396

2-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10410

3-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10424

4-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10437

5-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10458

6-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10475

7-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10494

8-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10503

9-сон: https://t.me/Ehtirom_uz/10511

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 12 апрель куни пойтахтимиздаги “Wyndham Toshkent hotel” меҳмонхонасида “Цивилизациялараро мулоқот – халқ дипломатияси ривожининг муҳим омили” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Мазкур халқаро семинарда юртимиз ва хориждаги нуфузли ташкилот вакиллари билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков илмий-маърифий маъруза билан қатнашдилар.

Халқаро илмий-амалий семинарда Ҳомиджон домла Ишматбеков “Мусулмон дунёси буюк мутафаккирларининг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси” мавзусидаги маърузаси давомида Ўзбекистон заминидан жаҳонга танилган кўплаб буюк аллома ва мутафаккирлар етишиб чиқиб, самарали фаолият кўрсатгани, уларнинг бебаҳо асарларию буюк кашфиётлари минг йиллар оша нафақат диёримиз, балки жаҳон аҳлининг қудратли маънавий мулки сифатида ардоқланиб келинаётгани, шу боис жаҳон миқёсида буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори экани, бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренасансга пойдевор қўйилиб, ёшлар таълим тарбиясига катта эътибор қаратилаётгани, яқин келажакда юртимиздан яна буюк аждодларга муносиб авлод етишиб чиқишини алоҳида таъкидладилар.

Самимий, ишчан руҳда ўтган илмий-амалий семинар якунида иштирокчилар томонидан тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 12 نيسان/أبريل 2022 00:00

15.04.2022 й. Нафс тарбияси – икки дунё саодати

 بسم الله الرحمن الرحيم

Нафс тарбияси икки дунё саодати 

Муҳтарам азизлар! Рамазон ойи мусулмонни фазилатли амаллар, улуғ хулқлар, гўзал ўрнаклар ила тарбиялайдиган ойдир. Бу ойда мусулмон киши нафсини тийишга жидду-жаҳд қилиб, уни бошқаришга киришиши лозим. Ҳар қандай разил хулқдан, ёмон йўллардан узоқ бўлиши даркор.

Инсонда руҳ ва нафс бордир. Руҳнинг озуқаси шариатга мувофиқ бўлган барча амаллар бўлиб, кимки бирон шаръий амални қилса руҳ қувватланади. Мана шу сабабдан намоз ва бошқа ибодатлардан кейин руҳий таскинлик топилади.

Нафснинг истаги эса шариатнинг зидди бўлган нарсалар бўлиб, ўша амал сабаб кишининг нафси қувватланади. Намоз қазо бўлганида, қазони ўқимай юравериш ёки ибодатларни адо этишнинг қийин бўлиши нафс истаги бўлиб, у шундан қувватланаверади.

Мусулмон киши ибодатларга қанча ташна бўлса, намозини вақтида ўқиса, закотини кечиктирмай адо қилса, садақалари тўкис бўлса, Қуръони карим тиловатида бардавом бўлаверса, руҳи қувватланиб, нафсу ҳавоси синиб, ибодатлар унга севимли бўлаверади. Нафс Шайтоннинг энг кучли қуролидир.

Кимки нафсига қул бўлиб, маъсият ишларга гирифтор бўлса, ҳалол-ҳаром фарқига бормаса, нафси кучайиб, руҳи қувватсизланаверади. Оқибатда ибодатлар унинг учун қийин, ёқимсиз бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг сўзларини қуйдагича келтиради:

 وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي ۚ إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي ۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ

 (يوسوف/53)

яъни: “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир(Юсуф сураси 53-оят).

Ушбу оятда Роббимиз бизларга нафснинг моҳиятини баён қилиб, Ўзи раҳм қилмаса, у сабабли ҳолимиз хароб бўлишини таъкидламоқда. Роббимизнинг бизга раҳм қилиши эса, шариатга мувофиқ амалларга муяссар қилиши билан бўлади.

Нафс тарбиясининг аҳамияти: Динимиз бизга нафсимизни доимо назорат қилиб боришга, уни койиб, тарбия қилишимизга буюрган. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: “Нафсни тарбиялаш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Зеро нафс пок бўлсагина нажотга эришади”, – дейдилар. Аллоҳ таоло бу борада Қуръони каримда шундай огоҳлантиради:

 قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا * وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا

 (الشمس/9-10)

яъни: Ҳақиқатан, нафсни поклаган киши нажот топур. Ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси 9-10 оятлар).

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:

الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ

(رواه الامام الترمذي)

яъни: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривоятлари).

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى

 (النازعات/40-41)

яъни: “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Назиат сураси 40-41 оятлар).

Демак, ким Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан қўрқиб, нафсини гуноҳ ишлардан тийса, унга жаннат ваъда қилинган экан. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу одамларга хитоб қилиб, шундай деганлар:

"حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا، وَزِنُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُوْزَنُوا، فَإِنَّهُ أَهْوَنُ عَلَيْكُمْ فِي الْحِسَابِ غَدًا أَنْ تُحَاسَبُوا أَنْفُسَكُمْ اليَوْمَ وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الأَكْبَرِ يَوْمَئِذٍ تُعْرَضُونَ لَا تَخْفَى مِنْكُمْ خَافِيَة"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, амаллар тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйинг! Бугун нафсингизни ҳисоб қилишингиз эрта – Қиёматда ҳисобингизни енгиллаштиради. Ўзингизни катта ҳисоб-китоб Кунига ҳозирланг! Аллоҳга рўпара бўладиган кунда бирор нарсангиз махфий қолмайдиган кунингизга ҳозирлик кўринг!” (Имом Термизий ривоятлари).

Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Зеро, нафсга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар. Аллоҳ таоло шундай дейди:

 وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنِ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ اللَّهِ

 (القصص/50)

яъни: “...Ўз ҳавои нафсига эргашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!” (Қасос сураси 50-оят).

Инсон бошига тушадиган ҳар хил бало-офатлар асосан нафс бузуқлигидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам халқимизда: “Менинг нафсим балодур, ўтдан чўққа солодур”, – деган пурҳикмат гап бежизга айтилмаган.

Нафс тарбиясининг фойдалари: Нафсни турли разил одатлардан поклаш, уни тарбия қилиш ва сайқаллаш орқали киши “саломат қалб”га эришади. Зеро, қалб саломат бўлсагина инсоннинг бошқа аъзолари ҳам тўғри бўлади, турли гуноҳ ишлардан тийилади. Қолаверса, инсон Қиёмат кунида саломат қалб билангина нажот топа олади. Аллоҳ таоло айтади:

 يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ * إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

 (الشعراء/88-89)

яъни: “У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси 88-89 оятлар).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло нафсини поклаган бандаларини “Адн” жаннати билан мукофотлашини ваъда қилган:

 جَنّاتُ عَدنٍ تَجري مِن تَحتِهَا الأَنهارُ خالِدينَ فيها وَذلِكَ جَزاءُ مَن تَزَكّى

 (طه/76)

яъни: “остидан анҳорлар оқадиган, улар доимий қоладиган – “Адн” жаннатлари бўлур. Бу (нафси) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!” (Тоҳа сураси 76 оят).

Нафсни тарбиясида муҳим бўлган омиллар: Нафсни тарбиялайдиган энг яхши омил бу фарз ибодатлардир. Зеро, ушбу ибодатларнинг барчасида инсоннинг нафсий иллатларини даволайди. Жумладан: Имон нафсни ҳар қандай ҳолда Аллоҳ таолога суянишга, уни улуғлашга ва ўзини паст олишга ундайди. Намоз – Роббига итоатни шакллантиради. Рўза кишида дунё неъматларидан ўзини тийиб туришга одатлантиради. Закот эса нафсдан бахилликни кетказади. Ҳаж эса нафсга Аллоҳ таоло йўлида турли машаққатларни кўтаришни ўргатади.

Шунингдек, нафл ибодатларни адо этиш, Қуръон тиловат қилиш ва тинглаш, турли зикрлар билан тилни банд қилиш нафс тарбиясининг энг самарали омилларидан ҳисобланади.

Шу билан бирга руҳий тарбия машойихлари: нафс истакларига тескари ҳаракат қилиш – уни тарбия қилишнинг бошидир, дейдилар. Бу ҳақда ҳазрати Имом Раббоний қуддиса сирруҳу ўзларининг “Мактубот”ларида шундай дейдилар: “Нафснинг истаганларини қилмаслик, истамаганларини қилиш, нафсни заифлаштиради. Уни мағлуб этишнинг энг қулай йўли эса суннатга уйғун яшамоқ ва қалбни махлуқот севгисидан пок тутмоқдир”.

Демак, киши ўз нафсини тарбия қилган зотларга яқин юрмоғи, улар билан ҳам суҳбат бўлмоғи, илм олмоғи ва унга амал қилмоғи лозим бўлади.

Бир куни Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг қўлларида гўшт кўтариб кетаётганларини кўрдилар ва: “Бу нима, Эй Жобир?”, – деб сўрадилар. Шунда Жобир разияллоҳу анҳу: “Иштаҳам хоҳлаб, гўшт сотиб олгандим”, – дедилар. Шунда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу:

أَوَ كُلَّمَا إِشْتَهَيْتَ إشْتَرَيْتَ يَاجَابِرُ، أَمَا تَخَافُ هَذِهِ الآيَةَ ﴿ أَذْهَبْتُمْ طَيِّبَاتِكُمْ فِي حَيَاتِكُمُ الدُّنْيَا 

(الأحقاف/20)

яъни: “Эй Жобир! Иштаҳанг хоҳлаган ҳар нарсани сотиб олаверасанми?! Оятда: “Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни дунёдаги ҳаётингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз”, – дейилганидан қўрқмайсанми?!”, – дедилар.

Ҳазрати Умар ушбу танбеҳлари билан ҳар гал нафс хоҳласа, уни истагини бажо қилаверишнинг оқибатидан огоҳлантирганлар.

Тарихда ўтган кўплаб алломалар, машойихлар, руҳий тарбия уламолари ушбу йўл билан нафсларини ислоҳ қилиб, олий мартабалар, мақомларга эришганлар. Машҳур авлиёлардан бири ҳазрати Сирри Сақотий қуддиса сирруҳу айтадилар: “Нафсим қирқ йилдан буён бир бўлак нонни шиннига ботириб егиси келади. Лекин унга буни едирмадим”.

Рамазон ойида нафсни тарбиялаш: Киши ўз нафси билан ҳар куни, ҳар кеча шуғулланиши керак. Рамазон ойи ҳам нафсни жиловлаш, бўйсундириш учун энг қулай фурсат ва имкониятдир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатувида эканлигини ҳис қилади, ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Аллоҳнинг розилиги учун рағбатлардан четлашади. Тонг отгандан қуёш ботгунига қадар емоқ-ичмоқ ва нафсоний ҳаваслардан тийилади.

Рўзада жоҳиллик, тортишув, фисқ-фужур ва ёмонликдан узоқ бўлинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

إذا أصبَحَ أحدُكم يومًا صائمًا فلا يرفُثْ ولا يَجهَلْ فإنِ امرؤٌ شاتَمَه أو قاتَلَه

فلْيَقُل: إنِّي صائِمٌ إنِّي صائِمٌ

(مُتَّفَقٌ عَلَيْه)

яъни: “Сизлардан бирингиз рўза тутган бўлса, ёмон гапларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки уришса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” (Муттафақун алайҳ).

Рамазон ойида шайтонлар кишанланиб, инсон нафси билан яккама-якка қолади. Натижада нафсини тоат-ибодатларга бўйсиндириши учун улкан фурсат юзага келади. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ “Латоифул маориф” китобларида айтадилар:

إعْلَمْ أَنَّ الْمُؤْمِنَ يَجْتَمِعُ لَهُ فِي شَهْرِ رَمَضَانَ جِهَادَانِ لِنَفْسِهِ: جِهَادٍ بِالنَّهَارِ عَلى الصِّيَامِ ، وَجِهَادٍ بِاللَّيْلِ عَلَى القِيَامِ, فَمَنْ جَمَعَ بَيْنَ هَذَيْنِ الْجِهَادَيْنِ، وَوَفَّى بِحُقُوقِهِمَا, وَصَبَرَ عَلَيْهِمَا ، وُفِّىَ أَجْرُهُ بِغَيْرِ حِسَابٍ

яъни: “Билгинки, мўмин кишига Рамазон ойида нафсига қарши икки хил кураш жамланади: кундизи рўза ила (нафсга қарши) кураш қилиш, кечаси қиёмул-лайл ила курашиш. Ким мана шу икки мужоҳадани орасини жамласа, уларни тўла бажарса, иккисига сабр қилса, ажру савобини ҳисобсиз олади” (183-бет).

Демак, “жиҳод” деганда фақат қўлига қурол олиб, уруш қилиш тушунилмас экан. Балки киши ўзининг ичидаги энг катта душмани – нафсига қарши қаратган ҳар қандай кураши ҳам “жиҳод” ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам Суфён Саврий: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”, деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, нафс тарбиясида инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Ҳар ким ўз нафсини тергаб, уни ислоҳ қилиб борса, натижада бутун жамият маънавий ислоҳга эришади.

Аллоҳ таоло барчамизни нафсимиз ёмонлигидан сақлаб, уни тарбиялаш ва гўзал ахлоқларга одатлантиришга муваффақ қилсин! Омин!

Муборак Рамазон ойи ўзининг шукуҳ ва файзи билан давом этмоқда. Имон-эътиқодли ҳар бир юртдошимиз тилу дилида шукроналик билан ушбу табаррук ойнинг савоби самарасидан баҳраманд бўлишга бел боғлаган.

Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазоннинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Аввало, Рамазон Қуръон ойи дейилади. Чунки Қуръони карим ушбу ойда нозил бўлган. Хатму Қуръон ва таровеҳлар адо этиладиган, жину шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинадиган, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш, дуолар қабул бўладиган, хайр-саховат амаллари бажариладиган ва кўплаб фазилатлар ойи эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Мана шу улуғ айём кунлари ўзини мусулмонман деган киши борки, инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби олижаноб туйғуларга асосланган ислом дини мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан хабар олишга, эҳтиёжмандларга мурувват қўлини чўзишга, бир-бирига ўзаро меҳр-оқибат кўрсатишга ошиқмоқда.

Бу ой рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Имом Термизий ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бу ойда меҳр-мурувват кўрсатишга чорлаб: «Эҳсонларнинг афзали Рамазон ойида қилинганидир», дея марҳамат этганлари келтирилган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ривоят қилинган Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жумладан, бундай дедилар: “…Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади». Шунда биз: «Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизку», дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади», дедилар».

Демак, кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилар экан ва ўзига ҳам рўзадорники билан тенг савоб ёзилар экан. Бу ривоятдан бохабар юртдошларимиз муборак ойда имкон қадар рўзадорларга ифторлик беришга ҳаракат қилади.

Астойдил, холис савоб учун қилинган бағрикенглик, саховатпешалик чинданда эътирофга лойиқ. Атрофдагиларга кўз-кўзлаш, ўзини кўрсатиш, шунинг кетидан қандайдир манфаатга эришиш мақсадида саховат кўрсатиш эса кибр ва манманлик белгисидир. Афсуски, моҳи Рамазонда амалга оширилаётган айрим тадбирларда ана шу иллат кўриниб қолаётир.

Юқорида зикр этганимиз ҳадиси шарифда рўзадорга ифтор қилиб беришнинг савоби айтилиши билан бир қаторда бунга моддий имконияти бўлмаганларга Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам берилиши айтиб ўтилган.

Рамазон — тақво ойи, Рамазон — меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта, бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не наф? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади.

Таассуфки, ифторлик беришда ҳам «кимўзар»га тушмоқдамиз. Қолаверса, бугун бу эҳсон тадбирни уйида эмас, ресторанларда катта жамоатни йиғиб, ўта дабдабали дастурхон атрофида ўтказиш ҳам тобора урф бўлиб бормоқда. Аслида киши ўзи истиқомат қиладиган хонадонга яқинлари, қўни-қўшнилар ва муҳтожларни таклиф этиб, камтарона қилган ифторлик ҳар томонлама мақбулдир. Унда силаи раҳм, қўшнининг ҳаққи ва муҳтожларга кўмак ҳосил бўлади, риё, манманлик ва исрофдан узоқлик бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Яна бир мулоҳаза. Аслида ифторлик фақат тўп-тўп одам чақириб, зиёфат бериш эмас. Балки эҳтиёжманд инсонларга озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб бериш, даволанишга имконияти йўқ беморларга дори-дармон улашиш, эҳтиёжлари учун уларнинг қўлига озми-кўпми, маблағ бериш ҳам энг аъло ифторликдир.

Бу табаррук ойнинг моҳиятию қимматини англаб, ўтказаётган тадбирларимизда, бажараётган амалларимизда, аввало, Яратган розилигини мақсад қилсаккина, муродга етишган бўламиз. Аллоҳ таоло ато этган барча неъматлар учун шукрона айтиб, бир-биримизга фақат ва фақат яхшиликни илинсак, эзгу амаллар йўлида саъй-ҳаракат қилсак, ҳар бир куни йилларга тенг бебаҳо ойнинг савобига эришишимиз мумкин, иншааллоҳ.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 

Самарқанд вилояти вакили

Мақолалар

Top