muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 18 تموز/يوليو 2018 00:00

Олам – Аллоҳнинг белги-аломатларидан

Сув ичаётганингда ақлинг билан ушбу ажойиб сувни мушоҳада қилиб ич. Ушбу суюқ, ранги ҳам ҳиди ҳам йўқ модда ҳақида фикр юритиб ич. Ундаги сифат ажойиб ва ғаройибдир. Чанқаган вақтингда сенинг бу ташналигингни сувдан бошқа нарса қондира олмайди. Кейин томирларингда тер қандай ҳаракатланишини ўйлаб кўр.

Мана шулар ҳақида мушоҳада қиладиган бўлсанг, ушбу сувга қараб туриб ўзингни Аллоҳнинг олдида топасан.

Бир куни Ҳорун ар-Рашиднинг мажлисида солиҳ ва катта уламолардан Товус ал-Кайсоний раҳимаҳулллоҳ ҳам бирга эди. Ҳорун ар-Рашид чанқаб, бир коса сув келтиришларини талаб қилди. Сув келтирилди. Ичишни бошламоқчи бўлганида ҳалиги олим унга: ”Шошманг, эй мўминларнинг амири, сувни ичмай туринг!” деди.

У: ”хўп” деди.

Товус: Айтингчи, агар сиз чанқоғингиз устига мана шу бир коса сувдан тўсилсангиз уни ниманинг эвазига сотиб олган бўлардингиз? деди.

Ҳорун: ”Қўлимдаги бор нарсам эвазига”, деди.

Товус: ”Ош бўлсин, ичаверинг”, деди.

Кейин у ичди. Товус: ”Эй мўминларнинг амири, агар мана шу сув танангиздан чиқиб кетишидан тўсилиб қолса, ниманинг эвазига уни чиқарар эдингиз?” – деди.

У: ”Қўлимдаги бор нарсам эвазига”, деди.

Товус: ”Эй мўминлар амири, бир ҳўплам сув ичишга ҳам етмайдиган мулкда  Аллоҳдан қўрқинг”, деди.

Инсон бу ҳақида ўйласа бир томчи сувнинг ўзида Аллоҳ борлигини кўради. Булутнинг ўзида Аллоҳнинг борлигини кўради. Шамоллар тебратаётган ўсимликларнинг ўзида Аллоҳ азза ва жалланинг борлигини кўради. Турли таомлар ва ҳар хил мевалар, кеча ва кундузнинг алмашинувида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони кўради.

Қандай қилиб олам инсонни Аллоҳни кўришдан узоқлаштирадиган тўсиқ бўла олади?!

Бу олам Аллоҳнинг белгиларидан бошқа нарса эмас.

 

 

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг суҳбатларидан

Тошкент шаҳар

“Кўкча оқтепа” масжиди имом-хатиби

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ

таржима қилди.

الأربعاء, 18 تموز/يوليو 2018 00:00

Сабр ҳақида сабоқлар

Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.

Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар: Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган. Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.

Сабр ҳақида шундай демишлар:

– Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

– Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.

– Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.

– Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.

– Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

Сабрнинг турлари

Ҳилмий айтади: «Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш. Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш. Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш».

Ибн Қоййум айтади: «Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: Амр ва тоатларни адо этишга сабр. Наҳйи ва хилофларни қилмасликка сабр. Қазои қадарларга рози бўлишга сабр».
Ферузободий айтади: «Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр. Аллоҳ билан сабр. Аллоҳ учун сабр». Авф сўзи луғатда тарк қилиш, ўчириш ва йўқ қилиш маъноларини ифода этади. Уламо ахди авфни қуйидагича таърифлайдилар:
Муновий: «Авф бир нарсани тановул қилишни қасд этиш ва гуноҳни ўтиб юборишдир», деган. Кафавий: «Авф қудрати етиб туриб, зарар етказмасликдир. Ким уқубат беришга ҳақдор бўла туриб, уни тарк қилса, авф қилган бўлади», деган.

Авф билан мағфиратнинг орасидаги фарқ

Мағфират иқобни соқит қилиб, савоб беришдан иборатдир. Бунга фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қодир. Мағфиратга фақат мўмин бандагина сазовор бўлади. Авф маломат ва мазамматни соқит қилса ҳам, савобга эришишни тақозо қилмайди. Авфни банда ҳам қилиши мумкин.
Авф уқубатдан олдин ҳам, кейин ҳам бўлаверади. Мағфиратда эса, уқубат умуман бўлмайди. Авф фақат қодир бўлган шахс тарафидан бўлади.
Авф уқубатни соқит қилади. Мағфиратда эса, гуноҳ беркитилади.
Аллоҳ таоло: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (Шуро, 43).

Бу ояти каримада сабр қилишга даъват бор. Яна кечиримли бўлишга даъват бор. Яхшилар сифати бўлган ушбу сифатларга такрор-такрор даъват бежиз эмас. Аввало, бу ишларни амалга ошириш осон эмас. Қолаверса, яхши сифатларга қанча тарғиб қилинса, шунча оз. Дунёдаги ҳолатлар бошқача бўлиши мумкин. Баъзан жиноятчи, золим ва тажовузкорларга омад кулиб боққандек кўринади. Бундай қарасангиз, пичоқлари мой устида, кунлари шод-ҳуррамликда ва айш-ишратда ўтаётгандек. Улар дунёнинг ярмига, балки ҳаммасига эга бўлсинлар, аммо беш кунлик ўткинчи дунё матоҳларининг қиммати қанча? Унга эришганлар аслида нимага эришадилар ўзи?
Аммо сабр қилганлар мардлик ишларини амалга оширган бўладилар ва унинг ажрини тўла-тўкис оладилар. Аллоҳ таоло яна: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деган (Зумар, 10). Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

Ибратли ҳикоя

Икки шаҳарнинг машҳур рассомлари расм чизишда моҳирлик борасида доим тортишар эдилар. Уларнинг бири хитойлик рассомлар, иккинчиси онадўлилик (Туркия шаҳри) рассомлар эди.
Шаҳар ҳукмдори уларни орасини ажратиш учун саройига таклиф қилди. Уларга бир хонани кўрсатди. Уни орасида девор ўрнатишди. Бир қисми Хитой рассомларига ва иккинчиси онадўлилик рассомларга топширилди. Улар ўз маҳоратларини ишга солиб расм сола бошладилар.

Хитойлик рассомлар жуда кўп бўёқлар сўраб, жуда чиройли суратлар чиздилар. Онадўлилик рассомлар эса ўзларига берилган хонанинг бир қисмини биллурдек шаффоф бўлган мовий рангга бўядилар.

Белгиланган вақт тугагач, подшоҳ хонани текширгани кирди. Биринчи бўлиб хитойлик рассомларнинг ишларини кўриб қойил қолди. Улар хонани усталик билан безатиб, расм чизган эдилар. Навбат Онадўлилик рассомларга келган-да, улар орадаги деворни олиб ташлашни айтдилар. Орадаги тўсиқ олингандан сўнг хитойлик рассомлар чизган сурат, онадўлилик рассомлар чизган биллурдек шаффоф мовий деворларда акс этди. Буни кўрган подшоҳ ҳайратдан лол қолди. Бунинг оддийлик ва бежиримлигига тасаннолар айтди.
Қиссадан қисса шуки: Барча гўзаллик ва бежиримлик, чиройли сабр соддалик ва оддийликдадир. Инсон фақат зеб-зийнат ва ҳашаматларга берилмаслик, сабр қилиш мукофатларнинг энг олийсидир.

 

Ислома МУХАММАДОДИЛОВА

“Хадичаи кубро” аёл-қиз ўрта махсус 
ислом билим юрти талабаси

الأربعاء, 18 تموز/يوليو 2018 00:00

Аёл-қизлар шимда намоз ўқишлари мумкинми?

Намоз ўқишнинг шартларидан бири бу сатри-аврат ҳисобланади. Бунга кўра инсоннинг аврат ҳисобланган жойлари одамлар назаридан тўсилиши, яъни яширилиши зарур. Аёл-қизлар намоз ўқишларидан аввал юзлари, қўл ва оёқ кафтидан тўпиққача бўлган жойларини ёпишлари талаб этилади.

Имом Аъзам мазҳабига кўра, аёл кишининг оёқ кафти аврат ҳисобланмайдию. Шу сабабли уни ёпиш мажбурий ҳисобланмайди. Мусулмон аёл-қизлар орасида ўз кийим жавонида кўплаб шимларни сақлашади. Шим кийиб намозни адо этганда қабул бўладими деган савол пайдо бўлади. islam-today.ru нашри томонидан тайёрланган ушбу видеолавҳада ушбу саволга жавоб берилган.

Унда тор кийим ва шимда, калта кийимда намоз ўқиш мақсадга мувофиқ эмаслиги айтиб ўтилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Миср Араб Республикаси Парламенти томонидан асоссий, нотўғри маълумотлар ва янгиликларни тарқатилишини олдини олиш мақсадида янги қонун қабул қилинди. Бу ҳақда islam-today.ru нашри хабар берди.

Қонунга кўра ҳукумат ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар ва янгиликларни тарқатган аккаунтларга таъқиқ қўйиши, журналистларни жазолаши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Мисрда беш мингдан ортиқ аъзоларига эга бўлган аккаунтлар оммавий ахборот воситаси сифатида эътироф этилади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таолонинг 99 та энг гўзал исмлари орасида Ғофур (الْغَفُورُ), Ғаффор (غَفَّارٌ) ва Ғофир (غَافِر) исмлари ҳам бор. Бу исмлар “Мағфират (кечириш)”, “Сатр (беркитиш)”, “Афв (бутунлай ўчириб юбориш)” маъноларидадир.

 

Ғофур исми

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

  قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

“Сен менинг тарафимдан: “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир”, деб айт”. (Имом “Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р.а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?” деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.) (Зумар сураси, 53-оят).

Ғофур исми Қуръони Каримда 91 марта келган.

 

Ғофир исми

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

غَافِرِ الذَّنبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ شَدِيدِ الْعِقَابِ ذِي الطَّوْلِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ إِلَيْهِ الْمَصِيرُ

“У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир” (Ғофир сураси, 3-оят).

Ғофир исми Қуръони Каримда 1 марта келган.

 

Ғаффор исми

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِّمَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى

“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман” (Тоҳа сураси, 82-оят).

Ғаффор исми Қуръони Каримда 3 марта келган.

 

Ҳозирги даврнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Ротиб Набулсий бу мавзуда сўз юритиб шундай деганлар:

“Бу уччала исм ҳам “мағфират” (مَغْفِرَةٌ) сўзидан олинган. Баъзи аҳли илмлар бундай дейишган: “Агар инсон Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан исён қилса, Қуръони Каримда бу ҳолат золум, золим дея васф этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

فَمِنْهُمْ ظَالِمٌ لِّنَفْسِهِ

“Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор” (Фотир сураси, 32-оят).

 

إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً

“Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир” (Аҳзоб сураси, 72-оят).

Золлам эса яна муболағалироқ лафз бўлиб, ҳаддан ташқари кўп зулм қилувчи маъносидадир.

Ғофир – гуноҳни кечирувчи, битта гуноҳни кечирувчи маъноларида келади.

Ғофур – кўп гуноҳларни кечирувчи дегани.

Ғаффор – ўта кўп ва улкан гуноҳларни кечирувчи деганидир.

Эй банда, агар сен золим (ўз нафсига зулм қилувчи) бўлсанг, Аллоҳ таоло Ғофирдир.

Эй банда, агар сен золум (ўз нафсига кўп зулм қилувчи) бўлсанг, Аллоҳ таоло Ғофурдир.

Эй банда, агар сен заллом (ўз нафсига ўта кўп зулм қилувчи) бўлсанг, Аллоҳ таоло Ғаффордир”.

Ё Аллоҳ, гуноҳларимизнинг барчасини, каттасини-кичигини, ошкорасинини-махфийсини, билиб-билмай қилганимизни Ўзинг мағфират этгин!

 

 

 

Набулсийнинг китоблари ва интернет маълумотларидан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

Мақолалар

Top