muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Бош консулхонасида Туркия Дин ишлари бўйича қўмитасининг («Diyanet», қароргоҳи Макка шаҳрида) Умра ва қуддус зиёратлари бўлими бошлиғи Муҳаммад Зейд Озел билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Макка шаҳридаги «Diyanet» ваколатхонаси Туркиянинг Жиддадаги Бош консулхонаси ҳузурида очилган бўлиб қўмитанинг асосий мақсади Саудия Арабистони ҳукумати ва тегишли компаниялар билан тўғридан-тўғри иш олиб боришдан иборат.
Учрашувда Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, республикада меҳмонхона хўжалигини такомиллаштириш доирасида хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги батафсил маълумотлар берилди.
Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларидаги ноёб ёдгорликлар, ўзбек халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва урф-одатлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни жалб қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Муҳаммад Зейд Озел туркиялик сайёҳлар учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг қадимий обидаларига, хусусан, Имом Бухорий мажмуаси ва Нақшбандий мақбарасига зиёратларни ташкил этиш орқали ўзаро ҳамкорлик масаласига қизиқиш билдирди. У шунингдек, «зиёрат туризми» йўналишида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан муносабат ўрнатиш ва тегишли битимни имзолашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Туркия вакили Ўзбекистондаги энг йирик туристик компаниялар билан ҳам алоқалар ўрнатган ҳолда турк зиёратчилари учун керакли турпакетларни ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди.
Учрашув натижасида туркиялик зиёратчиларни Ўзбекистонга жалб қилиш мақсадида мамлакатимизнинг ушбу жабҳага мутасадди идора ва туркомпаниялари билан алоқа ўрнатиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Айтиб ўтганимиздек, айримлар Имом Абу Ҳанифанинг мазҳаби қиёсга асослангани туфайли ҳадисга зид келади, деган таънани қилишади. Энди инсоф билан қарасак, Имом Абу Ҳанифани қўя турайлик, Аллоҳдан қўрқадиган ҳар қандай мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ тарзда етиб келган ҳадис турганда уни қўйиб, қиёс ва раъйга ўтадими? Бундай таъналар аслида ҳадисни англашда фаҳми панд берган кишидан содир бўлади. Чунки Имом Абу Ҳанифа ҳадис турганда уни тарк қилиб, қиёс қилишга ўтмаган. Балки у киши қайси ўринда ҳадисни тарк этиш мумкин бўлиши ва унинг сабабларини билиб, кейин уни тарк қилган. Бунга эса ҳар кимнинг ҳам ақли етавермайди. Шунинг учун ҳам бу таъна етказувчилар Имом Абу Ҳанифа бу масалада ҳадисга хилоф қилди, ҳадисни тарк қилди, деб ўйлаб қолади. Ҳолбуки, аслида ҳолат бундай эмас. Энди ўша сабаб ва ўринлардан баъзиси билан танишсак:

А) ҳадисни саҳиҳ ёки саҳиҳ эмас дейиш мужтаҳадун фиҳ, яъни ижтиҳодга қараб бўладиган масала. Кимнингдир қоидаси бўйича саҳиҳ ҳисобланган ҳадис бошқасининг йўлига кўра саҳиҳмас бўлиб чиқиши бор. Шунинг учун бир муҳаддис тарафидан саҳиҳ дея ҳукм қилинган ҳадисни баъзида бошқаси заиф деганини ҳам учратасиз. Демак, шунга кўра баъзан Имом Абу Ҳанифа ёки умуман олганда мужтаҳид киши ҳадисни ўзининг наздида собит эмаслиги ва саҳиҳ бўлмагани учун уни тарк этади.

Қайсидир бир ҳадисни саҳиҳмас деб уни рад этиш фақат имом Абу Ҳанифадагина содир бўлган ҳолат эмас. Балки ҳадисни текшириб чиқишни ўз зиммасига олган ҳар бир мутасадди шахсда уни саҳиҳ ёки саҳиҳмаслигини ажратиш учун ўзи ўрнатган қоида бор. У мана шу қоидаси асосида ҳадисни текширишни ўзининг вазифаси ҳисоблайди. Шундай экан, улардан бирининг қоидаси бўйича саҳиҳ ҳисобланган баъзи ҳадис бошқасининг қоидасига тушмай, у уни заиф дейиши мумкин. Демак, бир мужтаҳиднинг бир ҳадисга нисбатан қарори ўша ҳадиснинг воқеликдаги сифатини белгилаб бермайди. Чунки бошқаси унга бошқача қарор чиқарган бўлади.

Имом Шофеъийда ҳам бундай ҳолатни кузатиш мумкин. У киши ҳайвонни ҳайвонга насия байъ қилиб сотишдан қайтарилган ҳадисни рад этган. У киши бу ҳадисни собитмаслигини айтган. Бошқалар эса буни собит, дейишган. Аҳли илмлар орасида кузатилган бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Илмга ва илм аҳлига алоқаси бўлиб, уларга аралашиб юрган одамга бу нарса сир эмас.

Б) Баъзан мужтаҳид бир ҳадисни тарк қилишига сабаб қаршисида ундан кўра кучлироқ ва рожиҳроқ бўлган бошқа бир ҳадис ёки далил мавжудлиги бўлади. Бошқа мужтаҳиднинг наздида эса бу ўринда икки далил ўртасида зидлик кўринмайди. Ёки бўлмаса, таржиҳ қилиш услубида биринчи мужтаҳидникидан бошқа йўлни тутгани боис унинг таржиҳ йўлини хато ҳисоблайди. Аслини олиб қарасангиз, бу жойда ижтиҳодларнинг турфа хиллигига гувоҳ бўласиз. Мужтаҳидларда бундай ўзаро зидликлар учраб туради. Бирор бир мужтаҳид бунга ўхшаш ҳолатдан саломат бўлмаган. Шунинг учун шу каби ўринларда уларга таъна етказиш нотўғри ҳисобланади.

В) Гоҳида мужтаҳиднинг наздида ҳадис бошқа бирор далил воситасида насх қилингани исботлангани учун уни тарк этади. Бу пайтда унинг насх деган гапига қарши чиқиб, далилланиш услубини хатога чиқариб, саҳиҳ ҳадисга амал қилмаяпти дейиш нотўғри. Бу ўринда ҳам ижтиҳодларнинг ҳар хиллиги мавжудлигини айтишимиз мумкин.

Хулоса шуки, бир ҳадиснинг мардуд ёки мақбуллиги ижтиҳодларнинг турличалигига қараб бўлади. Энди бир инсон ўз ижтиҳоди ила қайсидир сабабдан бир ҳадисни рад этган бўлса, ижтиҳоди шунга олиб келган бўлса, биз бу инсонни таънага нишон қила олмаймиз. Бўлмаса, бирорта ноқид, яъни ҳадисларни текширувчи бирор муҳаддис бу таънадан саломат бўла олмайди. Чунки уларнинг ҳар бири қайсидир сабабдан бошқаси саҳиҳ деган бирор ҳадисни ўз ижтиҳоди ила заиф деб, уни қабул қилмаган.

Абдулҳодий Ғиёс,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Фитналар пайтида илм ва етук малакага эга бўлмаган инсон унинг домига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Айниқса, ҳозирги кунга келиб арзимас хато туфайли фитначиларга ёрдам бериши ёки уларнинг сафига тушиб қолиши ҳам мумкин. Фитналарнинг бўлиши тақдирда бор экан, мана шундай фитналар содир бўлган пайтда мусулмон киши қандай йўл тутмоғи лозим? Қандай қилса, ундан сақланиши мумкин? Уламоларнинг Қуръон, ҳадис ва тарихдаги фитналар пайтида салафи солиҳларнинг фитналар пайтида тутган йўлларидан келиб чиқиб бидирган фикрларини қуйида қисқача баён қилишга ҳаракат қиламиз.

Қуръон ва суннатни маҳкам тутиш. Мусулмонларнинг Қуръон ва суннатни маҳкам тутиб, қалбларини улфат қилиб,  ўзаро якдил бўлишликлари фитналардан соғ-саломат чиқишнинг энг тўғри ва синалган йўлидир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз”, деб марҳамат қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмассиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати”, дедилар» (Имом Молик ривоят қилган).

Имом Термизий Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллаоҳу алайҳи васаллам бир кун бомдод намозидан сўнг бизга етук мавъиза қилдилар. Ундан кўзлар ёшланди. Қалблар титради. Бир киши: “Албатта, бу видолашув мавъизасидек бўлди. Ё Расулуллоҳ бизга нимани буюрасиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Сизларни Аллоҳга тақво қилишга, агар қора қул (амир) бўлса ҳам, (уни) эшитиб, итоат қилишга буюраман. Сизлардан ким (мендан кейин) яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Ишларнинг янги пайдо бўлганидан сақланинглар. Чунки бу залолатдир. Сизлардан ким шуларга етса, менинг суннатим ва тўғри йўлдаги рошид халифаларимнинг суннатини лозим тутсин. Уни озиқ тишларингиз билан маҳкам ушланглар”, дедилар.

Шаръий илмлардан хабардор бўлиш.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат яқинлашади, илм олинади, фитналар зоҳир бўлади, бахиллик тарқалади, ҳараж кўпаяди, дедилар. Ҳараж нима. деб сўралди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ўлим”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда “Илмнинг кўтарилиши, илмсизликнинг кўпайиши қиёматнинг аломатларидандир”, дейилган.

Чин дилдан тавба ва истиғфор айтиш. Нима учун айнан тавба ва истиғфор? Чунки иноннинг бошига қандай бало келмасин, кўпинча у гуноҳи сабабидан келади. Бу бало ва мусибатлар фақатгина тавба билан кўярилиши мумкин. Фитна эса мусулмонлар бошига тушган энг катта балолардан ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу билан истисқо қилганда, Аббос розияллоҳу анҳу айтгандилар: “Эй Аллоҳим! Гуноҳ бўлмаса, бало тушмайди. Тавба бўлмаса, бало кетмайди. Қавм мени набийингни ҳурматидан Сенга йўналтирди. Мана бу қўлларимизни Сенга гуноҳлар билан (очамиз), пешоналаримизни Сенга тавба билан қўямиз. Бизни ёмғир билан суғоргин”, деб дуо қилгандилар. Шундан кейи осмон тоғдек ёришди, ҳатто ер серҳосил бўлди. Одамлар яхши яшашди. 

Фитналар пайтида сўз ва амаллар Ислом мезонида бўлиши. Ҳар бир мусулмон айтаётган гапларини ўйлаб гапирмоғи, уни Ислом мезонига солиб кейин гапиришлиги вожибдир. Худди шунингдек, қилаётган ишларини ҳам қилишдан олдин Ислом мезонига солиб, ана ундан кейин қилиши лозимдир. Айниқса, фитналар пайтида янада бунга эътибор бермоғи керак бўлади. Чунки ўзи билмаган ҳолатда фитнага аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки Аллоҳ таоло: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар, масъулдирлар”, деган.

Инсонларни фитнага чақирувчиларга эргашишнинг оқибатидан огоҳлантириш. Уламолар инсонларни фитнага шерик бўлиб қолишнинг  ёмонлиги ва унга чқирувчиларга эргашиш ёмон эканлигидан огоҳлантирмоқликлари вожиб амаллардандир. Айниқса, ёшларни бу нарсалардан кўпроқ огоҳлантириш лозим бўлади. Шу билан бирга фитнанинг натижасида келиб чиқадиган қон тўкилишлар, ўзаро душманлик, юртдан хотиржамликни  кетиши, жамиятда талон-тарожларнинг тарқалиши каби нарсалардан ҳам огоҳлантиришлари керак бўлади.

Фитнадан четда бўлиш. Мусулмон кишига ўз динини сақлаш учун ҳам фитналарга қўшилмасдан ундан қочиши лозим бўлади. Фитнлар пайтида ўз уйида бўладими, иш жойида бўладими, қаерда бўлса ҳам ундан узоқ бўлиши лозим.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Яқинда фитналар бўлади. Унда ўтирган киши тургандан яхшидир. Турган юриб тургандан, юриб турган ҳаракат қилувчидан яхшидир. Ким ундан сақланадиган ёки бошпаланадиган жой топа олса, ўша ерда сақлансин”,  деб марҳамат қилганлар.

Абу Довуд Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилган: Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, бахтли киши фитнадан сақланган кишидир, албатта, бахтли киши фитнадан сақланган кишидир, албатта, бахтли киши фитнадан сақланган кишидир ва фитна билан балоланиб сабр қилган кишидир”, деганларини эшитганман.

Эътибор бериладиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳиу васаллам уч бора фитнадан сақланишликка чақирмоқдалар. Сақланишни иложи топилмаганда ҳам фитнага қўшилишга эмас, балки унга сабр қилишга чақирмоқдалар. Ана шундагина нажот топпиш мумкин бўлар экан.

 Саҳобаи киромлар ва ўтган салафи солиҳларимизнинг кўплари фитнага аралашмасдан ундан сақланишга ҳаракат қилганлар ва уйларини лозим тутганлар. Улар бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган собит нассга эргашганлар. Муҳаммад ибн Сирин айтадилар: “Фитналар қўзғалганда Расулуллоҳнинг ўн мингта саҳобалари бор эди. Улардан юзтаси ҳам фитнага қўшилмадилар, балки ўттизтага ҳам бормас эди”.  Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу  Жамал, Сиффин ҳамда Али ва Муовия розияллоҳу анҳумолар ўртасидаги Таҳким воқеаларида иштирок этмаганлар. Айюб Сижистоний айтадилар: “Саъд ибн Абу Ваққос, Ибн Масъуд, Ибн Умар ва Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумлар йиғилишиб, фитнани зикр қилдилар. Саъд ибн Абу Ваққос: “Мен уйимда ўтираман, унга кирмайман”, дедилар.

 

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди

имом-хатиби Бобохон Бобохонов 

الأحد, 11 كانون1/ديسمبر 2022 00:00

Уйи ёнган хонадонга ёрдам кўрсатилди

Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани “Адабиёт” овул фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Холмурот Эшмурадовнинг уйида ёнғин келиб чиқиши натижасида хонадон эгалари катта зиён кўрди, турар жой биноси тўлиқ ёниб кетди.

Мазкур ҳолатдан хабар топган Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва Қўнғирот тумани бош имоми бошчилигидаги вакиллар тумандаги “Ҳоким Сулайман” жоме масжиди ходимлари жабр кўрган хонадон оила аъзолари ҳолидан хабар олишди. Хонадон аҳлига уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Шу ўринда муҳим эслатма: бугунгидек ҳаво ҳарорати кескин пасайган бир пайтда иссиқликка бўлган талаб ортиши табиий. Лекин иссиқлик манбаларидан фойдаланишда ҳар биримиз, аввало, ўз ҳаётимиз, кишилар ҳаётини сақлаш, қолаверса, моддий мулкларимиз хавфсизлиги учун ёнғин келиб чиқишининг олдини олишга қатъий эътибор қаратишимиз, ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этишимиз зарур. Акс ҳолда ўзимиз, меҳнат билан топган моддий бойлигимиз, уй-жойимизга зиён етиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай офатлардан Ўз паноҳида асрасин!

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Мақолалар

Top