muslim.uz
Аллоҳ осмонда деб эътиқод қилиш жоизми?
Бугунги кунда жамиятда ижтимоий тармоқларни, бутун интернет оламини эгаллаб олиб ширк, бидъат ва залолат масалалари билан шуғулланадиган Абдуллоҳ Зуфар, Махмуд Абдулмўмин каби шахслар манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқдалар. Улар илмсиз бўлгани учун ақида ва фиқҳ масалаларида жиддий ва қўпол хатоларга йўл қўйган. Масалан:Хизбчиларнинг Беҳаё суратларни томоша қилиш жоиз, Бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш жоиз. Икки қутбда яшовчилардан намоз ва рўза соқит бўлади – дея мана шунга ўхшаган умуман динимиз қонун-қоидалирга тўғри келмайдиган кўплаб “фатволари” ва даъволари мавжуд бўлиб, бундай ҳолатлар бирорта саҳоба, бирорта тобеъин, бирорта мужтаҳид имомлардан нақл қилинмаган. Улар Исломни маълум бир шакл билан белгилаб олиб, ўзларидан бошқача фикрдагиларни бидъат ва залолатда айблашади.
Шунингдек,Сохта салафилар тарғиботчиси бўлиб танилган Шайх Содик Самарқандий –“Аллоҳ таоло осмонда деб эътиқод килиш шарт деб даъво килмоқда. Бизнинг Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолога макон нисбат бермайдилар,ва уларнинг ҳеч бундай фикрга кўшилган эмас. Аксинча, баъзи уламолар Аллоҳ таолога макон нисбат бериш куфр эканини айтишади, чунки бундай эътиқод У Зотни бандаларига ва жисмларга ўхшатишдир.
Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: яъни: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).
“Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади” («Ал-Ақида ат-Таҳовия» китоби).
Ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантириш учун турли услублардан фойдаланаётган бу кимсаларнинг асосий мақсадлари —Ислом халифалигини қайта тиклашга уриниш ва шу ҳаракатда бирлашишга тарғиб қилишдир. Бу уларнинг энг зарур ақидавий ва амалий машғулотлари бўлиб, гўё улар учун халифалик тузиш намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом арконларидан ҳам муҳимроқдек тус олган. Улар учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган.
Улар ҳалифаликни зое қилган сабабларни ўрганиб унинг муолажаси ва ўз нафсларининг ислоҳоти билан шуғулланиш ўрнига, давлат тўнтариши, султонга қарши чиқиш, мавжуд тузум раҳбариятига бўйсунмаслик, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр беришади.
Бундай бемазҳаблар бузғунчи оқим аъзоларидан ўзимизни ва фарзандларимизни эҳтиёт қилмоғимиз айни муддаодир.
Х.Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг босиб ўтган йўллари рақамлаштирилмоқда
Саудия Арабистонининг миллий-маданий лойиҳалар билан ишловчи “Samaya Investment” компанияси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат йўлларини рақамлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда islam.ru сайти маълум қилган.
Бунда Набий соллаллоҳу ва салламнинг ҳижрат асносида босиб ўтган йўллари, қаерларда бўлганлари ҳақидаги маълумотлар тўлиқ суратларда акс эттирилади. Ҳозирда мутахассислар Пайғамбаримиз босиб ўтган ёки тўхтаб ором олган қирқдан зиёд жойлар аниқлаган. Мисол учун, Маккадаги “Савр” ғори Мадинадаги “Қубо” масжиди шулар жумласидан.
Мазкур компания бош директори Фаваз Марҳажнинг айтишича, лойиҳани амалга оширишда замонавий техонологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Аэрофотосурат ва 360 даражали панорамали суратлар Макка шаҳрига ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиши баробарида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари билан кенгроқ танишиш имкониятини яратади.
Ҳозирда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланган бўлиб, уни амалга оширишда мухатассислар йўлларнинг нотекислиги ва баъзи тарихий обидаларнинг номлари ўзгаргани каби муаммоларга дуч келишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мисрнинг маданий-маърифий муассасалари билан ҳамкорлик ривожлантирилади
Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Қоҳирада жойлашган Ислом санъати музейи директори ўринбосари, Айн Шамс университети профессори Муҳаммад Аҳмад Абдуссалом билан мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Учрашувда Муҳаммад Абдуссалом Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб машҳур уламолар, олим ва мутафаккирлар нафақат ислом цивилизацияси ривожига, балки бутун жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, суҳбатдош Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда бой маданий-илмий меросни авайлаб асраш, уни пухта тадқиқ этиш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни ҳамда диний-маърифий соҳага давлат томонидан қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.
Мулоқот давомида Ўзбекистондаги диний-маърифий марказлар, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ва бошқа муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, ислом цивилизацияси, санъати, тарихи, маданияти, музейлар иши мавзулари бўйича онлайн режимда конференция ва маъруза-семинарлар ҳамда маҳорат дарслари ўтказиш, шунингдек, қисқа муддатли тажриба алмашиш ва маърузалар ўқиш йўналишларида амалий сафарлар уюштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича, жорий йил давомида Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан элчихона билан ўзаро ҳамкорликда турли илмий-амалий тадбирлар уюштириш, Ўзбекистондаги диний-маъриий марказлар ходимлари учун Ислом цивилизацияси ва музей ишлари мавзуларида онлайн режимда маъруза ва маҳорат дарслари ташкил этиш ҳамда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига оид араб тилида алоҳида китоб чоп этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Соф Исломни қаердан топамиз (ёхуд А.Зуфарга раддия)
Ўзининг жоҳилона фатволари билан машҳур бўлган А.Зуфар яна бир ғароиб чиқиш қилди. Гўё Соф Ислом таълимотларини ҳеч қанақасига расмий олимлар ва муассасалардан олиб бўлмайди. Ҳақиқий ислом таълимотларини фақат ва фақат норасмий домлалардан топиш мумкин, деган фикрни олға сурди. Ўзининг гапларига Имом Маҳдий ҳақидаги ҳадислардан ишоралар топиб, далил қилган.
Лекин ҳақиқат ва воқеълик шуки барча замонларда ҳам, Ислом таълимотлари барча мусулмонлар тан олган, севиб қабул қилинган олимлардан қабул қилинади. Масалан, Исломни етказувчи биринчи муаллим Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлганлар, сўнгра эса саҳобалар келишди. Саҳобалар даврида тўрт халифа Исломни халққа етказишда жонбозлик кўрсатиб, олимларга раҳбар бўлиб туришди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва тўрт халифа айни расмий давлат бошлиқлари эдилар. Кейин тобеъинлар ичидаги олимлари, муфтийлари дин ҳукмларини халққа етказганлар. Кейин мужтаҳидлар даврида сараланиб, сараланиб охирида тўрт фиқҳий мазҳабни Ислом уммати қабул қилди, улардан Ислом динининг ҳукмларини қабул қилиб олди. Мазҳаблар баён қилган ҳукмлар тарқалишида эса расмий қозиларнинг ҳиссаси катта бўлган. Масалан, Имом Абу Юсуф Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати (Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврлари)нинг энг катта қозиси эди. Уларнинг ҳар бири, айниқса, Ҳорунур-Рашид уни эъзозлаб, катта ҳурмат кўрсатарди. Имом Абу Юсуф ҳанафий мазҳаби масалалари тарқалишига катта ҳисса қўшган.
Энг муҳим жойи, бизгача Ислом динини етиб келишида минглаб олиму фузалоларнинг ҳиссаси бор. Тўғри уларнинг ичида расмий лавозимлиси ҳам, лавозимга эга бўлмаганлари ҳам бор, лекин уларнинг ҳаммаси Аҳли суннага тегишли олимлар бўлган. Ҳозир ҳам ҳақиқий Ислом динини кейинга авлодга ўргатаётганлар турли мақом ва мартабаларда бўлсаларда Аҳли сунна олимларидир. Улар ичида расмий лавозимлар ва расмий таълим муассасаларида хизмат қилувчилари кўпчиликни ташкил этади. Ваҳҳобийлик, салафийлик ва такфирчи жамоалари эса бу рўйхатдан ташқарида. Тўғри улар ҳам нималарнидир ўргатишмоқда, лекин асос тўғри бўлмагандан кейин, ўргатган нарсалари динда ғулувга кетишга, мусулмонларни такфир қилиб, қонини ҳалол санаб, уруш қилишга, Ислом уммати ўртасига фитна солишга сабаб бўлмоқда. Эътибор қилинг, қаерда ихтилоф бўлса, ўша ерда салафийлар бир томонда турган бўлади.
А.Зуфар келтирган Имом Маҳдий ҳадиси у ва унга ўхшаган беркиниб олиб, турли ботил фатволарни бериб келаётганларни оқламайди ҳам, уларга далил ҳам бўлмайди. Имом Маҳдийнинг норасмий киши бўлиши ҳеч қачон уларнинг ботил фатволарию эътиқодларини тўғри қилиб қўймайди. У гўё ўзини Имом Маҳдий ўхшатмоқчи бўлганек. Аслида улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
Энди соф Исломни тарқатишни даъво қилаётган норасмий А.Зуфарни ўзига тўхталамиз. Унда ўтган уламоларни сифати борми?!
Биринчидан, унинг устозлари номаълум. Маълум қилганда ҳам салафийлардан экани аниқ. Юқорида айтилгани каби динни устозию, эътиқоди номаълум ёки салафий экани аниқ бўлган кишилардан ололмаймиз. Чунки бу оқим 18 асрдан буёғига бош кўтариб чиққан.
Иккинчидан, у ва унинг номаълум норасмий устозлари ҳозиргача соф ислом деб нимани ўргатишди?! Уларнинг тутган йўли:
1. Кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган ояти карималарни мўминларга татбиқ қиладилар.
Натижада ўзидан бошқа кўпчиликни кофир ё мунофиққа чиқаради. Ахир мўминни кофир деган одам ўзи кофир бўладику!
2. Бир одамни мўминлигига далил сўраш учун Аллоҳ қаерда, деб савол беради.
Абдулло Зуфар ва уни норасмий домлалари Аллоҳ таолога жисм макон исбот қилиб, ҳақиқатда Аллоҳ аршда ўтиради, дунё осмонига тушади деб, мужассима тоифасининг куфрий эътиқодини ўзига олади.
3. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабриларини зиёрат қилишда фойда йўқ деган ботил фатвони тарқатишади.
4. Гўё соф исломни ўргатаётган у ва норасмий устозлари фақат мусулмонлар диёрига уруш қилиб, одам ўлдириб, ўзлари Англия, Америка, Россияга ўхшаш давлатларга беркиниб, улардан қурол олиб, мусулмонларни ўлдиришга фатво беришмоқда.
5. Ота онанг дунёга келишингга сабабчи холос, бошқа ҳеч ким эмас деб ўргатадилар. А.Зуфар ҳижрат ва жиҳод учун ота-онани алдаш ҳам жоиз деган гапларни ҳам гапирди. Ваҳоланки, ота-она рози бўлмаса, фарзанд бу ишларга чиқа олмайди.
6. Соф ислом шайтонни шохи ўша жойдан чиқади, дея башорат берилган Абдулваҳҳоб Наждийнинг йўлими ёки шу саналган ботил ишлар соф Исломни ўргатиш деб аталадими?!
Ислом уммати ҳеч қачон залолат устида жам бўлмайди. Умматнинг А.Зуфарга ҳам, унга ўхшаган норасмий устозларига ҳам эҳтиёжи йўқ. Керак бўлса 18 асрда чиққан уларнинг раҳнамоларидан аввал ҳам Ислом бор эди, бундан кейин ҳам бўлади. Ўзларининг бузуқ тушунчаларини соф ислом қилиб кўрсатадиган шахсларнинг бизга кераги йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдан.
Юнусхон Мамарасулов
Масжиди Набавий ҳовлисига чипли гиламлар тўшалди
Мадинадаги Масжиди Набавий ҳовлисида намозхонлар намоз ўқийдиган қизил гиламлар 12 мингта янги яшил гиламга алмаштирилди, дея хабар беради ArabNews.
Гиламлар маҳаллий шароитда, аниқ техник стандартларга мувофиқ ва намозхонлар учун қулайликларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилган. Улар қалинлиги ва чидамлилиги билан ажралиб туради, бундан ташқари, ювилгандан кейин ҳам ранги ўчмайди.
Ҳар бир гиламда унинг ишлаб чиқарилиши, ишлатилиши, жойлашуви ва ювиш вақти ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ва тизимга уланган электрон чип мавжуд.
Масжиди Набавий ҳовлисига янги гиламларни тўшаш пайтида Икки муқаддас масжид ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Шайх Абдураҳмон ал-Судайс ҳозир бўлди.
azon.uz