muslim.uz
Қувайт телевидениесида Ўзбекистон ислом меъморчилиги дурдоналари намойиш этилди
Кувайт миллий телерадиоканали Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган "Сузук Ота" мажмуаси ҳақидаги видеороликнинг оммабоп кечки дастурдги трансляциясини ташкил эди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Видео Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги томонидан тайёрланган бўлиб, "Ўзбекистон: Ислом қадамжолари"сериясига киради.
Дастурда барча ҳунармандларнинг олижаноб устози Сузук отага бағишланган меъморий мажмуанинг қурилиши тарихи ҳақида маълумот берилган. Бу одам шаҳар бўйлаб ва ҳатто ташқарида танилган эди. Сузук ота ўз истеъдодлари, халқни бирлаштириш қобилияти, фойда келтирувчи амаллари билан машҳур бўлиб, маҳаллий халқ орасида катта ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган.
Мажмуа 1392 йилда Амир Темур даврида қурилган масжид ва мақбарадан иборат. 2019 йилда ушбу диний бинонинг катта реконструкцияси бўлиб ўтди.
Дастурда иштирок этган Ўзбекистон элчиси Баҳромжон Алоев ўзбек халқининг бой тарихи, маънавий, маданий ва илмий мероси, республикада меъморий обидалар ва қадамжоларни тиклаш ва реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, маънавий меросни ўрганиш бўйича қатор илмий муассаса ва марказлар, жумладан, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқалар ҳақида сўз юритди.
Дипломат, шунингдек, мамлакат сайёҳлик индустриясини ривожлантириш, тарихий шаҳарлар ва замонавий сайёҳлик маршрутлари салоҳияти, инфратузилмани яхшилаш ва модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, визасиз ва соддалаштирилган виза бериш режимларини жорий этиш, шунингдек, Қувайт ва Тошкент ўртасида мунтазам рейсларни йўлга қўйиш ҳақида гапирди.
Кувайт Марказий телевидениеси журналисти ва директори Ҳажар Ал-Муҳанна ўзбек халқининг бой маданий-маънавий меросига юксак баҳо берди:
- Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси кўмагида мамлакатимиз миллий телевидениесида томошабинларимизни Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, шунингдек, ўзбек халқи анъаналари ва келиб чиқиши, буюк аждодларининг жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан таништириш бўйича яхши анъана пайдо бўлди.
Ўзбекистоннинг маърифатли исломни дунёга тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Бугун Тошкент шаҳридаги "Сузук Ота" мажмуаси ҳақида ажойиб ҳужжатли фильм намойиш этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида мақбара ва масжид ҳамда қўшимча меъморий иншоотларни барпо этиш ишлари амалга оширилгани юксак таҳсинга лойиқ. Бу мажмуа ислом оламининг меъморий хазиналаридан бирига айланди.
Ишончим комилки, бундай махсус репортажлар Кувайт аҳолисининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади ва мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик алмашинувларини кўпайтиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ғафлатда_қолманг! Шаввол ойи тугашига оз қолди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти(.
Бугун милодий ҳисоб бўйича 2021 йил 1 июнь, ҳижрий санада эса Шаввол ойининг 20 санаси. Муборак Рамазон ойини кузатганимизга 20 кун бўлди. Яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур" (Зориёт сураси, 55-оят).
Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Муфтий ҳазратлари Султон Саодат қадамжосини зиёрат этдилар
Бугун, 31 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида Термиз яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилдилар. Меҳмонларга Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда.
Маълумки, ушбу қадамжода Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни «Саййидлар султони» дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар ҳам дафн этилган.
Олимлар фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу қадамжо мўмин-мусулмонлар учун жуда ҳам табаррук маскан эканини алоҳида қайд этиб, мажмуани катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, унинг ёнида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барпо этилаётган йирик жоме масжиднинг қурилиш жараёни ва унинг бош лойиҳаси билан яқиндан танишдилар. Муфтий ҳазратлари танишиш асносида жоме масжидни замонавий андозалар ва миллий меъморчилигимизга мос шаклда бунёд этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Ташриф давомида муфтий ҳазратлари Ҳаким Термизий мақбарасини ҳам зиёрат қилиб, Қуръони карим оятлари тиловатидан сўнг, юртимизга тинчлик, қут-барака тилаб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Амир Темур: "Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим"
Соҳибқирон Амир Темур марказлашган давлатга асос солиш билан бирга уни ҳар томонлама мустаҳкамлаб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Мамлакат иқтисодиёти, маданият, илм-фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа ва адабиёт юксак чўққига кўтарилди, деб ёзмоқда “Зарафшон” нашри.
Амир Темур мамлакатда яхлит иқтисодий тизимни шакллантириш ва мустақил молия сиёсатини олиб бориш мақсадида ягона сиёсатни жорий қилди. Иқтисодий ислоҳотларни мамлакатни ривожлантирувчи ва мустаҳкамловчи кучли омил эканлигини англаган ҳолда, молия муносабатлари, аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун ижтимоий ҳимоя ҳамда моддий рағбатлантириш масалалари, ташқи ва ички савдони ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Бу унинг олиб борган сиёсати, аҳолини кам таъминланган қисмига кўрсатган иқтисодий ёрдам чора-тадбирлари, мамлакатлар ўртасида олиб борган ўзаро манфаатли дипломатик алоқаларида ўз аксини топади.
Жумладан, “Тузук”ларида бундай дейди: “Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”.
У моддий ва маънавий рағбатлантиришни жамият, жамоа ва шахсни ҳаракатга келтирувчи улкан куч деб қаради. Моддий рағбатлантириш тизимидан кенг фойдаланиш туфайли амирлар, саййидлар, уламолар, сипоҳларни ўз атрофига бирлаштириб, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлади. Эгаллаган вазифаси ва бажарган хизматига қараб, ишчи-хизматчилари маошини даражама-даража ошириш тизимини жорий этди. Бу ҳозирги замонда амал қилаётган тариф сеткасини эслатади.
Амир Темур бундай тизимни ХIV асрнинг иккинчи ярмида жорий этган бўлса, бизда эса шунга монанд тизим 1992 йилда жорий қилинди.
Қўшинининг жанговарлик руҳини кўтариш, мухолиф кучлар устидан ғалаба қилиш, кўзланган мақсадга тезроқ эришиш учун моддий манфаатдорлик тамойилидан усталик билан фойдаланган. Сипоҳийларнинг ойлик ҳақлари вақтида берилган. Унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатида барқарорликни таъминлашда, раиятнинг турли қатламлари орасида бирликни вужудга келтиришда, турли элат ва миллатларни марказлашган давлат атрофида бирлаштиришда моддий рағбатлантириш тамойилига амал қилиши катта натижаларга олиб келди.
Буни Соҳибқироннинг қуйидаги сўзлари ва амалий ишларида кўриш мумкин:
“хайри эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим;
• амирларим ва сипоҳийларимни мартаба ва унвонлар, зару зеварлар билан хушнуд этдим. Дирҳам ва динорларни улардан дариғ тутмадим;
• саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа диний арбобларга суюрғол белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилдим;
• ҳар эл ва ҳар мамлакатнинг улуғларини, бошлиқ - оқсоқолларини қадрладим, уларга совға-саломлар бериб, хизматларидан фойдаландим;
• аҳли мажлис бўлмиш саййидлар, олимлар, фозил кишилар, ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, қиссахонлар, хабарчилар, тарихчиларга ўз ҳолларига қараб суюрғол, вазифа ва маош белгиласинлар деб буюрдим;
• раият, ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим”.
Шунингдек, Соҳибқирон аҳолининг кам таъминланган табақаларини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш борасида ҳам изчил иқтисодий сиёсат олиб борган. Ишсизлик ўша замонларнинг ҳам катта ижтимоий иллати ҳисобланган. Ўша замонда меҳнат бозори жуда суст ривожланган эди. Шунинг учун ишсизлик гадолар сонининг кўпайишида намоён бўларди.
Амир Темур гадоликка мамлакатни хунук кўрсатувчи омил деб қаради ва бу ижтимоий иллатнинг иқтисодий илдизини йўқотмасдан унинг олдини олиш мумкин эмаслигини аниқ таҳлил қилган ҳолда ижтимоий ҳимоя қилишнинг турли усулларидан фойдаланди.
Биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор табақалари - ожизлар, шол, кўр, чўлоқ, қарилик сабаби билан ишлай олмайдиганлар нафақа билан таъминланди. Маълумотларга қараганда, хазинанинг ўн фоизи шу мақсадда сарфланган.
Иккинчи навбатда, меҳнатга қобилиятли, билагида кучи бор фақиру мискинлар, гадоларни иш ва ҳунар билан таминлаш чора-тадбирлари амалга оширилди: “Яна буюрдимки, ҳар мамлакатнинг гадоларига вазифа юклаб, иш берсинлар, токи шу йўл билан гадолик расми йўқотилсин”. Гадоликни касб қилиб олганлар, нафақа олиб ҳам гадолик қилувчиларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб юбориш жазо чоралари кўрилди.
Амир Темур давлати ижтимоий ҳимоя тизимининг энг муҳим хусусияти шундан иборат эдики, унда аҳолининг турли қатламларига қатъий табақалаштирилган тарзда ёндашилган ва ижтимоий ҳимоя моддий ёрдамга муҳтож бўлган жамият азоларига йўналтирилган. Агар фуқародан бирининг уй-жойи бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар етказиб берилиб, уй эгасига ёрдам кўрсатилган.
Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етса, у улуфадан (маошнинг тури) маҳрум этилмаган ва мартабасидан туширилмаган. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари, албатта, ҳар бир мамлакат ва элатларнинг миллий анъаналари ва урф-одатларига таянган ҳолда амалга оширилган. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимида маҳалла-гузарлар алоҳида роль ўйнаган.
Айниқса, маориф, соғлиқни сақлаш, мусофирларга ёрдам кўрсатиш, сув чиқариш, кўприклар қуриш давлатнинг ёрдамига муҳтож бўлган. Шунинг учун Амир Темур аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар (дарвишлар, қаландарлар, ғариб, мискинлар тўхтайдиган, истиқомат қиладиган жой) бунёд этган, йўловчи мусофирлар учун йўл устига работлар, дарёлар устига кўприклар қурилган.
Ўз навбатида, Амир Темур илмнинг қадрига етган, уни ривожлантиришга астойдил бел боғлаган, дунёнинг энг етук олимлари, тарихчилари билан бемалол суҳбатлаша оладиган донишманд ҳукмдор эди. Шу боис унинг хонадонида фарзандлар (шаҳзодалар, маликалар)га илм-фаннинг турли соҳаларидан сабоқ берилган. Шу туфайли унинг авлодларидан Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Гулбаданбегим, Зебуннисо каби шоирлар, олимлар, муаррихлар, маънавият ва маърифат ҳомийлари етишиб чиқди. Мирзо Улуғбек Самарқандда астрономия мактабига асос солди ва замонасининг илғор расадхоналаридан бирини қурдирди. Бу расадхонада олиб борган илмий тадқиқод ишлари ва изланишлари натижасида, 1018 та юлдуз тарифини ўз ичига олган Зижи жадиди Кўрагоний жадвали жаҳон астрономия фанига улкан ҳисса қўшди ва бутун башариятнинг бебаҳо мулки бўлиб қолди.
Қолаверса, жаҳон адабиётининг буюк намояндалари ҳисобланган Алишер Навоийнинг ижоди, Лутфий ва Ҳусайн Бойқаролар шеърияти, алломалар Қозизода Румий ва Али Қушчи асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг бебаҳо миниатюра расмлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихий “Бобурнома” асари, муаррихлар Ғиёсиддин Али, Шарафиддин Али Яздий, Хондамирларнинг солномалари - барча-барчаси Темурийлар даврининг маҳсулидир.
Бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. У ўз мамлакатидагина эмас, балки бошқа юртларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Дастлаб салтанат пойтахти ҳисобланган Самарқандни дунёнинг энг обод шаҳрига айлантирди. Унинг улуғворлигини кўрсатиш учун шаҳар атрофида Дамашқ, Бағдод, Миср, Шероз, Султония каби дунёнинг машҳур шаҳарлари номлари билан аталган қишлоқлар барпо қилдирди.
Самарқандда Кўксарой, Амир Темур жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси ва масжиди, Қусам ибн Аббос меъморий мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Шаҳрисабзда Дорут-тиловат мажмуи, муҳташам Оқсарой каби иншоотларнинг барпо этилиши Соҳибқироннинг юксак ақл-заковати, ўткир зеҳни, ижодкорлиги ва маърифатпарварлиги намунасидир.
Лола ХАЛИКОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти.
Меҳрангиз МУЛЛАЕВА,
Самарқанд давлат университети талабаси,
Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори.
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идора ходими Келдиёр домла Жўраевнинг қайнотаси Раҳматуллоҳ ота Шариповнинг вафоти муносабати билан билан у кишининг барча оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Келдиёр домла Жўраевнинг оила аъзолари, фарзандлари ва ёр-биродарларига, марҳум отахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси