muslim.uz

muslim.uz

Туркия Президенти Режеб Таййип Эрдўғон ташаббуси билан Истанбулдаги қадимий масжид қайта очилди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, шаҳар марказида жойлашган Таксим диний маскани қурилиши 2017 йил февралда бошланган эди.

Эрдўғон масжиднинг очилиш маросимида иштирок этар экан, ушбу воқеа турклар учун унутилмас кун бўлишини айтди ва у халқи билан бирга жума намозини адо этди.

Мамлакат расмийлари Twitter саҳифасида 1994 йил Эрдўғон Истанбул ҳокими бўлганида олинган видеони намойиш қилган. Ўшанда у бино тепасида туриб, масжид қураман деганди. Қолаверса, лойиҳа тарафдорлари шаҳар марказида мусулмонлар учун ибодат жойлари етарли эмаслигини таъкидлашган.

ЎзА

 

ЎМИ матбуот хизмати

Ресторан спорти жаҳон федерацияси (WFRS) 2022 йилнинг 22 февралидан 24 февралигача Ўзбекистонда биринчи ресторан спорти бўйича WFRS ҳалол чемпионати ўтказилишини эълон қилди, деб хабар бермоқда gosrf.ru.

"Исломий меъёрларга мувофиқ тайёрланган ҳалол ошхонага ер юзининг икки миллиард мусулмон аҳолисида эҳтиёж катта", - дейди WFRS Президенти Александр Рабинович, - "Шунинг учун исломга эътиқод қилувчи кўплаб мамлакатларни ўз ичига олган ресторан спорти жаҳон федерацияси бундай чемпионатни ўтказишга қарор қилгани бежиз эмас. Чемпионат ва турнирларимизда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келаётган ўзбекистонлик дўстларимиздан эса ўз ватанида мусобақаларни ташкил этишга таклиф этаётганимиздан беҳад миннатдормиз".

Эслатиб ўтамиз, ҳалол (арабчада - рухсат этилган) – "Исломда рухсат этилган ва жоиз бўлган барча нарсалар" (ҳаромга зид). Кўпинча, бу анжуман мусулмонларга тўғри тайёрланган ва рухсат этилган таомларга мурожаат қилиш учун ишлатилади. Ҳалол таом – мусулмон урф-одат ва қоидаларига мувофиқ тайёрланган бўлади. Менюда фақат ислом дини рухсат берган маҳсулотлар мавжуд. Бундай овқатни мусулмон ошпазлар тайёрлашади.

Чемпионат ташкилотчиси, Ресторан спорти жаҳон федерацияси (WFRS) ҳозирда дунёнинг 36 мамлакати миллий федерацияларини бирлаштиради ва аъзолик учун янги аризалар доимий равишда қабул қилинади. Федерация қароргоҳи Болгариянинг Бургас шаҳрида жойлашган. Ресторан спорт турлари бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати Россиянинг Сочи шаҳрида 2021 йилнинг 24 сентябридан 26 сентябрига қадар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хайрия амалларига нафақа қилиш ва фақирларга ёрдамлашиш

Рамазон ойида хайрия амалларини бажаришни одат қилган мусулмон бу хайрли ишларини Рамазондан сўнг ҳам давом эттириши лозим бўлади. Ўз молининг маълум қисмини имкон қадар муҳтож ва фақирларни қўллашга сарфлайди. Бу сабабли бойлар ва камбағаллар орасида улфатчилик ва меҳр-оқибат кенг тарқалади. Ҳар бир мусулмон билиши лозимки албатта, Аллоҳ таоло бу сарфланган маблағни унинг саломатлиги ва фарзандлари ҳамда молларида ўрнини тўлдиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзта дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган битта донга ўхшайди (қилинган битта яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишорат қилинмоқда). Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир”. (Бақара сураси, 261-оят).

“Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир”. (Сабаъ сураси, 39-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам боласи нафақа қилгин сенга нафақа қиламан”.

Бухорий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бевалар ва мискинлар ёрдамига шошилган Аллоҳ йўлида жиҳод қилган каби ёки кечаси қоим бўлиб кундузи соим бўлгани кабидир”.

Бухорий ривоят қилган.

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уч нарсага қасам ичиб айтаман ёдлаб олинглар: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”.

Термизий ривоят қилган.

(Давоми бор)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

Кеча, 28 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Даўқара” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги қурилган “Абдулкарийм Ахун” жоме масжиди очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Саулаубай Мамбеткадиров, Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси Шамсиддин домла Бауатдинов, мутасадди вакиллар, имом домлалар, овул аҳли иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан нотиқлар масжид аҳлини жоме билан муборакбод этиб, юртимизда диний-маърифий соҳада қилинаётган ишлар ҳақида сўзлади, илиқ тилаклар билдирди. Шунингдек, унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Саулаубай Мамбеткадиров жоме ходимларига масжиднинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани топширди.

Масжиднинг очилиш маросими кунларнинг улуғи муборак жумада ҳудуд аҳлиги туҳфа бўлди, унда тадбир қатнашчилари жамоат бўлиб жума намозини адо этиб, намозхонлар билан хайрли дуолар қилинди.

Маълумот учун, масжид қурилиши соҳоватпеша инсонлар кўмаги ва халқ ҳашари йўли билан 2021 йил бошида бошланиб, ҳозирга келиб тўлиқ битказилган. Шу билан мамлакатимиздаги масжидлар сони 2091 тага, Қорақалпоғистонда эса 55 тага етди.

Жоме 120 нафар намозхонга мўлжалланган катта хонақоҳ, бир вақтнинг ўзида 15 киши фойдаланиши мумкин бўлган замонавий таҳоратхона ва маъмурият хоналарини ўз ичига олган. Катта гумбаз ва бинога қўшилиб кетган икки минора масжидга ўзгача кўрк бериб турибди.

Масжид ўз даврининг маънавият ва маърифат нурини тарқатган дин пешвоси, уламо, кўплаб толиби илмларининг устози бўлган Абдулкарийм Ахун номига қўйилди. Ҳозирда республика қозиёти томонидан масжидга имом-хатибликка номзоднинг ҳужжатлари мутасадди ташкилотларга юборилган.

Аллоҳ таоло ушбу байтуллоҳнинг қиёматгача мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини, унинг барпо бўлишига ҳисса қўшганлар бандаларига ваъда қилган ажру мукофотларни кўпайтириб беришини, бундан хайрли ишлари бардавом бўлишини насиб қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top