muslim.uz
Гумон
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Гумондан четланинглар. Чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Бировларнинг айбларини ахтарманглар. Ва сўзларига қулоқ тутманглар, яъни жосуслик қилманглар. Бирор нарсага фақат ўзингиз эга бўлишга ошиқманг. Ҳасад қилманг. Бир-бирингизга ғазаб қилманг. Ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, сизларга буюрилганидек биродар бўлинглар».
Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам зарур бўлган фойдалар ва одобларни ўз ичига олган.
1-Гумон. Бу ердаги гумон билан қилинадиган амаллардан огоҳлантириш, ижтиҳод ўрни ва шаръий ҳукмлар манбаси бўлган гумондан қайтариш эмасдир. Ижтиҳодий гумон бу шаръий далиллардан бир ҳукмни яхшилаб тушунишдир. Қайтарилаётган гунон эса мусулмон ҳақида далилсиз ёмон ўйлаш ёки у билан бирор кишига зарар бериб қўйиши мумкин бўлган гумондир. Бунга далил сифатида:
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир..» Ҳужурот сураси, 12 оят.
Сўзларнинг энг ёлғони деб сифатланган гумон ҳақида мушкуллик юзага келди. Шу билан бирга гумонга суянмай атайин айтилган ёлғон, гумонга суяниб айтилган ёлғондан кўра ёмонроқдир. Соҳибини у сабабидан залолатга кетиши кўпроқдир. Унинг насфга қолдирган изи атайлаб айтилган ёлғоннинг изидан каттароқдир. Шкнингдек, одамлар орасида қолдирадиган изи ҳам каттадир.
2-Бировнинг айбини аҳтариш ва жосуслик қилиш. Гумон қилишдан огоҳлантиришдан сўнг бу иккисининг зикр қилиниши жуда ҳам ўринлидир. Чунки гумон қилувчи айтадики: "Ҳақиқатни билиш учун текширяпман", деб, у одамга ҳам "Жосуслик қилма" дейилади. Жосуслик қилишликдан фақат бирор кишини ҳалокатдан қутқариб қоладиган ҳолат бўлсагина қайтарилмайди. Масалан бирор ишончли киши бир кишини фалончи зулм қилиб ўлдирмоқчи деса бу ҳолатда шариат уни қидириб, жосуслик қилишга руҳсат беради.
3-бирор нарсани фақат ўзиники бўлишга ошиқиш. Масалан савдо сотиқ ишларида кузатиладиган ҳолатлар каби.
4-бир-бирингизга ҳасад қилманг. Ҳадиснинг зоҳири икки киши тарафидан баравар содир бўладиган ҳасаддан наҳий қилмоқда. Лекин бу наҳий икки ва ундан кишини ўзи билан чекланиб қолмайди. Гарчи бир киши ҳасад қилса ҳам бу мазаммат қилинади, уни қилишдан қайтарилади. Фарқи йўқ, ҳасаднинг сабаби бировга берилган неъматни ёмон кўриш бўладими, ёки ўша неъматни ҳасадчига ўтиб қолишини хоҳлаш бўладими баробар. Ўша нарсага эришадими йўқми бу ҳам тенг. Агар бу мақсадга эришиш учун ҳаракат қилса боғий бўлади. Агар ожизлиги учун ҳаракат қилмаса бу гуноҳ бўлади. Агар тақво қилиб ҳаракат қиламаса, узр бўлади. Чунки у нафсидаги ёмон руҳий ҳолатини даф қилолмайди. Унга нафсига қарши курашиши етарли бўлади.
“Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”.
5-Бир-бирингизга ғазаб қилманг. Буни ҳам икки киши тарафидан содир бўлиши шарт эмас. Аллоҳ таолодан бошқаси учун ғазабланиш мазаммат қилинган ишлардандир. Аммо бир кишига Аллоҳга исён қилаётгани учун ғазаб қилиш вожиб ва бунга савоб ҳам олади.
6-бир-биридан орқа ўгириш бу, бир кишига душманлиги учун, ҳақорат қилгани учун, ёрдам бермагани учун, ўзбошимчалик қилгани учун, тортишиб қолгани учун ёки салом бермагани учун орқа ўгиришдир.
7-Аллоҳнинг бандалари биродар бўлинглар. Яъни қондош ака-укалардек бўлинглар. Бу буйруқ шафқат, раҳмат, муҳаббат, ҳамдарлик каби биродарлик талаб қиладиган барча яхши ҳислатларни ўз ичига олган. Сизлар Аллоҳ таолога Банда бўлишликда баробарсиз ва бир миллат қилингансиз. Ва кимнинг иши мана шундай бўлса, ундан инкор қилинадиган ишлар содир бўлмаган бўлади. Улар ҳудди қондош ака-укалардек бўлишлари вожиб бўлади.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
Олов билан азоб бериш шаръан ҳаром (видео)
Аслиятни атайин бузиб талқин этиш хиёнатдир!
Бугунги кунда экстремистик кайфиятдаги мутаассиб шахслар томонидан “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни атайин аслиятидан бузиб талқин этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай қарашларга ҳали Исломни яхши тушунмайдиган кишилар, айниқса, ёшлар кўп чалғимоқда, оқибатда уларнинг ширин ҳаёти буткул издан чиқмоқда.
Бу каби тушунчалар аслида қандай изоҳланиши ва уларни ғаразли талқин этишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида қуйида баён этилади.
Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчилар ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни турли шахсларнинг фикрларига таянган ҳолда интернет сайтларида талқин этмоқдалар. Бундай талқин ёшлар онгида Ислом гўё, ёвузликка, жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги экстремистик руҳдаги кўплаб материаллар инсонларни “жиҳод” қилишга, сабабсиз ўз юртидан “ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолса, оқибати қандай аянчли якунланиши кундай равшан.
Мана шундай тушунчаларни ғаразли талқин этадиганлардан бири “Абдуллоҳ Зуфар” исмли шахсга маҳаллий забардаст уламолар ҳамда Саудия Арабистонида, Мисрда, Туркияда фаолият кўрсатаётган аҳли илмлар ёппасига унга очиқ эътироз билдиришган.
Жумладан, Абдуллоҳ Зуфар ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган маърузасида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритган. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:
“Талаб жиҳоди” ҳозир йўқлигига уламолар ижмо (иттифоқ) қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган.
“Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Абдуллоҳ Зуфар фиқҳий манбалардаги “Мудофаа жиҳоди”га тааллуқли масалаларни муайян давлат фуқароларини ўзи яшаб турган юрт ҳукуматига қарши қайрашда айёрлик билан фойдаланиши унинг асл мақсадини фош қилади.
Аслида “Мудофаа жиҳоди” ҳар бир фуқаронинг дини, қадриятлари ҳамда Ватани олдидаги бурчидир. Ушбуларга қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши туриб, уларни ҳимоя қилиши нафақат кишининг диний, балки инсоний бурчидир.
“Мудофаа жиҳоди” ҳам ҳаммага фарзи айн бўлмайди. Имом Абу Ҳанифа ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Чунки, Мадинаи мунавварага Макка мушриклари ҳужум қилганида баъзи саҳобалар маълум сабабларга кўра мудофаа жанггига чиқа олмаганлар.
Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилган:
وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا
яъни: «Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган» деган (Нисо сураси, 95-оят).
Аллома алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ушбу оятда мужоҳидлар ва жиҳодда иштирок қилолмаганларга ҳам жаннатни ваъда қилди. Агар жиҳод ҳамма ҳолатда фарзи айн бўлганда эди Аллоҳ унда иштирок этолмаганга жаннатни ваъда қилмас эди. Чунки унда иштирок этмаслик ҳаром бўлар эди” (Бадоиъ ас-саноиъ. 7-жуз. 380-бет).
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки муқаддас динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. А.Зуфар кабиларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши мумкин эмас.
«Нисо» сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “жиҳод” сўзи айрим кимсалар иддао қилаётганидек “уруш” маъносини англатмайди. Араб тилида уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун, асосан, “қитол” сўзи ишлатилади. "Жиҳод" сўзининг луғавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум даврларда халқларнинг босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Кейинчалик ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, “жиҳод” кўпроқ қўлланиладиган бўлди.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишяпти. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остида амалга оширилаётган қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқ давлатларида бўлаётган худкушликлар оқибатида бегуноҳ қариялар, аёллар ва ёш болаларнинг ўлими кўпайгани жуда ачинарли ҳолдир.
Ислом душманлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш учун интернет – “ўргимчак тўри”дан жуда усталик билан фойдаланишмоқда. Биргина "Facebook" ижтимоий тармоғида турли тилларда бир қанча гуруҳлар очиб, сохта ғояларини мунтазам равишда тарқатиб, кўпайтириб боришяпти.
Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг террорчилар хусусида айтган қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”
Муқаддас Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом дини ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати
Покистонда ота-она турмушга чиқмаган болалари учун жазоланади
Покистоннинг Синд вилоятида фарзандлари вояга етгач, турмушга чиқмайдиган ота-оналарга жарима солиш таклиф қилинди, деб хабар бермоқда islam.ru.
Ислом мамлакатининг консерватив альянси вакили, сиёсатшунос Сайед Абдул Рашид томонидан илгари сурилган қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшга тўлган фуқаролар ўз никоҳларини расман рўйхатдан ўтказишлари керак бўлади. Талаб бузилган тақдирда уларнинг ота-оналари 500 рупий миқдорида жарима тўлайди.
Қайд этилишича, қонун Синд Ассамблеясининг бир неча аъзолари томонидан аллақачон тасдиқланган.
Рашиднинг айтишича, бундай чоралар жамиятдаги жиноятлар сонини камайтиришга ёрдам беради. Сиёсатчига кўра, аҳолининг анъанавий қадриятлардан бегоналашуви ижтимоий муаммоларнинг ортишига олиб келади. Қонун лойиҳасининг бир қисми сифатида у ҳеч нарса никоҳга тўсқинлик қилмаслиги ва жараённи секинлаштирмаслиги учун келиннинг мажбурий сепини бекор қилишга чақирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазондан сўнг нима қиламан? (олтинчи мақола)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тўғри сўзлик ва тилини ва аъзоларини Аллоҳ харом қилган ишлардан тийиш
Рамазон ойида тўғри сўзликни одат қилган ва тилни ёлғон, ғийбат, чақимчиликдан эҳтиёт қилган мусулмон йилнинг бошқа даврида ҳам бу маъсиятлидан эҳтиёт бўлиши ва бу ишларга қайтмаслиги керак. Аллоҳ таоло бу борада шундай дейди:
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”! (Тавба сураси 119-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта тўғри сўзлик яхшиликка етаклайди, ва албатта яхшилик жаннатга етаклайди. Бир инсон доимо тўғри сўзлайди, натижада у содиқлардан бўлади. Ёлғон эса фожирликка етаклайди, фожирлик эса дўзахга етаклайди ва бир киши доимо ёлғон гапирса у Аллоҳ олдида ёлғончи деб ёзилади”.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ таоло айтади: Эй мўъминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейпшни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. (Ҳужурот сураси 12-оят).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”- деганларини эшитдим.
Муслим ривоят қилган.
Силаи раҳм қилиш
Рамазон ойида қариндошлик ришталари боғлиқ бўлиб турган бўлса, мусулмон инсон бу ришталарни давом эттириши керак ва билиши керакки Аллоҳ таоло қариндошларга яхшилик қилишга амр қилган ва бу амал ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу борада шундай дейди: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз. Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир”. (Нисо сураси 1-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: “Кимки ризқи кенг бўлишини, ўзгаларга таъсири узоқ бўлишини ҳоҳласа силаи раҳм қилсин”.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Силаи раҳм аршга муаллақ туради ва дейди кимки мени боғласа Аллоҳ уни боғлайди, кимки мени узса Аллоҳ уни узади”.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
(Давоми бор)
Манба: islamtoday.net
Муҳаммадали таржимаси